Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:18

4 миллиард долларлик Uzbekistan GTL заводини қураëтган минглаб ишчи ғалаëн кўтарди (ВИДЕО)


Ғузордаги Uzbekistan GTL ширкати офиси ишчилар тўполонидан сўнг.
Ғузордаги Uzbekistan GTL ширкати офиси ишчилар тўполонидан сўнг.

21 октябрь куннинг иккинчи ярмида Ғузордаги Enter Engineering ширкатида юз берган погром оқибатлари бартараф қилинди. Озодликдаги видеода остин -устун қилинган маъмурий бинода тозалаш ишлари бораëтгани акс этади. Видеода гапирган рус тилли мулозим "Ишчиларни шу аҳволгача олиб келдингларми? дея дағдаға қилади.

Озодликка кун давомида келган эксклюзив видеоларда 21 октябрь тонгида юз берган погром тафсилотлари акс этган. Видеоларда стол стулларни синдириб ширкат офисини остин - устун қилаëтган ишчилар акс этган.

Озодликка келган хабарга кўра¸ "оммавий норозилик" юз берган майдонда қолиб кетган каска¸ оëқ кийим ва бошқа нарсаларни йиғиштириш бошланган. Ишчиларнинг майдонда қолиб кетган оëқ кийимлари¸ синган жиҳозларга қўшиб ëқиб юборилмоқда.

Воқеа жойидаги ишчи юзлаб синдирилган лаптоп¸ стол стул ва бошқа жихозларни тоғдай уйиб ëқиб юборишаëтганини кўргани ҳақида Озодликка хабар берди.

4 миллиард долларлик Uzbekistan GTL заводини қураëтган минглаб ишчи ғалаëн кўтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:26 0:00

Воқеа жойида бўлган ишчига кўра¸ норозилар Миллий гвардия ва ОМОН тарафидан ушланган:

“Омончилар ишчиларни автобусларга солиб олиб кетишаëтганида улар автобус ойналарини синдириб деразадан тушиб қочиб кетишди. Ҳоким (Зойир Мирзаев) ва бошқа амалдорлар қоп - қоп ваъда бериб тезда қайтиб кетишди. Оломон тинчимагач хавфсизлик кучлари¸ харбийлар¸ миллий гвардия ОМОН тузилмалари ҳаракатга тушди. Завод тўрт томондан ўраб олинди. Мана хозир соат тушдан кейинги учдан ошди. Ҳамма жой жойига ишчилар эса ëтоқхонага қайтарилди. Лагерда (иш жойи) кучли назорат ўрнатилди.”

21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да Қашқадарë вилояти Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиқди.

Кун ярмига бориб ишчилар ғалаëнини бостириш учун кўздан ëш оқизувчи газ қўлланилгани ҳақида маълумот келди.

Ғузордаги GTL Enter Engineering ширкати ҳудудида бўлган ишчининг хабар беришича¸ ИИБ махсус кучлари (ОМОН) норози ишчилар устига ташланган. (Баъзи маълумотларга қараганда, Миллий Гвардия ҳам бўлиши мумкин - таҳр. ) Кўздан ëш чиқарувчи газ қўлланилган. Ишчиларни ушлаб қўлига кишан солиб контейнерларга қамаб қўйиш бошланган. Ур-йиқит бошланган. Озодликка куннинг иккинчи ярмида келган расмларда завод ҳудудидан наридаги қир- адирларга одамлар қочиб кетаëтгани акс этган.

Озодликда мавжуд бўлган видеоларда тахминан 5 мингга яқин каска кийган ишчилар завод биносини штурм қилаëтгани акс этган.

Ишчиларга кўра, икки кун давомида завод ишчилари овқатсиз қолгани ва ойликлар вақтида берилмагани норозиликка сабаб бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, заводга Миллий гвардия, ДХХ ва ИИБ махсус кучлари ташланган.

Enter Engineering Pte.Ltd. ширкатининг Тошкентдаги бош офиси мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ғузордаги заводда келиб чиққан ғалаёнга ошхона эшиги бузилиб қолгани сабаб бўлганини айтди.

Расмий хабарга кўра, ишчилар норозилиги соат 9ларда бостирилган.

