Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:20

Ғузор: Норози ишчиларга тўлаш учун икки машина пул келди. Овқат сифати яхшиланди. Калтакланган мулозим кўрсатма берди.


Enter Engineering ширкатининг Ғузордаги ишчилари
Enter Engineering ширкатининг Ғузордаги ишчилари

22 октябрь куни Enter Engineering компанияси ишчиларининг тўпланиб қолган ойлиги тўлана бошланди. Бу ҳақда Озодликка Enter Engineering ширкатидаги норозилик оқибатларини текшираëтган касаба уюшма мулозими билдирди.

Воқеа жойида туриб Озодликка хабарлар юбораëтган маҳаллий журналист эса, "ширкатнинг 12 мингдан зиëд ишчисининг кейинги уч ойда тўланмаган ойлигини тўлаш учун икки машинада пул олиб келишганини" кўрганини айтди. Озодлик суҳбатлашган икки ишчи ойликларини олганлигини айтди.

Ишчилар 21 октябрь кечки овқат ва 22 октябрдаги нонушта сифати сезиларли яхшиланганини айтишди:

"Кечки овқат сергўшт ва порцияси кўп бўлди. Эрталабки нонуштага сариëғ ҳам қўшилди ва тухум сони кўпайди".

21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да Қашқадарë вилоят, Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиққан эди.

Оммавий норозилик акцияси куч ишлатар тизимлар ходимлари ëрдамида бостирилгани ҳақида Озодлик 21 октябрь куни ўз тасарруфидаги видео ва фотосуратларга таяниб маълумот берди. Ўзбекистон маҳаллий матбуоти ва Enter Engineering компанияси ишчилар норозилиги ошхона ўз вақтида очилмагани сабабли юзага чиқди деб билдирган эди.

Қорнимга эмас қадримга...

Озодлик суҳбатлашган ва ўзини Музаффар Хуррамов деб таништирган ишчи “овқат норозиликнинг асосий сабаби эмас” дер экан, фикрини бундай давом эттирди:

“4 ойлаб ойлик бермади. 30 кундан бери ишчилар ëтоқхонасида бит босиб ëтибмиз. “Прадо” мошинларда юрган ҳар қандай раҳбар бизга паст назар билан қарайди. Эрталаб 7 дан кечқурунги 7 гача ишлаймиз. Иш тугагач, ëтоқхонага борадиган автобусни баъзан соатлаб кутамиз. Ошхонада асосан раҳабаримизнинг самарқандлик танишлари ишлайди. Ошхонадагилар бизга бурга ëки битга қарагандай паст назар билан қарайди. Кеча эрталаб очиқчасига сўкишди. Шундан бошланди. Қорнимизга эмас, қадримизга йиғлаймиз”.

Шу билан бирга Хуррамов карантинни сабаб қилиб дам олишсиз ишлагани боис, ишчилар ўта толиққанини айтди:

“Олдин 30 кунлик ишнинг ичида 8 кун дам олиши бор эди. Шуҳрат Арзиев (Enter Engineering мулозими) карантинни сабаб қилиб дам олиш кунларини йўқ қилди. Кейин 30 кун ўрнига икки ойлаб ҳам ишлатди. Хотин-бола-чақани кўрмай аҳволимиз бир турли бўлиб кетди”.

Enter Engineering мулозими: Шуҳрат Арзиев калтакланган

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, Ғузордаги воқеа прокуратура ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

Ширкатидаги норозилик оқибатларини текшираëтган касаба уюшма мулозимининг Озодликка айтишича, 21 октябр куни Enter Engineering мулозими Шуҳрат Арзиев калтакланган.

“Ҳозирда Арзиев жабрланувчи сифатида прокуратура терговчисига кўрсатма ëзиб берди. У енгил жароҳат олган. Ишчилар Қашқадарë ҳокими Зойир Мирзаевни ҳам калтакламоқчи бўлган. Аммо Мирзаев машинасига ўтириб қочиб қолишга улгурган".

Ширкат мулозими калтакланаëтгани акс этган видео Озодликда бор.

Ғала.н чиққунга қадар ишчиларга шу расмдаги каби овқат берилган
Ғала.н чиққунга қадар ишчиларга шу расмдаги каби овқат берилган

Ғалаëнда неча киши иштирок этган?

Enter Engineering Pte.Ltd. ширкатининг Тошкентдаги бош офиси мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ғузордаги завод қурилишида келиб чиққан ғалаёнда 400 ишчи фаол иштирок этганини билдирди:

“Ҳамма ишчилар тартибсизликда иштирок этмади. Фақат 350 дан 400 нафарга яқин ишчи ғалаëн иштирокчиси бўлган".

Айни мулозим 21 октябрь куни ошхона эшиги электрон моноблок тизимидаги носозлик туфайли бузилгани оқибатида эшик олдида тирбандлик юзага келгани ва оқибатда овқатланишга кира олмаган ишчилар норозилиги келиб чиққанини Озодликка айтган эди.

Энергетика вазирлиги Uzbekistan GTL’даги вазият барқарорлашганини, барча муаммо ва масалалар жойида ижобий ҳал этилганини хабар қилган эди.

Ғузордаги норозилар
Ғузордаги норозилар

Воқеа жойига мухбир ва блогерлар бориши уюштирилди

22 октябрь куни АОКА раҳбари Асаджон Ҳўжаев бошчилигида ташкилий равишда оммавий норозилик юз берган ҳудудга олиб келинган мухбир ва блогерлар гуруҳига Ғузор ҳокими зиëфат ва совға-саломлар берган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган мухбирлардан бириниг Озодликка айтишича¸ уларга 21 октябрь кечқурун мавзуни қандай ëритиш ҳақида “тавсия” берилган:

“Овқатнинг устида тартибсизлик чиқди” деб ëзиш ва аҳолида норозилик билдириш маданияти йўқлигини “танқид қилиш” бўйича кеча “тавсиявий инструкцияни” олувдик. Бугун эса ,"муаммо тинч ечим топди" деб ëзишга "маслаҳат" олдик."

Журналистлар билан суҳбатда Ғузор ҳокими вазифасини бажарувчи Беҳзод Суюнов 22 октябрь куни ишчиларга концерт қўйиб беришни ваъда қилган:

"Бугун катта концерт қўйиб бераман, ишчилар ташвишни унутсин", деди ҳоким бобо. Яна у киши эртага 10 та қўй сўйиб ишчиларга зиëфат қилиб беришини айтди".

Зойир Мирзаев яна заводга борди

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати маълум қилишича, "22 октябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, Қашқадарë вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва вилоят сектор раҳбарлари “O’zbekiston GTL” заводи ҳудудида бўлиб, ҳар икки томонни эшитган ҳолда бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари, ишчиларнинг норозилигига сабаб бўлган ётоқ ва овқатланиш жойларидаги шароитлар ҳамда ойлик маоши тўловлари масалаларини ўрганди".

Зойир Мирзаев Ғузорда.
Зойир Мирзаев Ғузорда.

Озодлик воқеа тафсилотларини кузатишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG