Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:36

Шодиевлар бошқарувига берилган компанияларнинг бирида портлаш, иккинчисида раҳбарият ўзгарди


Абдулла Арипов 20 январь кунги мажлисда SFI Management Group бошқарувини танқид қилган
Абдулла Арипов 20 январь кунги мажлисда SFI Management Group бошқарувини танқид қилган

20 январь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖнинг Бекободдаги бош офисига бориб¸ завод раҳбариятини ишдан олди.

Кузатув кенгаши ҳамда комбинат раҳбариятининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида Бош вазир Жаҳонгир Мустафоевни бошқарув раиси лавозимидан олиб ташлаб¸ ўрнига Рашид Пирматовни тасдиқлади.

Айни мажлисда бошқарув раисининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари¸ хориж фуқароси Сергей Анатольевич Чайковский ҳам ишдан олиниб¸ унинг ўрнига Дилшод Aҳмедов тайинланди.

Чоршанба кунги мажлис иштирокчиларидан бирининг Озодликка айтишича¸ унда Металлургия комбинатини кейинги уч йил давомида бошқариб келган SFI Management Group раҳбари Қобул Шодиев қатнашмаган.

Бу¸қолаверса¸ мазкур гуруҳ бошқарувининг Арипов томонидан танқид қилингани¸ Ўзбекистон металлургия секторига алоқадор мулозим тахминича¸ Меткомбинатнинг SFI Management Group ишончли бошқарувидан чиқарилишидан дарак бўлиши мумкин.

Айни 20 январь куни Шодиевларнинг SFI Management Group ишончли бошқарувига топширилган давлат компанияларидан яна бири - Янги Ангрен Иссиқлик электр станциясида портлаш содир бўлди.

Уч одам ўлимига сабаб бўлган бу портлаш билан Шодиевларга қарашли компанияда Бош вазир ўтказган фавқулодда йиғин ва кадрлар алмашинуви ўртасида боғлиқлик бор-йўқлиги ҳақида ҳозирча Озодликда аниқ маълумот йўқ.

20 январь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 да Озодлик боғланган SFI Management Group вакили¸ "мажлис ҳали тугамагани боис¸ унинг якуни ҳақида маълумот бера олмаслиги"ни айтиш билан чекланди.

Арипов ўтказган фавқулодда мажлис

20 январь куни Марказий Осиëдаги энг йирик металлургия заводларидан бири бўлган “Ўзбекистон металлургия комбинати”да шахсан мамлакат Бош вазири йиғилиш ўтказди.

"Мажлис арафасида Бекободдаги завод ҳудуди Миллий Гвардия ва ИИВ ходимлари томонидан ўраб олинди"¸ - дейди мажлис тафсилотлари ҳақида Озодликка хабар берган иштирокчилардан бири.

"Ўзбекистон металлургия комбинати"нинг 20 январь куни Абдулла Арипов тайинлаган янги раҳбарлари.
"Ўзбекистон металлургия комбинати"нинг 20 январь куни Абдулла Арипов тайинлаган янги раҳбарлари.

Бош вазир келишидан олдин ҳамма ëқ оцепление қилинди. Арипов Мустафаев Жаҳонгир Ибодуллаевични олиб ташлади (собиқ Бош прокурор Бўритош Мустафаевнинг қариндоши -таҳр.). Ўрнига Пирматов Рашид Ҳусановични тайинлади бу лавозимга.

Арипов роса танқид қилди ГБЖни (горячебрикетированное железо-таҳр.) нимага қимматга оляпсанлар¸ деб. Ваҳоланки¸ ГБЖ тепанинг топшириғи билан Алишер Усмоновнинг Лебединский Горнообогатительний комбинатидан жуда қимматга олинаëтганини ўзи ҳам¸ президент ҳам жуда яхши биларди. Шахсан Абдулла Арипов шуни айтганидан биз шокда. Раис ўринбосарларини турғизиб, нимага қарамагансизлар¸ деди. Лекин очиғи шоуга ўхшади”¸ - дейди 20 январь кунги мажлис қатнашчиларидан бири.