Яраланган ва қурбонлар ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Озодликка йўлланган видеода офис биноси полида қон изларига ўхшаш қизил доғлар кўринади.

Видеода акс этишича, завод маъмурияти биносидаги оргтехника синдирилган. Бинодаги жиҳозлар ағдар- тўнтар қилинган. Раҳбар ва менежерлар ўтирадиган хоналардаги жиҳозлар синдирилгани айтилди ва видеоларда бу иддаолар тасдиғи акс этган.

Дастлабки хабарларга кўра¸ ишчилар овқат берилмагани ва пластик картасига ойлик тушмаганидан норози бўлган.

Ғузордаги Enter Engineering ходимлари исён кӯтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:38 0:00

Видеолардан бири 21 октябрь тонгида завод ошхонаси олдида олингани, унда ошхона олдида тирбандлик акс этгани айтилди.

Тасвирда юзлаб одам тор коридорда тургани акс этади. Видеода одамлар завод маъмуриятидан норозилигини очиқ изҳор қилаётгани эшитилади.

Одамлардан бири “Ўзимизнинг гўштимизни ўзимизга едиришмоқда” дея ҳайқиради.

Воқеа гувоҳлари

Озодлик суҳбатлашган завод ишчиларидан бири воқеа тафсилотларини қуйидагича тасвирлади:

"Плошадкада ишлайдиган 12000 ишчи бор. Плошадкадан лагергача 4 километр. Ўша ердаги ишчиларга 20 октябрь куни кечки овқат берилмаган. 21 октябрь куни эса нонушта берилмаган. Бундан норози ишчилар ошхонани ағдар-тўнтар қилиб, маъмурият биносини погром қилган”.

Воқеа жойида бўлган бошқа бир ишчи ошхона ходими калтакланганини иддао қилди:

"Ишчиларни маъмурият одам ўрнида кўрмайди. 21 октябрь эрталаб яна овқатсиз қолдик, соат эрталабки 8 да ошхонада низо чиқди. "Овқат қани", десак, ошхонадагилар қўпол жавоб қайтаришди. Сўкинишди. Кейин ишчиларнинг жаҳли чиқиб кетди, ошхона ходимини калтаклаб ташлашди. Кейин заводни титиб ташладик".

Ишчи: Ғалаённи бостириш учун ҳарбийлар келди

Тошкент вақти билан тушдан кейин соат 14ларда Озодлик боғланган ишчилар вазият ҳали тинчимаганини айтди.

"Заводдаги рахбарият қочиб кетди дейишди. Ишчилар цистерналарга ўт қўямиз деб кетаётганди, олдидан Миллий гвардия чиқди. Ҳозир ҳарбийлар ҳам келди. Ғузор атрофини хавфсизлик кучлари халқа қилиб ўраб олгани боис маҳаллий аҳоли ҳаракатланишида муаммо юзага чиқди".

Ишчи: Ойлик йўқлиги ҳам норозилик сабабларидан бири

Озодлик суҳбатлашган ишчиларга кўра, нафақат овқат берилмагани, балки ишчиларнинг бир неча ойдан бери ойлик олмасдан ишлаётгани ҳам норозиликка сабаб бўлган.

"Тўрт ойдан бери ойлик йўқ. 7 октябрь куни ишчиларга ойлигингиз пластикка тушади", деб ваъда беришди. Лекин ҳалигача ойлик тушмади".

Расмий изоҳ

Enter Engineering Pte.Ltd. ширкатининг Тошкентдаги бош офиси мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ғузордаги заводда келиб чиққан ғалаёнга ошхона эшиги бузилиб қолгани сабаб бўлганини айтди.

Мулозимга кўра, ошхона эшиги электрон моноблок тизимидаги носозлик туфайли бузилгани оқибатида эшик олдида тирбандлик юзага келган ва оқибатда овқатланишга кира олмаган ишчилар норозилиги келиб чиққан.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, Ғузордаги воқеа прокуратура ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

21 октябрь, куннинг иккинчи ярмида Ғузордаги воқеа бўйича расмий изоҳ эълон қилинди. Enter Engineering Pte.Ltd. ширкати воқеа 21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да бошлангани ва ишчилар томонидан компания мулкига зарар етказилганини ёзган:

"Ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимида (электрон кириш тизими) техник носозлик содир бўлган, оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган.

