Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:33

ЕИ Беларусга қарши санкциялар борасида келишувга эришишга уринмоқда


Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Жозеп Боррель Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашади
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Жозеп Боррель Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашади

21 сентябрь куни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Брюсселда Беларусга қарши санкция жорий қилиш масаласида юзага келган келишмовчиликка ечим топишга уринади.

Шу куни Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг Брюсселда ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель ҳамда блокка аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан музокаралари режаланган.

ЕИ уч ҳафта олдин Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижалари сохталаштирилиши ва намойишчиларга қарши кескин чораларга алоқадор расмийларга нисбатан санкция жорий қилинишини эълон қилган эди.

ЕИ Минск ҳукуматига қарши санкциялар рўйхатини тузган, аммо Кипр унга эътироз билдирган. Кипр Беларусга санкция жорий қилишдан олдин Ўрта ер денгизида табиий газ қазиб олиш масаласида Туркия билан келиб чиққан келишмовчиликни ҳал қилишни талаб қилмоқда.

Беларусда амалдаги президент Александр Лукашенкога қарши намойишлар олти ҳафтадан бери тинмаяпти. 20 сентябрь куни мамлакат полицияси норозилик акциясига чиққан юзлаб одамни ҳибсга олди.

17 сентябрь куни Европа парламенти ноябрь ойида Лукашенконинг жорий муддати тугаши ортидан уни Беларусь президенти ўлароқ тан олмаслик ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.

Беларусь мухолифати ва ғарб давлатлари сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келади.

21 сентябрь куни Литва, Польша ва Руминия президентлари ЕИдан Беларусь учун ёрдам дастури тайёрлашни сўрашларини билдирдилар. Таклиф қилинаётган дастур Минскка ЕИ билан қулай савдо режими ўрнатиш, визасиз саёҳат ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш йўлидаги ёрдамни назарда тутади.

Уч давлат президентлари эълон қилган билдиришда «Халқаро ҳамжамиятни Европа Иттифоқи ҳамда аъзо давлатларга Беларусь учун ижобий кун тартибини ҳозирлаш ва мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўтиш жараёнини дастаклашга доир чоралар пакетини тузишда кўмаклашишга чорлаймиз», дейилади.

ЕИ унга аъзо барча 27 давлат рози бўлсигина санкция жорий қила олади.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен 16 сентябрь куни сўзлаган нутқида ҳар бир мамлакатда вето ҳуқуқи бўлгани учун ЕИ сиёсати қўли боғланиб қолганидан афсус билдирган.

ЕИ Кипр ва Грециянинг Ўрта ер денгизида Туркия кўраётган чоралар ноқонуний экани ҳақидаги иддаоларини қўллаётган бўлса-да, Германия Афина ва Анқара ўртасида дипломатик ечим топишга уринмоқда.

Германия расмийлари Туркияга қарши санкция жорий қилиш Анқаранинг ғазабини қўзғаб, Сурия ва Ливиядаги можароларга ечим топишни мушкуллаштиришини айтмоқдалар.

Дипломатларнинг сўзларига кўра, Беларусга қарши санкциялар масаласи бугун ечилмаса, ушбу масала 24-25 сентябрга белгиланган ЕИ саммитида қайта кўриб чиқилади.

XS
SM
MD
LG