20 январь куни “Ўзбекистон металлургия комбинати”да Бош вазир иштирокида мажлис ўтказилгани ҳақида хабар берган комбинатнинг Телеграмдаги расмий канали¸ ишдан бўшатилган раҳбарлар ҳақида лом-мим демади. Бунинг ўрнига завод бошқарувига “малакали ва тажрибали мутахассис, ишлаб чиқариш ташкилотчилари” тайинланганини билдириш билан чекланди.

SFI Management Group раҳбари мажлисда қатнашмади

Озодлик суҳбатдошининг таъкидича¸ 20 январь кунги йиғилишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарлари¸ Меткомбинатнинг Вазирлар Маҳкамасидаги кураторлари қатнашгани ҳолда¸ заводга қарийб 4 йилдан бери ишончли бошқарув асосида эгалик қилиб келган SFI Management Group раҳбарлари¸ хусусан¸ Қобул Шодиев қатнашмаган.

Арипов Антимонопол қўмита раҳбарига Узавтога ëпишмасдан¸ Меткомбинатга қарасанг бўлмайдими¸ деган аччиқ гап қилди. Қобул билан телефонда гаплашдим¸ Мустафоевнинг ўрнига Пирматовни қўйишни согласование қилдим¸ деб гапирди. SFI Management Group раҳбари йўқ мажлисда¸ уни танқид қилди. Чайковский Шодиевларнинг асосий одами эди. Унинг олиб ташланиши¸ Шодиевларнинг мажлисга келмаганидан энг тепадагилар билан Шодиевлар ўртасидаги муносабат бузилган кўринади. Бугунги мажлисдан кейин завод SFI Management Group бошқарувидан олинади¸ деган гап чиқди. Чунки Арипов "такая управляюшчая компания нам не нужна" деб айтди. Лекин бу ўйин ҳам бўлиши мумкин”¸ - дейди 20 январь кунги мажлис иштирокчиларидан бири.

Меткомбинатнинг Озодлик гаплашган мулозимларидан яна бири¸ шахси сир қолишни сўраб¸ SFI Management Group ишончли бошқарувига берилган айрим давлат компанияларида текширув бошланганини билдирди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида текширув бўляпти. Бизга ҳам текширув келади, дейишди. Тахминларга кўра¸ ҳужжатларни қалбакилаштириб¸ катта миқдорда металлопрокат ўғрилик бўлган дейишяпти. Қанақадир ўйин кетяпти. Чунки заводдаги фирибгарлик ва ўғриликлардан энг тепадагининг ўзи жуда яхши хабардор. Фақат прокуратурага ҳозиргача кўз юмиш¸ ҳеч нима қилмаслик буюрилганди. SFI Management Groupнинг хавфсизлик бўйича директори Ўзбекистон бош прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Матиев Шерзод Раимович эди. Бу одамнинг асосий иши прокуратурани заводда бўлаëтган ишларни текширишга яқинлаштирмаслик эди. Ҳозир унинг ҳам бошида қора булут юрибди¸ дейишди”¸ - дейди Меткомбинат бошқарувига яқин Озодлик суҳбатдоши.

Бу ва Озодлик гаплашган бошқа мулозим¸ “Ўзбекистон металлургия комбинати”даги кадр ўзгаришларининг мазкур завод тақдирига оид белгиловчи қарорлар қабул қилинишидан олдин амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистонда каттаю кичик давлат корхоналарини хусусийлаштириш¸ уларни хусусий ширкатларга инвестицион мажбурият билан ҳатто текинга бериб юбориш режаси эълон қилинди. Ана шу жараëнда Меткомбинат ҳам сотиб юборилиши мумкин. Уни оламан деган акулалар кўп¸ хусусан¸ Биринчи оилага алоқадор одамлар ҳам заводни назоратга олиш учун талашяпти. Завод раҳбариятидаги бугунги ўзгариш ана шу жараëндан кичик бир эпизодга ўхшаяпти”.

Шодиевларга билдирилган ишонч

Шавкат Мирзиëев президентликка келгач¸ бошқарувнинг Ўзбекистонда аввал кўрилмаган шакли "тажриба тариқасида" амалиëтга киритилди ва давлат компанияларини хусусий тадбиркорлик субъекти "ишончли бошқаруви"га бериш бошланди.

