Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:37

Беларусь мухолифатининг ғойиб бўлган аъзоси Украина чегарасида «қўлга олинди»


Мария Колесникова
Мария Колесникова

Беларусь Давлат чегара хизмати расмийлари ва гувоҳлар таниқли мухолифатчи Мария Колесникова 8 сентябрда Беларусь-Украина чегарасида қўлга олинганини маълум қилдилар.

Хабарларга кўра, Колесникова чегарага эрталаб соат 5:00 да бир кун олдин ғойиб бўлган бошқа икки мухолифат етакчиси – Антон Родненков ва Иван Кравцов билан борган.

Уларнинг учаласи ҳам Мухолифат мувофиқлаштирув кенгашининг аъзоларидир. Мухолифат мувофиқлаштирув кенгаши 9 августда ўтган сайловда Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан ташкил этилган.

Беларусь Давлат чегара қўмитаси вакили Антон Бичковский бошида мухолифат етакчилари мамлакатни тарк этганини эълон қилган эди.

Аммо кейинроқ Беларусь давлат телеканали Бичковский Колесникова чегарани кесишга уринаётганида «қўлга олинганини» айтганини хабар қилди.

Родненков билан Кравцов эса Украинага ўтиб кетгани айтилмоқда. Украина Давлат чегара хизмати Колесникова Украинага ўтмаганини, аммо Родненков билан Кравцов чегарадан ўтганини тасдиқлади.

Колесникова Украинага киритилиши олдини олиш учун ўз паспортини йиртиб ташлагани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаб бўлмади.

Сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган мухолифат номзоди Светлана Тихановская Колесниковани зудлик билан озодликка чиқаришга чорлади.

7 сентябрь куни Tut.by нашри гувоҳ сўзларига таянган ҳолда Колесникова Минск марказида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини хабар қилган эди. Орадан кўп ўтмай Родненков ва Кравцов яқинлари улар билан ҳам алоқа йўқолганини маълум қилдилар.

Европа Иттифоқи мухолифатнинг кўзга кўринган вакиллари ғойиб бўлиши ортидан Лукашенкони мухолифатни қўрқитиб, таслим қилишга уринишда айблади.

Тинч намойишлар бошланганидан бари минглаб одам қўлга олинди, журналистларга босим кучайди.

Германия Беларусь расмийларидан ғойиб бўлганлар ҳақида маълумот беришни ҳамда сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришни талаб қилмоқда.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас:

«Беларусдаги барча сиёсий маҳбуслар қаердалиги ойдинлик киритилишини ва улар озодликка чиқарилишини талаб қиламиз», деди.

8 сентябрь куни сайлов ортидан Литвага қочиб ўтган мухолифат номзоди Тихановская Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси қошидаги Сиёсий ишлар қўмитасининг виртуал йиғинида иштирок этиб, Беларусдаги вазиятни муҳокама қилди.

Жорий ҳафтада Тихановская Польшага бориб, юқори лавозимли расмийлар билан учрашади.

Беларусда президент Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари қарийб бир ойдан буён давом этмоқда. Норозиларнинг кўпи қўлга олинди, қийноққа солинди ва таҳқирланди.

XS
SM
MD
LG