Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:12

"Бу совуқда онлайн таълим яхши эди, аммо интернет йўқ" - ўқувчилар совуқ синфхоналарга қайтмоқда


Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги аксар мактабларда ўқувчилар совуқ хоналарда ўқишга мажбур бўлмоқда
Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги аксар мактабларда ўқувчилар совуқ хоналарда ўқишга мажбур бўлмоқда

Ўзбекистонда мавжуд 10 мингга яқин мактабнинг аксарида 11 январдан қишки таътил тугаб, ўқувчилар яна синфхоналарга - анъанавий дарсларга қайтади.

Мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати -20 даражагача тушиб кетган, аномал совуқ кузатилаётган шу кунларда мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар синфхоналарни иситиш ташвиши билан банд.

Халқ таълими ҳудудий бўлимларидан олинган маълумотга кўра, ҳокимиятлар мактаблар учун сифатли кўмирни етказиб бермоқда, айрим ҳудудларда табиий газ ҳам бор.

Аммо мактаб жамоаларига кўра, электр токи узилса, кўмир ва газнинг ўзи билан мактабни иситиб бўлмайди. Халқ таълими вазирлиги мавсум бошида республика бўйлаб куз-қиш мавсумида мактабларнинг иситилишига ҳокимликлар масъул эканини эслатганди.

Электр тармоқлари идоралари эса, электр таъминотидаги муаммолар билан боғлиқ саволларни очиқ қолдирмоқда, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Озодликнинг бу борадаги расмий мурожаатига ҳануз жавоб бергани йўқ.

Наманганлик ўқитувчи: Кўмир сифатсиз, свет тез-тез ўчади

Вилоятнинг Косонсой туманидаги тоғли Чиндовул қишлоғи болалари ўқийдиган 20-мактаб директор ўринбосари Соҳиба Атахоновага кўра, мактаб 11 январдан очилишга "қисман ҳозир".

Бу мактабда 30 мингга яқин аҳолининг 1500 нафардан ортиқ фарзандлари таълим олади. Синфлар сони 52 та, ҳар бир синфда 28 нафардан 35 нафаргача ўқувчи бор.

Фарзандлари шу мактабда ўқийдиган ота-оналар синфхоналар исимаслиги, декабрь ойида айрим синфхоналарида болалар 0 даражадан паст ҳароратда ўтириб, шамоллаб қолганидан Озодликка арз қилган.

6 январь кунги мулоқотда Атахонова мактабни иситишда жиддий муаммолар борлигини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, асосий муаммо – узлуксиз электр таъминотининг йўқлиги:

“Мактабимизда 3 та корпус, 5 қозонимиз борлигига қарамасдан, яхши исимайди. Чунки, кўмир яхши келмаган ва свет тез-тез ўчади. Мана, ҳозир ҳам намунавий уйда яшайман, светимиз йўқ. Бизга топшириқ келди, суткада 20 соат қозонларни ёқиб иситинг, деб. Шунгаям свет тез ўчса, музлаб қолади. 1973 йил қурилган, таъмирланиши яхши бўлмаган бинолар ҳам бор. Иситгичи бор - бузилаверади, таъмирлайверамиз. Муаммомизни туманимиз билади, биз мурожаат билан кўп марта чиққанмиз”.

Мактаб масъулига кўра, мактаб учун иситиш ягона муаммо эмас:

“Бизда фақат иситишгина муаммо эмас, хожатхонамиз йўқ, спортзал, ошхона, фаоллар зали йўқ. 1558 ўқувчига спорт зали йўқ. Мактабимиз ҳудуди кичкина. 3 та маҳалладан бола ўқитамиз. Битта маҳалладан мактаб биноси қуриш учун жой ташланди, тўхтаб қолди шу”, - деди мактаб муаммоси тезроқ ҳал қилиниши учун мутасадди ташкилотлардан ёрдам сўраган Косонсойдаги 20-мактаб директор ўринбосари.

Қуйида Соҳиба Атахонова билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:38 0:00
Бевосита линк

Навоийлик ўқитувчи: Свет ўчса, кўмир бефойда

Вилоятнинг Хатирчи туманидаги 37-мактабда руҳшунос бўлиб ишлайдиган Сафаргул Боймирзаевага кўра, 158 нафар ўқувчиси бўлган мактабга кўмир етказиб берилган, айрим синфхоналарига электр иситгичлар ўрнатилган.

Мактаб ходими синфхоналари 11 январдан иш бошлашга тайёрлигини билдирди.