"Ишонч" билдирилган" хусусий тадбиркорга давлат мулки бўлган компанияни "мустақил равишда эркин иқтисодий қонуниятлари асосида ҳамда давлат органларининг таъсиридан мутлақо холи ҳолда бошқариш" ваколати берилди.

Бундай тажриба жорий этилиши ортидан 2017-2018 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ва президент қарорлари билан Марказий Осиëдаги энг йирик металлургия заводи саналган "Ўзметкомбинат"¸ шунингдек Олмалиқ кон-металлургия комбинати¸ "Ўзвторцветмет" заводини бошқариш¸ қолаверса Тошкент металлургия комбинатини қуриш SFI Management Groupга берилди.

Бу қарорларда мамлакатнинг энг йирик саноат объектларидаги давлат улушининг нима учун айнан 2017 йил январида таъсис этилган хусусий МЧЖ ишончли бошқарувига берилганига бирор изоҳ берилмади.

Озодликнинг 2020 йилги суриштируви давомида Ўзбекистон энергетик секторидаги белгиловчи объектлар саналадиган “Ўзбеккўмир”¸Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станциялари бошқарувининг ҳам жамоатчиликка очиқланмасдан айни SFI Management Groupга берилгани ўртага чиққан эди.

Мамлакат бюджетининг камида 10 фоизини бериб келган бу давлат компаниялари нега ëппасига битта қўлга - SFI Management Groupга берилди? Агар бу компаниялар бошқарувини яхшилаш зарурати¸ қарорларда иддао қилинганидек¸ чиндан ҳам бўлса¸ нега бу жараëн очиқ ва шаффоф бўлмади. Бир қисми Бош вазир ва президентнинг бирор жўяли асос келтирилмаган қарорлари¸ бошқаси махфий фармонлар орқали на ўтмиш тажрибаси¸ на давлат активларини бошқариш малакаси бўлмаган бир неча ойлик гуруҳга берилди? Нега очиқ ва ҳалол тендер ўтказилмади? “¸ - деган эди бу жараëндаги махфийлик ва шубҳали жиҳатларни кескин танқид қилган Тошкент ҳукумати мулозимларидан бири.

SFI Management Group 2017 йил январида¸ Шавкат Мирзиëев президентликка сайланиши ортидан таъсис этилган.

Расмий сайтида компаниянинг хорижий МЧЖ экани ва “корхоналарни бозор муносабатларига мослаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, хорижий мутахассислар ва инвестицияларни жалб қилишда фаол иштирок этиш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган”и иддао қилинган.

“Очиқ бозор шароитида замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш”ни даъво қилган гуруҳ расмий сайтида на унинг таъсис ҳужжатлари¸ на кимга қарашли экани ëхуд бошқарувчиларига оид бирор маълумот йўқ.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги энг йирик ва сердаромад давлат компанияларини бошқаришни ҳеч бир рақобатсиз қўлга ола бошлаган бу гуруҳ¸ маҳаллий ва Россия матбуоти хабарларида¸ асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли деб кўрилди.

Аммо Forbes журналининг русча нашри 2018 йил 20 декабрда чоп этган интервьюда Алишер Усмонов бу гуруҳнинг мулкдори бошқа бир ўзбек миллиардери Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиев эканини айтди. Айни пайтда Усмонов ўзининг “Металлоинвест” компанияси SFI Management Group билан ҳамкорликда ишлашини билдирди.

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик мулозим ва тадбиркорлар¸ компаниянинг асл эгаси Қобул эмас¸ Алишер Усмоновнинг курсдоши ва бизнес ҳамкори Фаттоҳ Шодиев эканини таъкидлаган эди.

Озодликнинг мазкур гуруҳ ҳақидаги мақолаларига муносабат билдирган "Шодиев Халқаро фонди" Фаттоҳ Шодиевнинг SFI Management Groupга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини иддао қилди.

Озодликка юборилган ëзма изоҳда шунингдек¸ Фаттоҳ Шодиевнинг Ўзбекистон ҳудудида "Шодиев Халқаро фонди" орқали фақат хайрия фаолияти билан шуғулланиши алоҳида таъкидланди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG