Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:24

Полицияга айланолмаган ўзбек милицияси - Мирзиёев ички ишлар ходимларини табриклади


Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан Ўзбекистонда жиноятлар сони қарийб 42 фоизга ортган. Айни пайтда ички ишлар ходимлари устидан шикоятлар ҳам сезиларли даражада кўпайган. Бироқ бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси президентининг 25 октябрда касб байрамини нишонлаган ички ишлар органлари ходимларига табригида ўз аксини топмади.

Мамлакат президенти тизим ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларга “фидокорона меҳнати, ўз хизмат бурчи, Ватан ва халққа садоқати учун чуқур миннатдорчилик” билдирди.

Президент табригини Озодлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва Ўзбекистон прокуратурасининг собиқ мулозими билан бирга ўқиди.

Давлат раҳбари ўз табригида “ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида катта ишлар олиб борилаётганини” айтган. Бироқ шу пайтгача бу органлар кимнинг манфаатига хизмат қилиб келгани очиқланмаган.

Ўзбекистон прокуратураси собиқ мулозими (аноним қолишни истади) Президент очиқламаган жиҳатга тўхталиб, бундай деди:

“Ички ишлар тизими 29 йилда фақат Президент, ҳукумат ва ҳокимларнинг буйруқларини сўзсиз бажариш органига айлантирилди. Халқнинг милицияга ёки эндиликда “ички ишлар ходимлари” деб аталаётганларга нисбатан қалб тубида нафрат йиғилди”.

ИИВ тизимида қанча ходим ишлайди?

Президентнинг хабар қилишича, “марказий аппаратдаги шахсий таркибнинг 85 фоизи бевосита аҳоли яшаш пунктларига, қуйи тизимларга туширилган”. Бу дегани ИИВ марказий аппарати шахсий таркиби 85 фоизга янгиландими ё бу ходимлар иш ўрни вакант турибдими – очиқланмаган. 85 фоиз неча киши дегани? Умуман, тизимда ҳаммаси бўлиб қанча ходим хизмат қилиши ҳам айтилмаган.

Ўзбекистон прокуратураси собиқ мулозимига кўра, 2016 йилгача ички ишлар тизимида 120 минг ходим ишлаган. Президент 2018-2019 йилларда Ўт ўчириш хизматидаги 15000 ходимни ФФ вазирлигига, 25000 ходимни қўриқлаш хизматидан Миллий гвардияга олиб берган. Ҳозирда ИИ вазирлигининг тахминан 80 минг ходими бор. Озодликда бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.

Жиноятчилик кўлами

Президентга кўра, “Ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш, мурожаатларни туну кун қабул қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадида 200 тага яқин ички ишлар бўлими ва бўлинмалари фаолияти тўлиқ янгитдан ташкил этилган”. Бироқ Президент табригида жиноятчилик кўлами тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг хабар қилишича, 2020 йилнинг дастлабки 5 ойида 17 271 та жиноят қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 5 100 тага (41,9 фоизга) кўпдир. Безорилик ҳолатлари сони 2,5 мартага, фирибгарлик, порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар 2 баробарга ошган. Босқинчилик ва ўғрилик жиноятлари ҳам кўпайган.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, ўтган йилдан буён ички ишлар ходимларининг ўзлари ҳам қонунни кўпроқ бузаётгани жамиятга келаётган шикоятлардан кўриниб турибди:

Масалан, ўтган йилнинг шу даврида бевосита ички ишлар органлари фаолиятидан норози 1998 нафар фуқаро жамиятимизга аризалар, телефон қўнғироқлари ва ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилган. Бу йилги бу кўрсаткичлар миқдори 2321 тани ташкил қилмоқда. Кўрсаткичларнинг каттагина қисми ички ишлар органининг жиноят қидирув бўлимлари, тергов органлари ва йўл ҳаракати хизмати фаолияти билан боғлиқдир. Қийноқлар, ноқонуний ҳибсга олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ ҳолатлар сони бироз ортган”.

ИИБ ходимларига ғамхўрлик

Президент ўз табригида “соҳада шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва хизмат шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор берилаётганига” батафсил тўхталган:

сўнгги 4 йилда 241 та хизмат уйлари қурилди;

2018-2020 йилларда имтиёзли ипотека кредити асосида Тошкентда 392 та, вилоятларда эса 2 мингга яқин квартира ажратилди;

профилактика инспекторларига 6 787 та хизмат уйлари қуриб берилди, 7 388 та шахсий автомашина учун имтиёзли кредитлар ажратилди;

Ўзбекистон прокуратураси собиқ мулозимининг фикрича, имтиёзларни берар экан, давлат аҳолининг бошқа қатламлари кайфиятини назардан қочирмаслиги керак. ”Милиция ходимларининг фарзандларига ўқишга кириш имтиёзлари берилиши, кўпчиликнинг норозилигига олиб келди”, деди у.

