Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Блог. "Эр сотилади, бузилмайдиган арзон эр!"


Шер сотилганини эшитганман. Масалан, ҳайвонот боғига.

Шеър сотилганини эшитганман поп-юлдуз, поп-юлдузкаларга.

Мэр ҳам сотилганини эшитиб қоласиз - шаҳар ҳокимини айтяпман.

Лекин эр сотилганини эшитмагандим.

Эр бўлгандаям, “бузулмайдиган эр”нинг сотилганини.

Йўқ, йўқ, адашдим: 90 йиллар бошида Юлдуз Усмонова Мурод Ражабовни 20 тийинга сотиб олганийди -“Темир эркак” фильмидаги ҳангомани айтяпман.

Ўшандан бери Усмонова - Юлдуз опага, Ражабов - Мурод бобога айланди.

Каминанинг ҳам сочи оқариб, чалпакка ўраб ташласа, ит емас ҳолга етдим.

Кўп нарсани кўрдим, ҳайратланиб чарчадим, деб ўтирсам, бояроқ бир ҳамкасбим АйПадидан бир сурат кўрсатиб қолди – бир эълон суратини.

“Эр сотилади, бузулмайдиган эр”, деган эълон.

Телефони ҳам берилган.

Ҳамкасбим занг урди:

"Эрфуруш" билан савол-жавоб
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:30 0:00
Бевосита линк

Ҳаа, демак, Эр эмас, Ер сотилар экан!

Роса кулдик, кулишдик.

Кулишдигу кейин узоқ ўйландик.

Кимдир у деди, кимдир бу.

Охир-оқибат бир қарорга келдик: эълон муаллифи ўзбек ёзуви ислоҳоти қурбони бўлса керак. Унинг саводи лотин ёзувида чиққан. Лекин бу ёзувни биладиганлар авлоди ҳали ёш, чўнтагида хемири йўқ. Эрнинг, йўғе, Ернинг потенциал харидори эса, кирилчилар орасида.

Маркетинг, деб қўйибди буни!

Таргетга уриш, деб қўйибди.

Ҳамкасблар баҳсидан чанг чиқаяптию мени хаёл бошқа ёқларга олиб кетди.

Бошлаб қўйган иши - ёзув ислоҳотига - туя гўшти едириб, миллатни бир-бирини тушунмайдиган лотинчилар ва кирилчиларга айлантириб қўйган ҳукуматни “алқадим”.

Вой алқадиме, айлантириб ҳам, ўргилтириб ҳам алқадим.

Кейин бошқа нарсани ўйладим:

чиндан ҳам хотинлар эрларини сотишни бошласа, масалан, неварамнинг бувиси мени неча пулга сотаркин?

Сотаман, дегани билан иш битиб қолмайди.

Муҳими мени биров олармикан?

Олса, неча пулга оларкин?

Умуман, нархим қанча?

Ҳўўв, ҳамжинс, Сиз ҳам ўзингизга шундай савол бериб кўрганмисиз?

Бериб кўринг.

Бефойда бўлмайди.

XS
SM
MD
LG