Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:28

"Ремдесивир"нинг "қора бозори" ҳокимиятга яқин пандемия бизнеси ҳақидаги иддаоларни кучайтирмоқда


Телеграм гуруҳларида сотувга қўйилган “Ремдесивир” препарати, 2 октябрь, 2020
Телеграм гуруҳларида сотувга қўйилган “Ремдесивир” препарати, 2 октябрь, 2020

Ўзбекистонда касаллик ўрта ва оғир кечаётган коронавирус беморлари учун қўлланилаётган "Ремдесивир" препарати "қўлда" икки баробарга қимматлади.

Маълум бўлишича, препарат дорихоналарда қарийб йўқ, аммо яширинча 1 млн. 700 минг сўмгача (165 АҚШ доллари) сотилмоқда.

Дорихоналардан олинган маълумотга кўра, препарат Ҳиндистондан келтирилмоқда. Ҳиндистонда препаратнинг 100 миллиграмлик дозаси нархи ўртача 70 АҚШ долларини (720 минг ўзбек сўми) ташкил этади.

Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Ремдесивир” препаратининг мамлакатга олиб келиниши ва қиммат нархда “қора бозор”га чиқиб кетишига оид саволларни очиқ қолдирди.

Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тизимида ишлайдиган мулозимнинг айтишича, препарат жуда оз сонда келтирилмоқда ва ўта оғир аҳволдаги коронавирус беморларига алоҳида рецепт билан сотилмоқда.

"Дорини "қўл"дан 1 миллион 700 минг сўмга олдик"

Шу кунларда Озодликка боғланган тошкентлик аёл, пойтахтдаги Тиббиёт санитария бирлашмасига қарашли 1-сонли клиник (ҳукумат) шифохонасида даволанаётган яқини учун “Ремдесивир” препаратининг 100 миллиграмини 1 миллион 700 минг сўмга сотиб олганини айтди.

“Биз бирорта аптекадан тополмадик. Охири таниш-билиш қилиб, "қўлдан" 1 миллион 700 минг сўмга сотиб олдик. Баъзи аптекаларда 1 миллион 200 минг сўмдан бор экан", - дейди исми ошкор этилишини истамаган тошкентлик аёл.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатга "700 минг сўмга кириб келаётган дорини аптекалар қўлга чиқарворган".

"Дорини четдан келтирганлардан бирининг яқини айтди менга", - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистондаги тиббиёт мутасаддиларига кўра, "Ремдесивир" COVID-19 касаллигининг ўрта оғир ва оғир формасидаги беморларни даволашда қўлланилмоқда ва шифокорларнинг рецепти асосида сотилмоқда.

Тадқиқотларга кўра, бу дори қўлланганида, COVID-19га чалинган беморларнинг соғайиш муддатини 4 кунгача қисқартириш мумкин. Ушбу муддат ўпканинг яллиғланиш жараёни тезлашган оғир аҳволдаги бемор ҳаётини сақлаб қолишда муҳим экани таъкидланади.

"Ремдесивир" аксар дорихоналарда йўқ, борида ҳам 1 тадан сотилмоқда

Озодлик мухбири 5 октябрь куни пойтахтдаги 10 га яқин дорихона билан мижоз тариқасида боғланди.

Ва бир хил - “Ремдесивир” препарати умуман йўқ, қачон келиши ҳам номаълум, деган жавобни оллди.

Pharmaclick.uz онлайн дорихонаси ходимининг сўзларига кўра, ушбу дори воситасининг охирги флакони 5 октябрь куни, 1 миллион 175 минг сўмдан сотилган.

“Бизники Ҳиндистондан келтириляпти. Қачон келишини биз билмаймиз. Кейинги ҳафта боғланиб кўринг. Нечта келган тақдирда ҳам, 1 та рецептга 1 та флакон сотамиз",- деди дорихонанинг “Ремдесивир” препарати савдоси учун махсус ажратилган телефонига жавоб берган ходим.

У препарат "қора бозор"да қиммат нархларда сотилаётганидан бехабарлиги ва шифокорнинг қатъий рецепти асосида, ўта чекланган миқдорда сотилаётганини айтди.

Онлайн дорихонадан олинган маълумотга кўра, дори воситаси Ҳиндистондаги BDR Pharmaceuticals Int. ширкати томонидан ишлаб чиқарилган. Бу давлатдаги дорихоналарда айни препаратнинг нархи 70 доллар атрофида.

Телеграм тармоғидаги таклиф

5 октябрь куни Озодлик Телеграм ижтимоий тармоғидаги бир неча гуруҳда айни дори сотилаётгани ҳақидаги эълонларни учратди.

Телеграм тармоғида берилган эълон, 2 октябрь, 2020
Телеграм тармоғида берилган эълон, 2 октябрь, 2020

Озодлик ушбу тармоқда айни сурат билан турли муддатларда эълон берган икки аккаунт эгасига мижоз тариқасида онлайн буюртма берди, аммо жавоб ололмади.