Ишчиларнинг норозилиги бош пудратчилар (Enter Engineering, Hyundai Engineering) шу жумладан Буюртмачи (Uzbekistan GTL) офис биноларининг дераза ойналари, офис жиҳозларини синдириш, шунингдек, бошқа вақтинчалик бино ва иншоотлар (ошхона, омборлар, назорат пунктлари ва бошқалар) бузилишига олиб келди"
, дейилади расмий изоҳда.

Ширкат хабарида Ғузордаги вазият 21 октябрь эрталаб соат 9:00 дан бошлаб барқарорлашгани ва оммавий иш ташлаш тўхтатилгани айтилган.

Зойир Мирзаев норозилар билан учрашди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев оммавий норозилик акциясини уюштирган Ғузор туманидаги ишчилар билан учрашди.

Учрашувда қатнашган ишчининг Озодликка айтишича, Мирзаев ойликларда узилиш бўлмаслигини ва ишчиларга уч маҳал овқат берилиши тартибга солинишини ваъда қилган.

Enter Engineering ширкати ишчиларига бериладиган овқат. (Суратни жўнатган ишчи бу нонуштами ё тушликми эканига аниқлик киритмаган)
Enter Engineering ширкати ишчиларига бериладиган овқат. (Суратни жўнатган ишчи бу нонуштами ё тушликми эканига аниқлик киритмаган)

Озодликда бор видеога кўра¸ норози ишчилар Мирзаевнинг гапини эшитишни ҳам исташмаган. Мирзаев шаънига цензурасиз сўзлар билан ҳақоратлар ëғдирилган. Оëқ тагида қолиб кетишдан қўрққан Мирзаев зудлик билан воқеа жойини тарк қилган.

Расмий хабарга кўра, Uzbekistan GTL мутахассислари ишчилар норозилиги оқибатида келиб чиққан зарар кўламини текширмоқда. Махсус техник гуруҳ томонидан тизимдаги носозликлар бартараф этилмоқда.

Айни пайтда, техник ходимлар ишчи гуруҳи ошхона эшигининг моноблок тизимидаги носозликни тузатаётгани ҳам айтилган.

"Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Enter Engineering Pte. Ltd” раҳбарияти тафсилотларини билиш ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун воқеа жойига учиб кетди", дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги баёноти

Вазирлик баёнотида 21 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Enter Engineering компанияси ишчилари акс этган видео эълон қилингани, видеода компаниянинг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан бирида ишчи-ходимлар томонидан норозилик уюштирилиб компания мулкига зарар етказилгани айтилган.

"Ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик содир бўлган, оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган", дейилган вазирлик баёнотида.

Вазирликка кўра, ишчиларнинг норозилиги бош пудратчилар (Enter Engineering, Hyundai Engineering) шу жумладан Буюртмачи (Uzbekistan GTL) офис биноларининг дераза ойналари, офис жиҳозларини синдириш, шунингдек, бошқа вақтинчалик бино ва иншоотлар (ошхона, омборлар, назорат пунктлари ва бошқалар) бузилишига олиб келган.

"Эрталаб соат 9:00 дан бошлаб қурилиш майдонида вазият барқарорлашди ва оммавий тартибсизлик тўхтатилди", деб хабар қилди Энергетика вазирлиги.

Баёнотда айтилишича, ҳозирда “Uzbekistan GTL” мутахассислари томонидан қурилиш майдончасидаги бузилишлар ва келтирилган зарарлар миқдори текширилиб, тизимдаги носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, техник ходимлар ишчи гуруҳи моноблок тизимидаги носозликни тузатмоқда.

"Айни пайтда Энергетика вазирлиги ишчи гуруҳи, “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари ва “Enter Engineering Pte. Ltd” раҳбарияти тафсилотларни билиш ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида воқеа жойига учиб кетди", дейилган Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги баёнотида.

Озодлик воқеа тафсилотларини кузатишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG