Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:42

Беларусь халқи мухолифат рамзига айланган байроқ ёрдамида намойишчиларни қўлламоқда


Минскликлар балконларига Александр Лукашенко режимига қарши кураш рамзига айланган оқ-қизил байроқни илмоқда.
Минскликлар балконларига Александр Лукашенко режимига қарши кураш рамзига айланган оқ-қизил байроқни илмоқда.

Беларусда балконлардан тортиб, кир ёйиш ипларигача авторитар президент Александр Лукашенкога қарши кураш рамзига айланган қизил ва оқ рангли байроқ ва унинг турли шаклдаги тимсолларига тўлди.

Қизил ва оқ рангли байроқ бундан юз йил олдин қисқа муддат яшаган демократик Беларусь республикаси байроғидир.

Мамлакатда президент Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари қарийб бир ойдан буён давом этмоқда.

Беларусь расмийларининг мухолифат рамзига айланган байроқни кўздан йўқ қилиш уринишлари ҳамда унга қўйилган норасмий тақиққа қарамасдан, кўча ва балконлар бундай символикага тўлди.

Хусусан, айримлар оқ ва қизил кийимларини кийим қуритиш ипларига кетма-кет илди. Айримлар эса балконларига очиқчасига оқ ва қизил рангли байроқни илди.

Баъзи ерларда эса чироқлар қизил ва оқ рангга алмаштирилиб, бутун бошли бинолар Лукашенкога қарши кураш маёқларига айлантирилди.

Хабарларга кўра, хавфсизлик кучлари ходимлари мухолифат рамзи илинган уйлар ва дўконлар деразаларини синдирган.

1918 – 1919 йилларда яшаган Беларусь Миллий Республикасининг қизил ва оқ рангли байроғи 1991 – 1995 йилларда Беларуснинг расмий байроғи эди. Аммо 1995 йилда ўтказилган мунозарали референдум ортидан Лукашенко ташаббуси билан бу байроқдан воз кечилиб, совет стилидаги қизил-яшил байроқ қабул қилинди.

Совет даврида колхоз раиси бўлиб ишлаган Лукашенко ҳукумат позициясига зид ҳар қандай фикр ва рамзларга қарши курашиб келади.

Референдумдан кейинги йилларда оқ-қизил байроқ мухолифат рамзига айланди ва ундан фойдаланганлар жаримага тортила бошланди.

9 августда бўлиб ўтган сайлов ортидан бошланиб кетган норозилик намойишларида қизил ва оқ рангли байроқ билан қатнашган юзлаб намойишчи қўлга олинди.

Ижтимоий тармоқларда эса балконлардан мухолифат рамзини олиб ташлаётган ҳукумат «нинзялари» видеолари тарқалди.

Айрим ҳолатларда расмийларнинг байроқни олиб ташлаш уриниши муваффақиятсизлик билан якунланди. Хусусан, кўтаргич кранда кўтарилган ишчилар қўли байроққа етай деганда байроқ эгаси уни нарироққа олиб кетгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг улашилди. Яна бир ҳолатда эса кўтаргич кранда кўтарилган ишчи байроқни олиб ташлаш ўрнига уни тузатиб қўйди ва белоруслар меҳрини қозонди.

Айрим мактабларда оқ ва қизил рангли кийимдаги ўқувчилар муайян тарзда ўтириб, мухолифат рамзини яратдилар.

Мамлакат бўйлаб белоруслар мухолифат рамзи орқали намойишчиларни қўллаётганларни кўриш мумкин. Ҳатто айрим келинлар оқ кўйлак ўрнига оқ ва қизил кўйлак кийди.

Лукашенко аҳолининг эътирозлари рамзини кўриш учун узоққа бориши шарт эмас: ой бошида ҳакерлар ҳужуми ортидан президент сайтига оқ ва қизил байроқ сурати юкланди.

XS
SM
MD
LG