Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:14

Ўзбек блоггерлари синови: Берилган озодлик қаерда чекланади?


Давронбек Тожиалиев
Давронбек Тожиалиев

Сентябрь ойида Ўзбекистонда бир неча онлайн фаол қўлга олиниши ортидан блоггер, ўзбеклар орасида яхши танилган Ziyouz маърифий портали асосчиси Давронбек Тожиалиев чемоданини тайёрлаб, эшиги тақиллашини кутди.

Аммо милиция ходимлари келмади ва ҳукумат сиёсати ва расмийларини танқид қилиб келаётган Тожиалиев ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ушбу ҳолат Тошкент кейинги 25 йил ичида сўзлашдан ҳайиқиб қолган ўзбекларга айрим эркинликларни беришга тайёр эканлигидан дарак беради.

Каримов даврида блоггерлар фақат кичик, асосан маҳаллий масалалар ҳақида ёза оларди холос
Даврон Тожиалиев

Аммо Ўзбекистон ўзини эркин давлат қилиб кўрсатишга уринаётган бўлишига қарамасдан, айрим блоггерлар қўлга олинганидан мамлакатда содир бўлаётган ўзгаришлар чекланган эканлигини хулоса қилиш мумкин.

Ҳукумат танқидларга, айниқса диний мавзудаги масалаларга ҳали ҳам ҳассослик билан қарайди.

Тожиалиев ҳукуматнинг сўз эркинлиги бўйича аралаш сиёсати ўзига ўхшаган блоггерларни тўхтата олмаслигини айтди.

- Қўлга олишларидан қўрқмадим, аммо бунга тайёр турдим, - деди фаол.

Собиқ президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда ҳукумат оммавий тарзда танқид қилиниши мисли кўрилмаган ҳолат эди.

Каримов даврида қамалган Юсуф Рўзимуродов каби танқидчилар узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтади.

1999 йил қамалган Рўзимуродов жорий йилнинг март ойида – 19 йил деганда озодликка чиқарилди.

- Каримов даврида блоггерлар фақат кичик, асосан маҳаллий масалалар ҳақида ёза оларди холос, - дейди Тожиалиев. - Жиддий ва сиёсий масалаларни муҳокама қилиб бўлмасди.

Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан кейин, Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгара бошлади.

Сўнгги икки йил ичида ўзбек блоггерлари анча фаоллашди.

Мирзиёевнинг ва бошқа бир неча ҳукумат расмийсининг ҳам ўз Facebook саҳифаси бор.

Аммо ўзбекларнинг 3 фоизидан озроғи мунтазам равишда мазкур ижтимоий тармоқдан фойдаланади.

Улар турли платформаларда, жумладан, Facebookда ҳукуматнинг ўта қатъий ёки кераксиз сиёсатларини танқид қилиб турадилар.

- Блоггерлар ҳаракатлантирувчи кучга айланди. Нафақат ижтимоий тармоқларда, балки жамиятда ҳам, - деди Тожиалиев.

Ўзбекистонда кейинги пайтда бир неча марта блоггерлар расмийларнинг ноқонуний ҳаракатларини танқид қилиши ортидан тегишли расмийлар ишдан олинди.

Ўтган ҳафтада Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувда тиззасигача бўкиб тургани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалиб, қизғин муҳокамаларни қўзғатди.

Кўзларида норозилик аломатлари сезилган ва сувнинг совуқлигига зўрға чидаб турган 6 кишининг сурати Ўзбекистон бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Зойир Мирзаевнинг Тошкент вилояти Оққўрғон туманига сафари пайтида олингани маълум бўлди.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда блоггерлар ва оддий фойдаланувчилар томонидан кескин танқид қилиниши ортидан Мирзаев ишдан олинди.

Шунга ўхшаш ҳолатлардан илҳомланган ўзбек блоггерлари ёз ойларида ҳукуматнинг мактабларни ҳижобларни ман этиш қарорини танқид қилди. Аммо бу сафар блоггерлар жавобгарликка тортилди.

28 августдан 2 сентябргача бўлган оралиқда Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида блоггерлар Атхам Олимов (Мусанниф Адҳам), Зиёдулла Кабиров (Зиёвуддин Раҳим), Отабек Усмонов, Хуршидбек Муҳаммадрозиқов, Миразиз Аҳмедов, Дилшодбек Халилов ва Сулаймон Эркинлар қўлга олинди.

Бош прокуратура блоггерлар ҳуқуқ-тартибот ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаганликда айбланиб 10-15 кунлик ҳибсга ҳукм қилинганлари тўғрисида расман билдирди.

Ўзбекистонлик қатор блоггернинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида норозиликларга сабаб бўлди.

- Бир неча ой олдинги жасорат ва норозиликни бошқа кўрмаяпмиз. Блоггерлар яна кичик ва эски масалалар ҳақида ёзишга қайтди, - деди Тожиалиев.

Аммо фаол келажакка бўлган оптимизми озайган бўлса-да, қатъияти ўзгармаганини айтди.

- Қилаётган ишим жиноят эмаслигини биламан, шу сабаб қўрқаётганим йўқ. Бундан ташқари, оммавий ва халқаро босим эндиликда ўз таъсирни кўрсатувчи унсурга айланди. Балки шу нарса менга озгина ишонч бағишлаяпти.

(Мақола қисман Рейтер ахборот агентлиги мақоласига асосланган)​

P.S. 31 октябрь куни Тошкент шаҳар, Учтепа тумани жиноят-қидирув бўлимининг 3 нафар ходими ўзбекистонлик блогер Давронбек Тожиалиевни олиб кетгани ва махсус суҳбатдан сўнг қўйиб юборилгани ҳақида блогернинг ўзи Фейсбук саҳифасида шундай шарҳ қолдирди:

"Кириб чиқдим. Менимча, хавотирланадиган жойи йўқ.
Уйдан Учтепа тумани жиноят-қидирув бўлимининг 3 нафар ходими олиб кетишди. Тўғри тушунтиришди, бўлимга бориб, тушунтириш хати ёзиб келасиз, дейишди. Улар олдида бемалол телефонда гаплашдим, Фейсбукка кириб ёза олдим.
Бўлимда 2012 йили "ziyouz.com кутубхонаси" ёзувли "Мовароуннаҳр" нашриётида 1992 йили чоп этилган "Ислом икки ўт орасида" китобини юклаб олиб, жиноий иш очилган (бу китоб 2010 йили ziyouz.comкутубхонасига жойланган, сўнг тақиқланган адабиёт эканлиги билингач, олиб ташланган. Мен китобни ўқиганман, унинг ичида ҳеч қандай экстремистик ғояни сезмаганман. 16 варақли тарихий бир эссе холос) Ғ. З. кўрсатмасига кўра, тушунтириш хати олишди.
Сўнг мактаб формаси ҳақидаги фикрим билан қизиқишди. Аввал Фейсбукда ёзган фикримда қатъийлигимни айтдим.
Самимий, ҳурмат доирасида суҳбат қилишди.
(Ҳозирча) менга нисбатан ҳеч қандай жиноят иши очилмаган, дейишди. Контактларимни қолдирдим. Керак бўлса, яна мурожаат қилишларини айтишди.
Мен ҳақимда қайғурган барчага ташаккур!"

XS
SM
MD
LG