Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:43

Қассоблар: Тошкентда гўшт нархи сунъий ошмаслиги учун “бозор мафияси”ни йўқ қилишсин!


Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги қассоблар билан гаплашмоқда. 17 октябрь¸ 2020 йил.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги қассоблар билан гаплашмоқда. 17 октябрь¸ 2020 йил.

17 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Эски жўва деҳқон бозори” гўшт расталарини айланди ва пойтахтдаги қассоблар билан учрашди.

Қассоблар билан суҳбатда, хусусан, "Эски жўва"даги қассоблардан ойига норасмий 400 минг сўм йиғиб келган "гўшт қироли" тилга олиниши ортидан Ортиқхўжаев "унинг аризасини олишни буюрган".

Бозорда фаррош сифатида расмийлаштирилган бу шахс¸ Озодлик гаплашган қассоблар таъкидича¸ аслида пойтахтда гўшт савдоси билан шуғулланувчилардан “доля” йиғиб келаëтган "мафия" вакилидир.

“Фаррош-қирол”нинг икки кундан бери бозорда кўринмаëтганини билдирган қассоблар¸ унинг ўрни совумай туриб¸ бошқа ўлпонйиғар тайинланганини билдирди.

“Эски жўва деҳқон бозори”нинг Озодлик боғланган маъмури бозорда гўшт мафияси борлигини ҳам¸ ҳоким Ортиқхўжаевнинг фаррош-"қирол"ни ишдан олганини ҳам рад этди.

Фақат ҳокимга аталган нархлар...

Шу кунларда Ўзбекистон бозорларида гўшт нархи кескин қимматлагани ортидан маҳаллий ҳокимият раҳбарлари бозорларга чиқиб¸ савдогар-тадбиркорларга нархларни кўтармаслик ҳақида буйруқ бермоқда.

17 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам пойтахт бозорларини озиқ-овқат¸ хусусан, гўшт билан таъминлаëтган тадбиркорлар билан учрашди.

Ўзаро мулоқот давомида озиқ-овқат ҳамда гўшт маҳсулотларининг нархи ошишининг олдини олиш ҳамда тадбиркорларнинг фаолиятига амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан фикр алмашилди”¸ дейилади бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Тошкентнинг эски шаҳар қисмида жойлашган "Чорсу" бозорининг озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган қисми "Эски жўва деҳқон бозори"га қарашли.
Тошкентнинг эски шаҳар қисмида жойлашган "Чорсу" бозорининг озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган қисми "Эски жўва деҳқон бозори"га қарашли.

Айни куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Эски жўва деҳқон бозори”га бориб¸ бу ердаги нарх-наво билан қизиққан¸ бозор маъмурияти¸ хусусан¸ гўшт растасидаги қассоб ва сотувчилар билан гаплашган.

Ҳоким борган куни бозорда бўлган қассоблардан бирининг Озодликка айтишича¸ улар Ортиқхўжаевга амалда йўқ нархларни айтишга мажбурланган.

Бизнинг бозорга ҳукумат амалдорлари нархларни суриштиришга тез-тез келади. Саъдулла деган замдиректор бизларни кўп чақиради. Ким келса шу арзон нархни айтасан¸ бўлмаса шартномангни бекор қиламиз¸ дейди. Ҳозир суякли гўштни 68-70 минг сўмга сотяпмиз¸ Ортиқхўжаевга 58-60 минг сўм деб айтасан дейишди¸ шундай деб айтдик. Ҳокимга маъқул келди бу нарх. Аслида бунақа пулга гўшт йўқ бозорда. Лаҳм умуман сотмайсанлар деб замдиректор айтди. Лаҳм обеддан сўнг чиқарамиз, раҳбарлар одатда обедгача келиб-кетади. Лаҳм бугун 80 мингдан кам сотилмади. Ҳоким эса¸ бизга 60 мингдан ошмасин¸ деб буйруқ бериб кетган”¸ деди Эски жўвадаги гўштфурушлардан бири.

Озодлик гаплашган тошкентлик қассоблар бу нархнинг фақат текширишга келган амалдорлар учун қўйилгани¸ оддий харидорга 60 минг сўмлик гўшт йўқлигини айтди.
Озодлик гаплашган тошкентлик қассоблар бу нархнинг фақат текширишга келган амалдорлар учун қўйилгани¸ оддий харидорга 60 минг сўмлик гўшт йўқлигини айтди.

Ҳоким ва раҳбарлар ўз ҳудудидаги бозорга чет элга сафарга боргандек тантана билан келмасдан¸ ҳеч кимга айтмай кечки пайт соат 5 ларда кириб келса¸ ҳақиқатни кўради. Нафақат ҳақиқий нарх¸ балки санитариянинг ҳам ҳақиқий аҳволини кўрарди. Бозорда тозалик фақат эрталаб бор. 4 дан сўнг маймунлар йиғлайди бозор аҳволига”¸ дейди бу суҳбатдош.

