Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:55

Ваъда қилинган пулни ололмаган сардобаликлар иккинчи кун Вазирлар Маҳкамаси олдида тунамоқда (ВИДЕО)


Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида икки кундан бери тунаётган сардобалик арзчилар.
Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида икки кундан бери тунаётган сардобалик арзчилар.

1 октябрь куни Сирдарё вилояти, Сардоба тумани, "Дўстлик" маҳалласида яшовчи саккиз фуқаро Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов қабулига еттинчи марта арз қилиб борди.

Уч кун аввал Вазирлар Маҳкамаси мулозими сўзларига ишониб, уйларига қайтган сардобаликларга кўра, ваъда қилинган пул берилмагач, улар яна Тошкентга арз қилиб келишган.

Сардоба тошқинида уйлари вайрон бўлган арзчилар ҳукумат ажратган 40 миллион сўмлик ёрдам пули ўзларига берилмагани даъвоси билан 5 ойдан буён шикоят қилиб келяпти.

Икки кундан бери Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида тунаётган сардобаликларга кўра, улар Бош вазир билан учрашмагунча уйларига қайтмасликка қарор қилишган.

Сирдарё вилояти мулозимлари шикоятчи сардобаликларнинг талаби "ноқонунийлиги"ни айтишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда расмийлар 8 кишининг арзини қаноатлантирмасликка қарор қилинганини билдирди.

Арипов қароргоҳига еттинчи юриш

1 октябрь куни кечки соат 7ларда Тошкентдаги Вазирлар Маҳкамаси биноси олдига келган сардобалик саккиз киши Абдулла Арипов билан учрашмасдан уйга қайтмасликларини айтишди.

“Биз кеча келиб, тунда шу ерда ухладик. Бетонда ётдик, кечаси жуда совуқ бўлди, лекин чидаймиз. Бугун ҳам шу ерда ухлаймиз. Бугун Вазирлар Маҳкамасидан бир киши чиқиб, нима учун келганимизни сўраб кетди, бошқа ҳеч ким чиқмади олдимизга. Тошкентга олти марта келиб, ишимиз битмади. Бу еттинчи марта, шу сафар Абдулла Арипов билан учрашмасдан Сардобага қайтмаймиз”, деди арзчилардан бири, Умида Қаршибоева.

Сардобаликлар Вазирлар Маҳкамаси олдида тунамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00

“Мулозимлар ваъдасига алдандик”

28 сентябрь куни саккиз сардобалик Бош вазир идорасига олтинчи марта арз қилиб келган пайти Вазирлар Маҳкамаси мулозими уларнинг шикояти ижобий ҳал қилинишига ваъда берган.

Мулозим билан учрашув пайти ёзиб олинган аудиода саккиз кишининг ҳар бирига Сардобага қайтиши билан 40 миллион сўмдан пул берилиши ваъда қилинган. (Озодликда ушбу аудио нусхаси мавжуд)

Расмийларнинг ваъдасига ишониб, уйларига қайтган арзчиларнинг Озодликка айтишича, 29 сентябрь куни улар “Халқ банки”га бориб ариза ёзган ва банк ходимлари бир кундан сўнг уларга пул берилишини айтган.

Бироқ эртасига уларга 40 миллион сўм берилмаслиги айтилган.

“Бизни яна алдашди. Карталаримизга фақат 10 миллион сўмдан пул туширамиз, дейишди. Буниям бир ҳафта ичида тушираркан. “Кейин ер берамиз, уй қуриб оласизлар. Қурилишига ёрдам берамиз”, дейишди. Лекин биз бу гапларга ишонмаймиз. Ўйин қилишяпти. Тошкентдан бизга “пул оласизлар” деб жўнатди. Вилоятда эса яна алдашди. Шунинг учун биз яна Тошкентга келишга қарор қилдик”, дейди шикоятчилардан яна бири, Одина Комилова.

Ваъда қилинган пулини ололмаган сардобаликлар Вазирлар Маҳкамаси олдида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:32 0:00

Мулозим: Арзчилар талаби ноқонуний

Сирдарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази бошлиғи Ўлмас Мамадалимов сардобалик саккиз шикояти талабини ноқонуний, деб ҳисоблашини айтди.

