Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Сардоба тошқини: Шикоятчилар Тошкентга олти марта борганидан сўнг ёрдам пули оладиган бўлди


 Сардоба туманининг "Дўстлик" маҳалласида яшайдиган ўн киши Сардоба сув омбори тошқинида вайрон бўлган уйлари учун ёрдам пули олмаганидан шикоят қилиб келган.
Сардоба туманининг "Дўстлик" маҳалласида яшайдиган ўн киши Сардоба сув омбори тошқинида вайрон бўлган уйлари учун ёрдам пули олмаганидан шикоят қилиб келган.

28 сентябрь куни Сирдарё вилоят, Сардоба тумани, "Дўстлик" маҳалласида яшайдиган ўнга яқин одам Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов идорасига олтинчи марта арз қилиб борди.

Икки ҳафта аввал ИИБ бошчилигида Тошкентдан ҳайдалган шикоятчилар билан бу сафар Вазирлар Маҳкамаси мулозими учрашиб, уларнинг шикояти ижобий ҳал қилинишига ваъда берган.

Сардоба тошқинида уйлари вайрон бўлган арзчилар ҳукумат ажратган 40 миллион сўмлик ёрдам пули ўзларига берилмагани сабаб 5 ойдан бери шикоят қилиб келаётганди.

Арзчиларнинг Озодликка айтишича, 29 сентябрь куни улар “Халқ банки”га бориб ариза ёзган ва банк ходимлари бир кундан сўнг уларга пул берилишини айтган.

Олтинчи уринишдаги натижа

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашиш истагида Тошкентга олтинчи марта борган сардобалик шикоятчилар ниҳоят уйларига ижобий натижа билан қайтганига ишонмоқда.

29 сенябрь куни Озодлик гаплашган сардобаликларга кўра, норозилар билан душанба куни учрашган Вазирлар Маҳкамаси мулозими улар шикоятининг ҳал этилишини ваъда қилган.

“Кеча Вазирлар Маҳкамасида биз билан хоразмлик бир йигит учрашди, исмини унутдим. Биз билан жуда яхши гаплашди. У шикоятимизни эшитгач, маҳалламиз раиси Алишер Чинбоевни Тошкентга чақиртирди. Кейин вилоят ҳокими ўринбосари Анвар Каримовга бизнинг пулимизни зудлик билан бериш ҳақида буюрди. Кейин биз Сардобага қайтдик”, деди исмини очиқламасликни сўраган сардобалик аёл.

29 сентябрь куни Дўстлик маҳалласида яшовчи ўн шикоятчи “Халқ банки”га бориб ариза ёзган ва уларга пул бир кундан кейин берилиши айтилган.

“Банкка бориб ариза ёздик. Аризани компьютерда ёзишган экан, нима ёзилганини очкисиз ўқий олмадим. Ҳаммамиз қўл қўйиб бердик. Эртага ҳар биримизга янги пластик карта беришини ва пул шу картага тушишини айтишди. Ҳозир хурсанд бўлиб уйга қайтяпмиз”, деди сардобалик аёл 29 сентябрь куни Тошкент вақти билан кечки соат 6 га яқин.

Озодлик мухбири шикоятчиларга қанча пул берилиши режаланганини билиш мақсадида “Халқ банк”ига телефон қилди¸ аммо қўнғироқларга жавоб бўлмади.

Сардоба туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган ходими сардобалик шикоятчилар иши билан Сирдарё вилоят ҳокимлиги шуғулланаётганини билдирди.

Сирдарё вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, шикоятчи сардобаликлар иши вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримовга топширилган.

“Анвар ака Камбағалликни қисқартириш ва иқтисодиётни ривожлантириш масалалари бўйичи 1-зам бўлиб ишлайди. У бугун бу иш билан шуғулланди. Ҳаммаси ҳал бўлган. Энди ишнинг давомини Мурожаатлар бўлими назорат қилади”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган ҳокимлик ходими.

Ёрдам пулини ололмаган арзчилар гуруҳи

Шикоятчилардан бири - Дўстлик маҳалласида яшайдиган Умида Қаршибоева ўғлининг сел ювиб кетган уйи учун ҳеч қандай ёрдам ололмаганидан кейин арзчилар сафига қўшилганини айтади.

Унинг маҳалладоши Ойсара Исроилова ҳам ўғлининг тошқинда вайрон бўлган янги уйи учун ёрдам ололмагани сабаб шикоятчилар билан Тошкентга 6 марта қатнаган.

Иккала аёл ҳам президент ваъда қилган 40 миллион сўм ёрдам пулини олмаганини айтишди.

Ушбу ёрдам пулини олмаганини айтган арзчилар гуруҳининг қолган саккиз аъзоси ўз шахси сир қолишини истади.

Ўн кишилик шикоятчилар гуруҳи 17 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповга бешинчи марта арз қилиб борган пайти уларни ҳеч ким қабул қилмаган ва орган ходимлари тазйиғида яна Сирдарёга жўнатиб юборилганди.

Уйини сел ювган сардобаликлар Вазирлар Маҳкамасидан мажбуран Сирдарёга олиб кетилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:19 0:00

Сардоба туманидаги "Дўстлик" маҳалласи 1 май куни Сардоба сув омборида юзага чиққан техноген фалокат оқибатида энг катта талафот кўрган ҳудудлардан биридир.

"Дўстлик" маҳалласида яшовчи бошқа бир шикоятчилар гуруҳи - 28 та уй эгаси ҳам Тошкентга бир неча бор қатнади.

Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ортидан яшаб бўлмас ҳолга келган уйлари ўрнида уй қуриб беришни талаб қилаëтган бу гуруҳ ҳам бир неча бор ИИБ томонидан олиб кетилди.

Озодликда ҳозирча бу гуруҳ шикоятларининг натижаси қандай бўлгани ҳақида янги маълумот йўқ.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонинг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

XS
SM
MD
LG