“Гўшт қироли” ким?

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Эски жўва “сафари”га гувоҳ бўлган қассобларнинг айтишича¸ пойтахт ҳокими улардан гўшт нархини арзонлатиш учун нима қилиш кераклигини сўраган.

Мен ҳам ўша жойда эдим¸ ғала-ғовур бўлди. Молга бериладигани ем-хашакни арзонлаштириш керак¸ чорвадорларга ер бериш керак¸ дейилди. Кейин қассоблардан кимдир Анвар ҳақида шикоят қилди. Ҳоким Анварни яхши биларкан¸”аризасини олинглар¸ бозорда бошқа кўринмасин” деди жаҳл билан. Мана икки кундан бери у кўринмай турибди”¸ деди исмини очиқламай гапирган қассоблардан бири.

Озодлик суҳбатдошлари “Анвар ким?” деган саволга унинг Тошкентда кўпчилик “гўшт қироли” сифатида танийдиган шахс эканини айтди.

Анвар расман бозорда фаррош¸ амалда эса¸ йиллардан бери Тошкентдаги гўшт нархини сунъий равишда ошириб келаëтганлардан бири. Мисол учун, холодильниклар орасида мижозларга қулайлик яратиш мақсадида тахта стол қўйилган. Ушбу столларда биз қассоблар гўшт маҳсулотини сотиш учун Анвар орқали бозорга 400.000 сўмдан ойига норасмий пул тўлаб келамиз. Бу расмий 675 минг сўмлик патентнинг устига! Бундай столлардан санасак 100 тадан ошиқ, бу 40.000.000 сўм ойига демакдир. Бу пулни чиқариш учун уни сотадиган гўшт устига қўшамиз¸ оқибатда шундоқ ҳам қимматга келаëтган гўшт янаям қимматлайдими?

Тошкентдаги гўшт нархини Эски жўва белгилайди...

Тошкентдаги энг йирик гўшт бозори Эски жўвада эканини айтган Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ бу ерда кунига 30 тоннагача гўшт сотилади ва пойтахтнинг аксар бозорларига ҳам маҳсулот шу ердан тарқайди.

Эски жўвада гўшт қимматласа¸ қолган бозорларда ундан ҳам кўпроқ кўтарилади. Яъни Эски жўвадаги гўшт нархини сунъий ошириш¸ бутун Тошкентдаги нарх ошишини билдиради. Шунинг учун гўшт мафияси эскитдан Чорсуда ўтиради. Анварни олдинги ҳоким ҳам 2016 йилда Тошкент шаҳар бозорлари маъмурияти, барча қассоблар, ҳокимлик идорадагилар олдида концерт залига йиғиб¸ ҳамманинг олдида намойишкорона ҳайдаган эди. Аммо орадан уч ой ўтиб¸ фаррош сифатида қайтиб келиб¸ яна доля йиғишни давом эттиришга киришди. Унга пул бермасак¸ бозордан ҳайдашади¸чунки маъмурият билан тили бир. Қўлимиздан бошқа иш келмагандан кейин¸ пул бериб¸ тишимизни-тишимизга қўйиб чидаб келяпмиз”¸ деди қассоблардан яна бири.

Йўқолсин қирол! Яшасин қирол!

19 октябрь куни Озодлик гаплашган қассоблар¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев 17 октябрь куни бозор айланганда “йўқотинглар” деб буюрган “гўшт мафияси”нинг шу билан йўқ бўлиб қолишига умуман ишонмасликларини билдирди.

Бугундан “янги гўшт қироли” унинг ўрнига иш бошлади. Янги қирол Муниципал активларини бошқариш маркази раҳбарларидан бири. Анвар кетиши билан эски "старший" қассоблар тўланаятган норасмий 400.000 сўм бари бир тўланиши¸ фақат энди у Н.Т. назоратига ўтганини айтишди. Биттасидан қутилиб¸ иккинчисига тутилдик. Ноқонуний олинаëтган 400.000 сўм халқ олаëтган гўштнинг нархига ўтиришда давом этади. Бу ишларни бозорқўм ҳам, бозорлар бошқармаси раҳбари ҳам¸ бозор маъмурияти ҳам билишади. Бозорлар бошқармасини нефть-газ соҳасидан чиққан собиқ мулозимлар қўлга олган¸ ҳамма ëқнинг расвосини чиқариб юборишди”¸ дейди Эски жўва қассобларидан бири.

Бозор раҳбари: Ҳоким бизга фақат раҳмат айтиб кетди!

