Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Коронавирусга қарши дорилар “қора бозор”га чиқиб кетди


 Мамлакат дорихоналарида кейинги икки ҳафта ичида вирусга қарши дорилар тақчиллиги кузатилмоқда.
Мамлакат дорихоналарида кейинги икки ҳафта ичида вирусга қарши дорилар тақчиллиги кузатилмоқда.

Ҳукуматнинг дори тақчиллигига барҳам бериш ҳақидаги ваъдаларидан бир ҳафта ўтиб ҳам вазият ўнгланмади: дорихоналарда вирусга қарши дори-дармон тақчиллиги кузатилмоқда.

Айни пайтда талаб кучли аксар дорилар “қора бозор”да номинал нархидан 20 баробаргача қиммат сотилаётганини Бош прокуратура ҳам тан олди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати раҳбари дори тақчиллиги билан ҳолат яқин кунларда ўнгланишини айтди.

Covid-19 дан даволанаётган тошкентлик йигитнинг 21 июль куни Озодликка айтишича, пойтахт дорихоналарида вирусга қарши дориларни топиш амримаҳол:

“Кагацел ва арбидол умуман йўқ. Плаквенил - умуман топиш қийин дори. Эргоферонни ҳам топиш қийинроқ. Доктор ёзиб берган антибиотик Азимак 500 (таркиби ацитромецин) ҳамма дорихонада ҳам йўқ. Аммо яхшироқ изласангиз топса бўлади”.

8 кундан бери даволаниб, аҳволи ўнгланганини айтган тошкентлик йигитга кўра, аксар дорилар “қора бозор”га чиқиб кетган:

“Коронавирусни аниқлайдиган экспресс тестлар фақат қўлда. Арбидол ва Эргоферонни ҳам қўлдан топасиз. Кўпинча Телеграм орқали эълон беришади. Фалон дори, фалон сўмдан бор деб. Кейин улар билан боғланиб, сотиб оласиз”.

Интернетдаги эълонлардан бирида Арбидол 502 минг сўмдан сотувга қўйилгани айтилган. Озодлик эълондаги телефон рақамига қўнғироқ қилиб, туша олмади.

Телеграм тармоғида эълон қилинган эълонда эса Covid-19 ни аниқлайдиган экспресс тест сотилаётгани айтилган. Озодлик бу эълондаги телефон рақамига ҳам 21 июль куни бир неча бор телефон қилиб, боғлана олмади.

Телеграмда берилган эълонлардан бири.
Телеграмда берилган эълонлардан бири.

Озодлик мухбири 21 июль куни Тошкентнинг турли худудларида жойлашган бир қанча дорихонага мижоз сифатида қўнғироқ қилиб, вирусга қарши дориларни сўради.

Дорихоналардан олинган жавоблар 15 июль кунги жавоблар билан бир хил бўлди: Вирусга қарши ва иситмани туширувчи аксар дорилар йўқ.

Озодлик 21 июль куни боғланган Тошкентдаги дорихоналарда қуйидаги дорилар йўқлиги маълум бўлди:

  • Арбидол
  • Эргоферон
  • Лопинавир
  • Авиган
  • Азимак
  • Кагацел
  • Плаквенил

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:17 0:00
Бевосита линк

Дори тақчиллиги нафақат пойтахтда балки вилоятларда ҳам давом этмоқда.

Самарқандлик йигитнинг айтишича, ҳукумат ваъдаларига қарамай, вилоят дорихоналарида вирусга қарши дорилар етишмовчилиги барҳам топмаган:

“Самарқандда вирус ва инфекцияларга қарши дори-дармонлар тақчиллашди. Бори ҳам дорихона эгалари томонидан жуда қиммат нархда сотилмоқда. Туманларни айтмаса ҳам бўлади. Масалан, Самарқанд шаҳрида пандемиядан олдин “Эргоферон” таблеткалари 35 минг сўм эди, ҳозир бир неча ўн бараварга қимматлади. “Арбидол”ни ҳам бутун вилоятдан топиб бўлмайди. Раҳбарлар айтган дори захираси қани?”

Куни кеча Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ўтказган рейдларда вирусга қарши дориларни “қора бозор”да пуллаётган бир неча киши ушланди.

Расмий хабарга кўра, пойтахтнинг Учтепа, Чилонзор, Яккасарой туманларидаги рейдлар пайти “қора бозор”да Арбидол таблеткасининг бир қутиси 600 минг сўмгача бўлган нархда сотилаётгани аниқланган.

Юқоридаги видеода департамент ходими пойтахт дорихоналарида тақчил бўлган дорилар “қора бозор”даги сотувчилар қўлида 100-200 қутилаб топилгани ҳақида гапирган.

Озодлик Ўзбекистондаги дори-дармон ишлаб чиқарилиши учун масъул ҳисобланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига боғланди.

Агентлик матбуот котиби Қизлархон Хўжаевадан қуйидаги жавобни олдик:

- Мен ҳозир ўзим аптекага чиқиб, тушдим. Иситмага қарши дорилар бор ҳаммаси. Нимага ваҳима кўтарасизлар? Ёнимдаги ҳамма аптекада бор, ишхонамнинг ёнидаги ҳамма аптекада ҳам бор.

Озодлик: Вирусга қарши дорилар-чи? Масалан, Арбидол, Эргоферон, Лопинавир, Авиган...

- У дориларнинг ҳам таъминланиши кўзда тутилган. Яқин кунларда у дорилар ҳам аптекаларга келади.

Озодлик: Қачон келади? Ҳозир касал бўлаётган одамлар нима қилсин?

- Ҳозир касал бўлаётган одамлар шифокорга мурожаат қилсин. Мен фармацевт эмасман. Мен сизга ўхшаган журналистман...

Президент Мирзиёев ҳам дори етишмовчилиги муаммоси мавжудлигини тан олиб, дори воситаларининг уч ойлик захирасини яратишга топшириқ берди.

18 июлдан фармацевтика маҳсулотларини Ўзбекистондан экспорт қилиш, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан уларни олиб чиқиш вақтинча тўхтатилди.

21 июлдан уйда даволанаётган беморларга бепул дори-дармон қутичалари тарқатилиш бошланди.

XS
SM
MD
LG