Телеграм тармоғида берилган эълон, 27 сентябрь, 2020
Телеграм тармоғида берилган эълон, 27 сентябрь, 2020
Телеграм тармоғида берилган эълон.
Телеграм тармоғида берилган эълон.

Фармацевтика агентлиги изоҳ бермади

Озодлик коронавирус беморлари учун ҳаёт-мамот масаласига айланган ушбу дорининг дорихоналардан йўқолиб, "қора бозор"да қиммат нархда сотилаётганига оид саволлар билан Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига боғланди.

Агентликнинг хориждан дори воситаларини келтиришга масъул, деб тақдим қилинган бошқармаси - Ишлаб чиқариш масалалари бошқармаси мулозими, мухбир саволларини эшитди. Аммо Озодлик радиосидан боғланганини билиши биланоқ, телефон гўшагини қўйди. Мулозимга қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Агентликнинг бошқа бўлимдаги масъуллари эса, "фақат шу бошқармадан жавоб олиш мумкин", деган важ билан саволларни очиқ қолдирди.

СЭС: Препарат "алоҳида рецепт" асосида сотилмоқда

Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тизимида ишлайдиган масъулнинг айтишича, препарат мамлакатга жуда оз дозада келтирилмоқда.

Исми очиқланмаслигини сўраган масъулга кўра, бу дори Тошкентда оғир аҳволдаги коронавирус беморлари даволанаётган саноқли шифохонанинг бош шифокорлари берган "махсус рецепт" асосида сотилмоқда.

"ТошМИ, Зангиота, Вирусология институти клиникасида ётибди оғир беморлар. Ўша беморларга қараётган бош шифокорлар алоҳида рецепт беряпти. Уларнинг ўзи айтади, қайси дорихонада борлигини. Фақат шу йўл билан сотиляпти ҳозир бу дори. Чунки, аҳволни кўриб турибсиз, Американинг ўзида етмаяпти бу дори, ажиотажнинг олди олиняпти", - деди агентлик мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Унинг айтишича, "Ремдесивир" препаратининг илк партияси июнь ойида Европадан келтирилган. Ҳозирда Ҳиндистон ва Покистондан импорт қилинмоқда.

"Эсингизда бўлса, ҳокимлар касал бўла бошлади. Ўшанда Европадан жуда оз партия, қиммат нархда олиб келинди, шифокорлар қўллаб кўришди, қарашса, натижа яхши. Кейин 500 - 1000 дозадан олиб келина бошланди. Ҳозир шу кунларда қанча келяпти, билмайман тўғриси",- деди агентлик мулозими.

Препаратни "президент оиласига яқин гуруҳ келтирмоқда"

Озодлик манбаларининг иддао қилишича, Ўзбекистонга хориждан келтирилаётган коронавирус дорилари, шу жумладан, "Ремдесивир" препарати импорти билан ҳам президент оиласига яқин бўлган гуруҳ шуғулланмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тизимида ишлайдиган масъулнинг иддаосича, айни гуруҳ шу йилнинг июлида Хитойдан “Lianhua Qingwen Jiaonang” дорисини келтирган:

"Эсингизда бўлса, Хитойдан келтирилган дорини Зангиотадаги шифохонага топширган спортчи йигитнинг расмлари Интернетга чиқиб кетган эди. Худди ўша битта группа четдан коронавирус дориларини "спецдоставка" билан олиб киряпти. Бошқа ҳеч кимга рухсат йўқ".

Шу йилнинг 26 июлида маҳаллий нашрлар Ўзбекистонга Хитойдан коронавирусга қарши “Lianhua Qingwen Jiaonang” деб номланган "самарали" дори олиб келингани ҳақида ёзган эди.

Хабарларда дорининг катта партияси президентнинг кенжа куëви Отабек Умаров номидан Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилган кўп тармоқли махсус шифохонага топширилгани айтилган.

26 июль куни ММА бўйича жаҳон чемпиони М. Хонтўраев “Lianhua” дориларини ўша кезда Ўзбекистон ММА ассосиацияси президенти бўлган Отабек Умаров номидан Зангиотадаги махсус шифохонага топширгани ҳақда Effect.uz хабар берган.
26 июль куни ММА бўйича жаҳон чемпиони М. Хонтўраев “Lianhua” дориларини ўша кезда Ўзбекистон ММА ассосиацияси президенти бўлган Отабек Умаров номидан Зангиотадаги махсус шифохонага топширгани ҳақда Effect.uz хабар берган.

Хитойдан келтирилган препаратларни сотувга қўйган шахслардан бири Озодлик мухбирига “Lianhua” препаратлари Хитойдан Ўзбекистонга "орқаси бақувват каттакон”лар ёрдамида олиб келинганини айтган.