19 октябрь куни қассоблар берган маълумотларга изоҳ олиш учун Озодлик “Эски жўва деҳқон бозори” маъмуриятига қўнғироқ қилди.

Ўзини бозор директори ëрдамчиси деб таништирган мулозим¸ ҳоким Ортиқхўжаевнинг 17 октябрь куни бозорни айланганини тасдиқлади.

Ҳоким келди¸ биз яратган шароитни кўриб¸ миннатдорчилик билдириб¸ хурсанд бўлиб чиқиб кетди. 10 кундан бери биз нархларни назоратга олганмиз. Арзонлаштирилган шакар¸ ëғ¸ тухум сотиляпти. Ëғнинг литри 11 500 сўм¸ тухум 900 сўм¸ шакар 5800. Қорақалпоғистон республикасидан кунига беш-олтита молни сўйдириб соттиряпмиз 55 минг сўмдан. Кечадан қўй гўштиям қўйилди”¸ деди бозор маъмурияти мулозими.

Суҳбат қассобларнинг “гўшт қироли” Анвар ҳақидаги шикоятига келганда мулозим анча дудуқланиб қолди ва "ўзининг янги келган одам экани¸ Анвар деган шахсни умуман танимаслиги”ни айтди.

Мен фаррошларни танимайман. Анвар деган фаррошнинг ишдан олинганиниям билмайман. Кеча ҳоким келиб айланди¸ съëмка қилишди¸ мен ҳам раҳбарлар орқасидан юрдим. Ҳокимнинг кимгадир танбеҳ бергани¸ ишдан олганини кўрмадим. Келди хурсанд бўлиб¸ раҳмат деб кетди. Район ҳокими¸ прокурори¸ начальник мелиса ҳаммаси ëнида бор эди. Тўртталик хизмат бирга юрди. Кимнидир ишдан олди дейишган бўлса¸ бу ëлғон маълумот”¸ деган бозор маъмурияти мулозими “янги гўшт қироли” дейилган шахс номини эшитиши билан алоқани узиб қўйди.

Қассоблар ваъдаси...

19 октябрь куни Озодлик гаплашган тошкентлик қассоблар¸ асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг қимматлаб¸ аксар халқнинг кундалик турмуши янада ночорлашган ҳозирги вазиятда бозорларга зулук каби ëпишган “мафия”ни йўқотиш долзарб вазифага айланганини таъкидлади.

Пандемия кўпчиликнинг ҳолини танг қиляпти¸ ҳамма ëқ қимматчилик. Халқимиз гўшт нархини ошишини биз қассоблардан кўради. Лекин бозорлардаги ҳақиқий аҳволни кўпчилик билмайди. Ушбу мафиянинг объектив ўрганилишини мутасадди ташкилотлардан талаб қиламиз. Ўз навбатида биз қассоблар Тошкент шаҳар халқи ва ҳукумат олдида¸ бизларни ушбу шахслардан озод этишса¸ гўшт нархини сунъий оширмасликка ваъда берамиз”¸ дейди Озодликка мурожаат қилган “Эски жўва деҳқон бозори” қассоблари.

Сабаб эмас¸ оқибатга қарши кураш...

Баъзи маҳаллий мустақил иқтисодчи ва блогерлар фикрича, пандемия туфайли миллионлаб ўзбекистонликлар камбағаллик гирдобига тортилаëтган айни кунларда ҳукумат асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишини тўхтатишга уринмоқда. Аммо бу уринишлар яна эски услубда - муаммо сабаби эмас¸ балки натижага қарши курашиш билан чекланмоқда. Оқибатда эса¸ қимматчилик баробарида¸ қаҳатчилик ҳам бошлангани айтилмоқда.

Бугундан бошлаб аксар бозор ва савдо марказларида гўшт нархи 60000 сўмдан арзонга туширилди. Лекин, бу савдогарларга мажбуран қилдирилганлиги сабабли сифатли гўшт маҳсулотлари дефицити бошланганлиги ҳақида хабар берилмоқда. Селектордан сўнг кўринишидан муаммони эскича йўл билан ечишга қарор қилишган.

Иқтисодиёт ўзининг қонунлари билан яшайди. Унга ташқаридан сунъий аралашув доим бир жойдан тешиб чиқади. Шу учун ҳам одатда давлатнинг бозордаги вазифаси рақобатбардош муҳитни яратиш, регулятор ролини ўйнаш ва ўз солиқларини йиғиб олишдир. Давлат нарх сиёсатига аралашмаслиги керак. Бозорда ҳалол рақобат бўлса, ўзи шундоқ ҳам табиий тарзда энг арзон нархлар шаклланади” ¸деб ëзди таниқли ношир ва блогер Фируз Аллаев 19 октябрь куни ўз Телеграм каналида.

XS
SM
MD
LG