“Май ойида махсус комиссия бу саккиз кишининг уйини рўйхатга киритмаган. Уйлар бўш турган деб кўрсатилган. Улар бу уйларда яшамаган. 40 миллион сўм одамларнинг вайрон бўлган жиҳозлари учун берилди. Булар эса ноқонуний нарсани талаб қиляпти. Бўш турган уйини одам яшади деб, ёлғондан даъво қиляпти. Улар Кабминга қатнайвериб, безор қилгани учун ҳомийлар ҳисобидан уларга ёрдам бермоқчи бўлдик. 40 миллион сўмлик тартибга тўғри келмагани учун бошқа протокол қилиб, ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлар ёрдамида кўмак берамиз дедик. Лекин бунга рози бўлишмади. Улар талаб қилаётган нарса эса ҳеч қачон ҳал бўлмайди”, деди Ўлмас Мамадалимов 2 октябрь куни.

Ёрдам пулини ололмаган арзчилар гуруҳи

Шикоятчилардан бири - Дўстлик маҳалласида яшайдиган Умида Қаршибоеванинг Озодликка айтишича, Сардоба сув омборидаги тошқин оқибатида унинг 5 хонали ҳовлиси вайрон бўлган.

“Ўн йилдан бери ўша уйда яшардик. Ҳужжатлари бор. Қўшнилар ИИБ борганида тасдиқлаган. Бу уйни қайнимнинг номига расмийлаштирганмиз. 10 та мол, 15 та товуқ, 10 та гилам, уйдаги барча рўзғор буюмлари оқиб кетди. 100 та мевали дарахтимнинг ҳаммаси қуриб қолди. Ҳаммасини ҳисобласа, 40 миллион эмас, 100 миллион сўмдан ошиб кетади”, дейди Умида Қаршибоева.

Унинг маҳалладоши Ойсара Исроилова ўғлининг тошқинда вайрон бўлган янги уйи учун ёрдам ололмагани сабаб шикоятчилар билан Тошкентга еттинчи бор келган.

Уч фарзанднинг отаси Носир Умрзоқов 15 йилдан бери яшаган уйи вайрон бўлгани учун ёрдам пули берилмагани учун шикоятчилар сафига қўшилганини айтди.

Одина Комилова ўзи яшаган уй учун, Шуҳрат Йўлдошев ва Ихтиёр Очилов оналаринг уйлари учун, Музаффар Султонов ногирон опасининг уйи учун товон сўраб, курашиб келаётганини айтишди.

Шаҳодат Узоқова эса янги қурилаётган уйининг қурилиш материаллари оқиб кетгани учун товон талаб қилмоқда.

Шикоятчилар гуруҳи 17 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповга бешинчи марта арз қилиб борган пайти уларни ҳеч ким қабул қилмаган ва орган ходимлари тазйиғида яна Сирдарёга жўнатиб юборилганди.

Уйини сел ювган сардобаликлар Вазирлар Маҳкамасидан мажбуран Сирдарёга олиб кетилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:19 0:00

Сардоба туманидаги "Дўстлик" маҳалласи 1 май куни Сардоба сув омборида юзага чиққан техноген фалокат оқибатида энг катта талафот кўрган ҳудудлардан биридир.

“Дўстлик” маҳалласи раиси Алишер Чинбоевнинг берган маълумотига кўра, маҳаллада жами 777та хонадон бўлиб, Сардоба омбори тошқинида уларнинг барчаси вайрон бўлган.

Ушбу маҳаллада яшовчи бошқа бир шикоятчилар гуруҳи - 28 та уй эгаси ҳам Тошкентга бир неча бор қатнади.

Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ортидан яшаб бўлмас ҳолга келган уйлари ўрнида уй қуриб беришни талаб қилаëтган бу гуруҳ ҳам бир неча бор ИИБ томонидан олиб кетилди.

Маҳалла раиси Чинбоевнинг 2 октябрь куни Озодликка айтишича, ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси олдида ётган 8 шикоятчидан ташқари, маҳаллада барчанинг, жумладан, 28 та уйда яшовчилар шикояти ҳам ҳал қилинган.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий маълумотларга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жорий йил 27 июлида терговнинг дастлабки хулосаларини эълон қилган.

Унда тўғоннинг ўпирилишига уч асосий омил сабаб бўлгани ўрганилаётгани айтилади.

Булар - лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.

Маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда терговнинг қанчалик холис ва шаффофлиги савол остига олинган.

XS
SM
MD
LG