Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:23

Янги алифбога ўтишнинг янги муддати белгиланди. Олдинги муддат 2010 йил эди


10 февралида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2023 йил 1 январдан бошлаб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтиш ҳақидаги қарори эълон қилинди.

Ўзбек ёзувини кириллдан лотинга ўтказишга доир илк ҳужжат имзоланганига 28 йил бўлди. 1993 йили қабул қилинган қонунга биноан ўзбеклар лотин ёзувига асосланган янги алифбога бундан 11 йил муқаддам тўла ўтиб бўлган бўлиши керак эди.

Ҳукумат қарорларининг анъанавий “йўл харитаси”

10 февралда қабул қилинган, кирилл алифбосида ёзилган қарорнинг биринчи иловасига уни амалга оширишнинг “Йўл харитаси” тиркалган. Ҳужжатнинг кейинги иловасида уни амалга оширувчи ҳукумат аъзолари, жамоат арбобларидан иборат комиссия вакилларининг исми-шарифлари мавжуд.

Қарор ижросига масъул номдор шахслар орасида орасида Бош вазирдан Ёзувчилар уюшмаси раҳбаригача, Ҳукуматнинг 15 нафар аъзосидан бир сиёсий партиянинг раисигача бор. 27 нафар масъуллар орасида тилшунос олимлар, адабиётчилар улар аъзоси ёки ходими бўлган уюшма ёки ўқув юртлари раҳбарлари тимсолида мавжуд, холос.

Кейинги йилларда чиққан ҳукумат қарорларининг анъанавий йўл хариталарига монанд қабул қилинган “Йўл харитаси” лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг норматив ҳуқуқий ҳужжатлар базасини ишлаб чиқишдан бошланади.

Ҳолбуки, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг норматив ҳуқуқий ҳужжатлар базасини яратиш борасидаги илк ҳуқуқий ҳужжат — «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1993 йил 12 октябрда жорий қилинган.

Мазкур Қонунни амалга оширувчи комиссия таркибида ҳам бугунги қарор амалиёти учун масъул 27 идоранинг 22 нафар собиқ раҳбарлари бор эди. Қонунда 2010 йил 1 сентябрдан мамлакатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига сўзсиз ўтилиши белгиланганди.

Эски ҳужжатга кийдирилган янги муқова

28 йил аввалги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида босқичма-босқич лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қоидаларини яратиш, бу борада давлат дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш талаби қўйилганди.

Ҳукуматнинг 10 февраль кунги қарорининг биринчи иловаси 2-бандида ҳам худди шу талаблар қўйилган.

Яъни, комиссия қоидаларни ишлаб чиқади, алифбони тузатади ва уни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштиради.

Янги ҳукумат қарори лексикони “лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини лингивистик экспертизадан ўтказиш” сингари бирмунча замонавий жумлалар билан бойитилгани ва ижро муддати 17 йилдан 2 йилга қисқарганини ҳушёр одам дарров фарқлайди.

Олимлар пессимистик кайфиятда...

Озодлик суҳбатлашган адабиётшунос олим Бахтиёр Исабек шу пайтгача амалга ошмаган ислоҳот энди амалга ошармиди, деб, шубҳаларини яширмади:

“Ҳатто бугунги Ҳукумат қарорининг ўзи кирилл алифбосида чиқибди-ку! Бунисига нима дейсиз? Бу ислоҳотни амалга ошириш механизмлари заиф. Шунга қарамай, ҳукумат агар истаса, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига қийинчилик билан бўлса ҳам ўтса бўлади. Лекин бунга ишончим сал камроқ”.

Филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошевга кўра, алифбога ўтиш жараёнини давлат тилига амал қилиш жараёни билан параллел олиб бориш зарур:

“Алифбо ва давлат тили муаммоси айни бир пайтда аҳамияти бир-биридан кам бўлмаган муаммолардир. Агар ҳукумат истаса, бу ислоҳотни амалга ошириш мумкин. Ҳатто бундай ислоҳот туркий тилли давлатлар бирлашуви йўлидаги илк қадам бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун алифбодаги камчиликлар деган кичик муаммоларни кейинга қолдириб, жараённи тезлаштириш керак”.

Жараённни тезлаштириш учун ҳукумат нима қилмоқчи?

Ҳукумат қарорига мувофиқ, яқин бир йилда шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномалари, иш қоғозлари, турли бланклар, жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонларнинг лотин ёзувида бўлиши таъминланади.

Марказий, маҳаллий босма ва электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилади.

Инновация вазирига инновацион топшириқ

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси жорий қилиниши айниқса совет даврида таълим олган катта авлод вакиллари учун бирмунча ноқулайликлар туғдиради.

Оммавий ахборот воситаларининг мазкур ёзувга ўтиши, жамоат жойларидаги пешлавҳаларнинг, ўқув адабиётларининг ўзгариши янги алифбода саводи йўқларни қийнаб қўяди. Ёки тескариси — кириллда яратилган ресурслардан янги авлод вакиллари бебаҳра қолиш хавфи бор.

Қарорда айнан шу муаммони баратараф қилиш мақсадида Инновация вазирлигига янги дастурий таъминотлар, конвертерлар ишлаб чиқариш мажбурияти юкланган.

Тошкентлик интернет дастурчиси Салим Шораҳмедовга кўра, ҳозирда интернетнинг GOOGLE тармоғи атиги бир неча сонияда матнларни ўнлаб лотиндан кириллга, кириллдан лотинга ўгирувчи шундай дастурларни чиқариб беради.

Бироқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг ўзи мукаммал бўлмагани учун дастурий таъминотда камчиликлар етарлидир.

Алифбо масаласи нега ҳукуматнинг эсига тушиб қолди?

Қарорни шарҳлаган Адлия вазирлиги мулозимига кўра, Ўзбекистон Республикаси президентининг вирутал қабулхонасига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини яратиш юзасидан бир неча минг мурожаат тушган. Соддароқ қилиб айтилса, халқ шуни истамоқда.

Озодликнинг мобил мухбирларига кўра, зиёлилар тўпланадиган гўшаларда тил ислоҳоти собиқ президент Каримовнинг ҳам, жорий давлат раҳбари Мирзиёевнинг ҳам ўзига хос пиари экани ҳақида гапирилмоқда. Яъни, мақсад сайловлар олдидан омманинг оғриқли муаммосига эътибор қаратишдир.

9 февраль куни Мирзиёев Президент Конституцияга сайловлар санаси билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга мувофиқ, бу йилги президент сайловлари 24 октябрда ўтиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG