Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:19

Японияни "сардоба"лари тошқинидан "Парфенон" сақлайди


Парфенон юнон меъморлиги санъатининг улкан ёдгорлиги бўлиб, ўзининг улкан устунлари билан танилган.
Парфенон юнон меъморлиги санъатининг улкан ёдгорлиги бўлиб, ўзининг улкан устунлари билан танилган.

Япония пойтахти Токио шаҳрини ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларини сув тошқинидан сақлаш учун қурилган улкан инфратузилма «Япониянинг ерости Парфенони» деб аталади.

Асосий қисми Сайтама префектурасидаги Касукабе шаҳрида жойлашган иншоот дунёдаги энг йирик тошқинларга қарши инфратузилма бўлиб, у жала ва довул мавсумларида Токиони ва унинг атрофидаги ҳудудларни сув босишидан сақлайди.

Ер устида тошқинларга қарши иншоот борлиги ҳақида деярли ҳеч нима дарак бермайди. Аммо айрим ҳудудларда иншоот Нью-Йоркдаги баландлиги 93 метрли Озодлик ҳайкали бутунлай сиғадиган даражада чуқурдир.

Ҳар бири 500 тонна бўлган улкан колонналар асосий резервуарни ушлаб туради. Иншоот «Япониянинг ерости Парфенони» деб аталаши сабаби ҳам шунда – Парфенон юнон меъморлиги санъатининг улкан ёдгорлиги бўлиб, ўзининг улкан устунлари билан танилган.

Резервуар эса икки футбол стадионига тенг бетон иншоотдир.

Иншоот етакчиси Нобуюки Акияма AFP агентлигига берган интервьюсида:

«Бу ерда кучли ёмғир, тайфун, ҳатто кундалик ёғингарчилик туфайли уйларни ва кўчаларни сув босиши мумкин», - деди.

Унинг сўзларига кўра, резервуар туфайли сувдан зиён кўриши мумкин бўлган уйлар сони 90 фоизга озайган.

Токионинг ўзида 10 дан ошиқ ерости резервуари ва уч тошқин канали бўлиб, шаҳарни тошқинлардан ҳимоя қилиш учун янги иншоотлар қурилмоқда.

Япония ғарбидаги Осака шаҳрида эса Касукабедагига ўхшаш резервуар қурилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 3,5 миллиард доллар бўлиб, у 2044 йилгача қуриб битирилади.

Аммо мутахассислар шаҳарни сув балосидан ҳимоя қилиш учун бундан ҳам кўпроқ чора кўриш кераклигини айтишмоқда, чунки глобал исиш туфайли тўфонлар сони ошиб бормоқда.

Кейинги йилларда Японияда жала ва довул мавсумлари катта зиён келтирди. Жорий йилнинг июлида тошқинлар ва ер кўчиши туфайли мамлакат ғарбида 80 дан ошиқ одам нобуд бўлди. Ўтган йилда эса мамлакат шарқида тайфун 100 га яқин одам умрига зомин бўлди.

Япония метеорологик агентлигига кўра, Токиога ҳар йили таҳдид соладиган довуллар сони сўнгги 40 йил ичида 1,5 баробарга кўпайган.

Касукабе резервуари 6,3 км туннель тизимига уланган бўлиб, иншоот Эдо дарёсига сониясига 25 метр бассейнни тўлдириш учун етарли сувни чиқаради.

2006 йилда қурилган иншоот 2,2 миллиард долларга тушган. Иншоот бир йилда ўртача етти марта ишга тушади.

Касукабе иншооти ишлатилмаётган пайтида уни кириб кўриш мумкин. Бундан мақсад табиий офатлар ва уларнинг олдини олиш ҳақида аҳолига маълумот беришдир.

XS
SM
MD
LG