Прокуратура собиқ мулозими ички ишлар ходимлари сонини кўпайтириш эмас, балки сифатини яхшилаш керак, деб ҳисоблайди.

“Президент ўз табригида қонуний ҳаракат қилинглар дейиш ўрнига, афсуски, сизлар халқнинг оғирини енгил қилувчи тизим вакилларисиз, деди. Милиция ходимлари сонини кўпайтириш эмас, сифатини яхшилаш керак. Билимини, ақл-заковотини янгилаш керак. Бу тизимга кирган ходимнинг кўпчилиги қандай пул топсам экан, қабилида ишга киради”.

19 йилдан буён оқланишни талаб қилаётган собиқ ДАН ходими

Президент соҳа фахрийларини ҳам уларнинг касб байрами билан табриклади. 26 октябрда Озодлик бошқа бир сабаб билан ўшандай фахрийлардан бири, собиқ ички ишлар ходими билан мулоқот қилди. 66 яшар Фарҳод (Парҳат) Аҳмедовнинг айтишича, у Давлат автомобиль назорати хизмати тизимида 17 йилдан кўпроқ ишлаган ва 1995 йил ноябрида қамалган.

Ўз вақтида ўрта бўғин командири бўлган Аҳмедов 12 йилга қамалиб, 5 йилу 2 ой жазо ўтаган ва 2001 йил февралида озодликка чиққан. Ўшандан бери – 19 йилдан бери - Фарҳод Аҳмедовнинг айтишича, у ноҳақ қамалганини исботлашга уринмоқда.

Ўзбекистонда адолат излаётганлар орасида адолат ёки ҳуқуқ посбонларининг учраши нодир ҳолат эмас.

Милиция ёки ички ишлар ходимлари ўзларига нисбатан меҳнат қонунларининг бузилиши ё-да нафақаларнинг тўланмаслигидан Озодликка шикоят қилган ҳолатлар ўтмишда кўп бўлган.

Полицияга айланолмаган ўзбек милицияси

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач хавфсизлик хизматлари ва ИИВ тузилмавий ислоҳотларга юз тутди.

Қанчалик самарали бўлгани савол остига олинадиган айни ислоҳотлар натижасида Миллий хавфсизлик хизмати номи Давлат хавфсизлик хизматига ўзгартирилди.

Аммо кўпгина собиқ совет давлатларида кузатилган "милиция"нинг "полиция"га айланиш жараёни Ўзбекистонда юз бермади.

Милиция сўзи, шунчаки, расмий муомаладан йўқолиб қолди.

Жамоатчиликда пайдо бўлган Ўзбекистонда милиция борми, йўқми, деган саволга 2017 йил майида ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов расмий изоҳ беришга мажбур бўлган эди.

Халқаро пресс клубдаги матбуот анжуманида Азизов “милиция сўзи муомаладан олингани, бунинг ўрнига ички ишлар идораси деб аталаётгани” ни маълум қилган.

Аммо вазирнинг изоҳидан кейин ҳам "ички ишлар идораси" ёки президент ўз табригида қўллаган "ички ишлар органлари" (ИИО) ва "ички ишлар тизими" (ИИТ)ни қисқартма от шаклида ишлатиш расмий удумга кирганича йўқ.

Касб байрамини нишонлаётган ички ишлар тизими ходимлари жорий йилнинг ўзида икки нафар фуқаронинг қийнаб ўлдирилиши билан боғлиқ ҳодиса марказида бўлган.

Ходимлар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳуқуқ бузилишлари билан боғлиқ деярли ҳар куни содир бўладиган можаролар, фуқаролар билан юз берадиган зиддиятларнинг ҳам марказида.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, ўтмишда инсон ҳуқуқларини поймол этиш, жумладан, қийноқлар билан ном чиқарган Ўзбекистон ички ишлар тизимидаги "ребрендинг" жараёни ҳам, худди тизимдаги ислоҳотлар сингари, чала қолган.

"МДХга аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирликларининг идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришга оид шартномаси мавжуд. Унга кўра, ички ишлар органлари ҳар тарафлама такомиллаштирилиши, дунё стандартларига мослаштирилиши лозим. Дунёда эса, “милиция” сўзи деярли ишлатилмайди. Бу сўзнинг ўрнига олиниши мумкин бўлган “полиция” сўзи эса, айтишларича, тепадагиларга ёқмаган. Натижада, ҳеч бир давлатда йўқ қисқа, лўнда номсиз қолиб ўтирибди ички ишлар тизими...”

XS
SM
MD
LG