Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:45

Бош прокуратура Туркияда қўлга олинган журналист А. Мирзаев қидирувга берилмаганини билдирди


Журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаев
Журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаев

Ўзбекистон Бош прокуратураси 38 яшар журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаевнинг Туркияда қўлга олинишида Ўзбекистон томонининг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот берди.

Бош прокуратура Абдукарим Мирзаевга нисбатан очилган бирор жиноят иши йўқлиги ва журналистнинг ўзи ҳам қидирувда эмаслигини маълум қилди.

38 яшар журналист, кинорежиссёр ва блогер, Туркиянинг Кастамону университети магистранти бўлган А. Мирзаев шу йилнинг 11 декабрида қўлга олингани ҳақидаги хабар 19 декабрда пайдо бўлди.

15 декабрь куни Ўзбекистонда танилган яна бир журналист ва блогер, Ziyouz.com портали асосчиси 36 яшар Давронбек Тожиалиев Туркия ҳукумати қўйган тақиқ билан Истанбулга киритилмаганини хабар қилган.

"Туркияда ҳибсга олинган журналист Абдукарим Мирзаевнинг иши бўйича Ўзбекистон Бош прокуратурасида маълумот йўқ", дея таъкидлади Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Gazeta.uz нашрига.

19 декабрь куни Gazeta.uz нашрининг Истанбулдаги мухбири Абдукарим Мирзаев 11 декабрь куни қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, журналистнинг адвокати "кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини" билдирган.

Qalampir.uz нашри ҳам, журналист "ўзига тегишли телефон рақами орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлганликда" гумон қилиниб қўлга олингани, кейинроқ қўйиб юборилганини хабар қилди. Нашрга кўра, Мирзаевни депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарилган.

Ҳозирча Туркия куч ишлатар идораларининг журналистни конкрет қандай сабаб ва айблов билан қўлга олгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Сурхондарёлик 38 яшар Абдукарим Мирзаев — журналист, кинорежиссёр ва блогер сифатида танилган.

У 15 йиллик фаолияти давомида “Пойтахт”, “Замин” радиолари, “Ёшлар” ва "Ўзбекистон" телерадиоканалларида ишлаган. Маҳаллий нашрларга берган интервьюсида Мирзаев 20га яқин ҳужжатли фильмларни суратга олганини айтган.

Сўнгги вақтларда Туркияда яшаётган журналист YouTube тармоғида диний, фалсафий ва ижтимоий мавзуларда чиқиш қилаётган эди. Оилали, 3 фарзанди бор.

Шу йилнинг 15 декабрида Ўзбекистонда танилган яна бир журналист ва блогер, Ziyouz.com портали асосчиси Давронбек Тожиалиев Туркия ҳукумати тарафидан қўйилган тақиқ билан Истанбулга киритилмай, Ўзбекистонга депортация қилинганини Facebook’даги саҳифасида ёзди.

Журналист бу тақиқ сабаблари ўзига номаълум экани, бунгача 5 марта Туркияга бориб, кириш-чиқишда ҳеч қандай муаммога дуч келмаганини билдирди.

Журналистга кўра, 1 сутка аэропортда тутиб турилган ва бу вақт давомида ўзларига номаълум сабабларга кўра, Туркияга киритилмаган тожикистонлик, қозоғистонлик, россиялик 10 га яқин йўловчини учратган.

Ҳозирча Туркия куч ишлатар идоралари бу журналистни нега мамлакатга киритмагани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ўзбекистон томони ҳам бу борада бирор баёнот бергани Озодликка маълум эмас.

2018 йилнинг октябрида блогер ўзи яшаб турган туман ИИБ га чақирилгани ва ундан ўзи асос солган порталдаги бир нашр бўйича тушунтириш хати ёзиш сўралганини хабар қилган эди.

Журналист Давронбек Тожиалиев 2001 йилдан "Маърифат" газетаси мухбири бўлиб ишлаган. Daryo.uz нашрининг ёзишича, 2011 йили Нью-Йорк шаҳрида чоп этилган биринчи ўзбек газетаси "Ватандош"нинг бош муҳаррири бўлган.

2004 йили Ziyouz.com порталига асос солган. Айни пайтда унинг бош муҳаррири ҳисобланади. У ижтимоий тармоқларда диний-сиёсий мавзулар ҳамда сўз эркинлигининг чекланишига оид чиқишлари билан ҳам танилган. Оилали, 3 фарзанди бор.

XS
SM
MD
LG