Аммо бу мактабда ҳам бинони тўлиқ иситиш учун узлуксиз электр энергияси билан таъминланиши керак, бу эса имконсиз қолмоқда:

“Свет берилса бўлди, мактабимизнинг ҳамма синфи исийди. 158 та бола ўқийди, мактабимиз тўлиқ, кичкина бўлса ҳам. Бизда иситиш фақат кўмир билан. Бу йил мактабларга яхши кўмир беришди. Ўтган йили майда кўмир беришганди, бу йил жуда яхши кўмир келди. Лекин свет бўлмаса, иситиш тизими ўчиб қолади. Баъзи хоналарга электр иситгичлар ўрнатилган, свет бўлмаса улар ҳам ишламайди. Шунинг учун бизнинг асосий илтимосиз – электр токи, шуни узмай бериб туришса бўлди, иситиш муаммо бўлмайди”.

Боймирзаеванинг айтишича, унинг мактаби жойлашган Лангар қўрғони кўп йиллардан буён табиий газдан узилган, Хатирчи туманида мавжуд 88 та мактабнинг асосий қисми кўмир билан иситилади.

Сурхондарё: Мактабларга газ ҳам, кўмир ҳам етказилди

Сариосиё тумани Халқ таълими бўлимининг исми очиқланишини истамаган ходимига кўра, бу тумандаги 84 та мактабнинг барчасига кўмир ва табиий газ етказилган.

Таълим бўлими вакили, мактаблар 11 январдан очилишга ҳозирлигини таъкидлади:

“Кичкина ҳажмдаги мактаблар кўмир ёқилғиси билан иситилади. Газга уланган мактабларимиз ҳам бор. Газ босими тушиб кетмади, ҳатто мен яшаб турган қишлоқда ҳам газ босими тушиб кетмади ҳозирча. Газ бормаган ҳудудларни билмадимку. Лекин табиий газ бормаган ҳудудларга кўмир етказилган”.

Унинг айтишича, аномал совуқ кузатилаётган бўлишига қарамасдан, Сариосиё туманининг аксар ҳудудларида табиий газ босими пасаймаган.

Таълим бошқармаси: Кўмир захирасини йиғяпмиз

Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, вилоятдаги 711 та мактаб учун январь ойига қадар 43 ярим минг тонна кўмир етказиб берилган.

Бошқарма расмийлари мактабларнинг асосий қисми кўмир билан иситилишини тан олмоқда. Айни пайтда ҳозир мактабларга ўртача 60 тоннадан етказилган кўмир қиш мавсуми охирига етмай қолиши мумкинлиги ҳам тилга олинди.

“Ҳар бир мактабга, ҳажмига қараб, 40, 60, 100 тоннагача кўмир тақсимлаб чиқдик. Ҳозир февраль ойининг охири ва март ойи учун захира 7 минг тоннага сўровнома киритдик. Ҳозирча мактаблар учун кўмир таъминотида муаммо йўқ”, - деди бошқарманинг Қурилиш бўлими мулозими Қобилжон Темиров.

Мулозим айни вилоятнинг Косонсой туманида синфхоналарида совуқ қотган болалар бўйича Озодликка келган мурожаат юзасидан тезлик билан чора кўрилишини айтди. Шунингдек, бу мактабга сифатсиз кўмир берилганига оид шикоятга ҳам муносабат билдирди:

“Бу йил 7 минг тонна брикет кўмир келди, тўғри. Биз 7 минг тонна мактабларга сочиб юбордик, қолганига сифатли Ангрен кўмиридан тарқатдик”, - деди Темиров.

Аммо Наманган, Сурхондарё ва Навоий халқ таълими бошқармаларидан мактаблардаги электр таъминотида учраётган узилишлар борасида расмий жавоб олишнинг имкони бўлмади.

"Электр таъминотини ҳокимият ҳам ҳал қилолмайди"

Халқ таълими вазирлигига кўра, республика бўйлаб куз-қиш мавсумида мактабларнинг иситилишига ҳокимликлар масъул.

Аммо Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи, электр таъминоти масаласига “тўғридан-тўғри республика ваколатидаги масала” дея изоҳ берди:

“Нафақат Халқ таълими бошқармаси, балки вилоят ҳокимликларининг ҳам қўлида эмас бу. Мактабларга узатиладиган электр токи махсус линиядан ўтмайди, шу барча оддий ташкилотларга борадиган линиядан келади. Масалан, шифохона, ҳокимият ва банклар – алоҳида линияга уланган. Мактаблар ва бошқа ташкилотлар-битта алоҳида линия, ундан кейин аҳоли пунктлари яна битта линияга уланган. Ҳозир шу учала линияда ҳам свет узиляпти. Айниқса, охирги 2 кунни ичида тинкамизни қуритиб юборди свет ўчиши, тўғриси. Ишхонада оёқларимиз қақшаб ўтирибмиз”.