Дорилар "қора бозор"ини Бош прокуратура ҳам айтган

Ўз вақтида Озодлик бу дори воситаларининг асосий қисми дорихоналарда танқислиги, "қора бозор"га қиммат нархларда чиқиб кетгани ҳақида ёзган эди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши қўлланилаётган ва эҳтиёж катта бўлган дориларнинг “қора бозор”да бир неча баробар қиммат нархларда сотилаётганини Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам тасдиқлаган.

17 август куни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳам, “Арбидол”, “Плаквенил” ва “Клексан” номли дориларга аҳоли талаби ошгани, сўнгги ойларда бу дорилар танқислиги юзага келганини билдирган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 июль кунги видеоселектор йиғилишида дори тақчиллиги масаласига тўхталиб, ҳукуматга дори воситаларининг 3 ойлик заҳирасини яратишга топшириқ берганди.

5 октябрь кунги суриштирувлар давомида Озодлик дорихоналарда коронавируснинг енгил тури билан оғриётган беморларга бериладиган таблеткалар қисман пайдо бўлганини аниқлади.

Бироқ оғир аҳволдаги беморлар учун ўта зарур бўлган дорилар ҳануз тақчил ва "қора бозор"да қиммат нархларда сотилмоқда.

"ССВ ўзи қурган қопқонга тушиб қолди"

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) шу йилнинг 4 августида COVID-19 касаллигини даволашда қўлланиладиган дори воситаларининг янгиланган рўйхатини эълон қилган.

Вазирлик тавсиясига кўра, "Ремдесивир" коронавирусга чалинган ўрта оғир ва ўта оғир аҳволдаги беморларни даволашда қўлланилади.

Бундан ташқари, ССВ вазири COVID-19 беморлари давлат ҳисобидан даволанаётгани, ўрта аҳволдаги беморга 32 миллион сўм, жонлантириш бўлимидаги оғир беморга ўртача 64 миллион сўмдан сарфланаётганини маълум қилганди.

ССВ тизимидаги манбага кўра, пойтахтдаги йирик шифохоналарда даволанаётган беморларга кетадиган дориларнинг аксар қисми ҳануз давлат ҳисобидан қопланмоқда.

Унинг айтишича, ҳозирда беморларга уларнинг аҳволига кўра, 32 миллион сўмдан 82 миллион сўмгача маблағ ажратилмоқда:

"Ремдесивир" ҳам рўйхатда бор. Лекин, беморларнинг реал сони расмий рақамдан кескин фарқ қилади. Шу сабабли, расмий рўйхатга кирмаган беморлар 200$ бўлса ҳам оламан, деб излаб юришибди. ССВнинг раҳбарияти ўз қурган қопқонга тушиб қолди. Биринчидан, реал касалланишни яшириб, раҳбариятга яхши кўринмоқчи бўлаяпти. Иккинчи томондан эса, беморлар расмий сони кам бўлгани учун етарли маблағ ажратилмаяпти. Оқибатда, жабрини оддий инсонлар тортяпти".

"Ремдесивир" дунёда ҳам танқис

"Ремдесивир" COVID-19 муолажасида қўлланилаётган энг самарали восита бўлиб қолаётгани боис, нафақат Ўзбекистон, балки дунёда танқис.

Бу дори 2015 йилда, АҚШдаги Gilead Sciences компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

Аввалига бу препарат "Гепатит С" ва , "Эбола безгаги"га қарши антивирус сифатида қўлланилган.

2020 йилнинг апрелига келиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу препаратни коронавирус беморларига қўллаш мумкин, деган хулоса берди, май ойидан АҚШда қўллана бошлади.

Препаратни тайёрлаган Gilead Sciences ширкати эса, дунёда эҳтиёж ортиб бораётганидан, май ойида айни таркибдаги препаратни ишлаб чиқариш ҳуқуқини Ҳиндистон ва Покистондаги 5 та ширкатга берди.

Томонлар ўртасидаги келишувга кўра, бу ширкатлар "Ремдесивир"ни дунёнинг 127 давлатига сотиши мумкин.

Gilead Sciences ширкати ишлаб чиқараётган препаратнинг 100 миллиграми нархи 390 АҚШ доллари, Ҳиндистондаги ширкатлар ишлаб чиқараётган айни препарат нархи эса, 70 АҚШ доллари атрофида.

COVID-19 терапияси учун бу доридан, одатда, 6 марта - жами 600 миллиграм миқдорида вена орқали бемор танасига юборилади. Препарат бемор танасидаги вирусларни блоклаб, уларнинг кўпайишини кескин қисқартиради.

Аммо бу препарат беморда ўлим хавфини камайтирадими, йўқми, ҳануз ноаниқ.

Бундан ташқари, унинг бемор жигари ва бошқа ички аъзоларига салбий ён таъсири борлиги ҳақида ҳам хавотирлар мавжуд.

XS
SM
MD
LG