Электр тармоқлари: 1 кунда 400тагача мурожаат

Наманган электр тармоқларининг истеъмолчилар учун ажратилган телефон рақамларига жавоб берган оператори сўнгги икки кун ичида мурожаатлар фавқулодда кўпайганини айтди.

Исмини ошкор қилмаган операторга кўра, электр таъминотидаги узилишлар электр ишлаб чиқараётган Таллимаржон ТЭС ва Тўрақўрғон ТЭСдаги техник носозликлар билан боғлиқ.

“Бу станциялар бир-бири билан боғлиқ, биласиз. Шу носозлик ҳал бўлса, свет ўчиши камаяди. Ҳозир махсус гуруҳларимиз шу муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланяпти. Носозлик учун мижозларимиздан узр сўраймиз”, деди фавқулодда мулойимлик билан вазиятни тушунтирган оператор.

Айни пайтда, у вилоятдаги мактаблар учун электр токи алоҳида линиядан узатиладими ва умуман, мактабларни узлуксиз энергия билан таъминлаш мумкинми – бу борадаги саволларга ташкилотнинг юқори бўғинидан жавоб олиш мумкинлигини билдирди.

Миллий электр тармоқлари жим

"Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" АЖ идорасидан республикада мавжуд 10 мингга яқин мактабни электр токи билан таъминлашдаги ўта ачинарли вазият борасида бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ташкилотнинг бошқарув раиси ёрдамчиси Қаюмжон Абдуллаев барча саволларга матбуот хизматидан жавоб олиш мумкинлигини таъкидлади. Аммо матбуот котиби Улуғбек Уруновга тегишли, деб берилган телефон рақамига кун давомида уланишнинг имкони бўлмади.

Ўқитувчилар: Бу совуқда онлайн таълим яхши эди, аммо...

Асли биология ўқитувчиси бўлган наманганлик Соҳиба Атахонова декабрь ойида совуқ қотган ўқувчиларни эслар экан, пандемия пайтида болаларнинг иссиқ уйидан туриб, онлайн дарс олгани маъқул эди, дейди.

“Бунинг учун ота-оналар фарзандимни онлайн ўқитаман, деган аризасига кўра, онлайн ўқишига рухсат берамиз. Ўқувчилар ҳам дарс жараёнларини Телеграм каналидаги группага топширади. Агар топшира олмаса, синф раҳбари уйига бориб ёрдам беради”, - деди Атахонова.

Хатирчидаги мактаб руҳшуноси Сафаргул Боймирзаева эса масофавий таълимга ўтказилган болалар етарли билим ололмаяпти, деган хавотирни тилга олди. Унинг фикрича, ҳозир ҳокимият ва тегишли ташкилотлар бор имкониятини ишга солиб, болаларни мактабга қайтариши, мактабларни эса албатта иситиб бериши лозим:

“Чунки, бизнинг Хатирчи туманида баъзи оилаларда компьютер йўқ, баъзиларида экрани катта телефонлар йўқ, баъзиларининг Интернетга қурби етмайди. Энг муҳими, аҳоли уйларида свет йўқ. Электр узилса, масофавий таълим ҳам тўхтайди. Болалар учун ҳар бир соат муҳим, ҳар ир кун муҳим. Шунинг учун бир амаллаб бўлса ҳам, мактабларни иситиб, болаларни анъанавий таълимга қайтариш керак”.

10 мингга яқин мактабнинг асосийси қисми анъанавий дарс ўтади

Расмий статистикага кўра, мамлакатда 10 мингга яқин мактаб бор, ўқувчилар сони 6 миллион 200 мингдан ортиқ, ўқитувчилар сони эса ярим миллионга яқин.

Ўтган йили 16 мартидан Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши ортидан барча таълим муассасалари ёпилиб, ўқувчилар таътилга чиқарилганди. 30 мартдан бошлаб мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим бошланган.

Халқ таълими вазирлиги 2020-2021 янги ўқув йилида анъанавий дарслар босқичма-босқич йўлга қўйилишини маълум қилганди, аммо пандемия шароити чўзилгани боис, масофавий таълим ихтиёрий равишда сақланиб қолди.

Ўзбекистонда бу йил эрта тушган совуқ, айниқса қишлоқ мактаблари ўқитувчи ва ўқувчиларини танг аҳволда қолдирди. Мамлакатнинг турли ҳудудларидан газ таъминотидан буткул узилган мактабларнинг ўқувчилари совуқдан азоб чекаётгани ҳақида кўплаб хабарлар кела бошлади.

Қуйида Озодликка келган мурожаатларнинг айримлари билан танишинг:

XS
SM
MD
LG