Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:22

Навальнийнинг хотини кремлпараст врачнинг эри соғлиғини баҳолаш чақириғини танқид қилди


Алексей Навальний хотини Юлия билан
Алексей Навальний хотини Юлия билан

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная германиялик ва россиялик мутахассислардан иборат гуруҳ тузиб, заҳарланган Навальний соғлиғини баҳолашни таклиф қилган шифокорни президент Владимир Путиннинг «қўғирчоғи» деб атади.

6 сентябрь куни Навальная Instagramда Россиядаги тиббиёт муассасалари беморларга ўз «мулкидек» муносабатда бўлади, бемор қариндошларини алдаб, уларга беморни кўришга изн бермайди ва ўзи хоҳлаган тарзда қоидаларни ўйлаб топиб, шифохоналарни «қамоқхонага» айлантиради, деб ёзди.

5 сентябрь куни кейинги йилларда Путин ва унинг сиёсатини қўллаб келаётган 87 ёшдаги шифокор Леонид Рошаль Россиянинг Миллий тиббиёт палатаси Германия Шифокорлари палатасини Навальний соғлиғини баҳолаш учун қўшма гуруҳ тузишга чорлаганини айтган эди.

Германиялик шифокорлар ҳамда Навальнийнинг қариндошлари мухолифатчи Россия расмийлари томонидан совет даврида ишлаб чиқилган «Новичок» заҳарли моддаси билан заҳарланганини айтиб келадилар. Кремль эса бу айбловни кескин рад этмоқда.

«Доктор Рошаль, турмуш ўртоғим сизнинг мулкингиз эмаслигини айтмоқчиман. Унинг даволанишига ҳеч қандай алоқангиз бўлмаган, бўлмайди ҳам. Кейинги йиллардаги оммавий фаолиятингиз сизга ишонишимга ёки ҳурмат қилишимга йўл бермайди. Сиз шифокор ўлароқ эмас, балки ҳукумат одами ўлароқ ўзингизни тутяпсиз. Аҳволи сизни қизиқтирмаган беморга ёрдам беришни истамайсиз, балки маълумот қўлга киритиб, бошлиққа ёқиш пайидасиз. Гуноҳга ботманг, айниқса бу кекса ёшда», деб ёзди Навальная.

Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётган пайтида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган эди. Ўшандаëқ унинг тарафдорлари мухолифатчи қасддан заҳарланганини тахмин қилган эди.

Омск шифохонасида икки кун қолган Навальний махсус самолëт билан Германияга олиб келинди. Айни дамда у Берлиндаги «Шарите» шифохонасида сунъий комада қолмоқда.

Германия Москва Навальний заҳарланганини изоҳлаб бермаса, Россияга қарши чора кўрилишини билдирди. Хусусан, мамлакат расмийлари Берлин Россия газини Европага элтишни кўзловчи Nord Stream 2 («Шимолий оқим-2») лойиҳаси бўйича ўз позициясини ўзгартириши мумкинлигини айтишмоқда. АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари канцлер Ангела Меркелни лойиҳани тўхтатишга чорлаб келади.

4 сентябрь куни мухолифатчи Любовь Соболь Озодликка берган интервьюсида Навальнийнинг Россия Федерал хавфсизлик хизмати ёки Кремлга алоқадор тадбиркор Евгений Пригожин заҳарлаганига ишонишини айтди.

«На махсус хизматлар, на Евгений Пригожин Владимир Путиннинг тўғридан-тўғри буйруғисиз бу заҳарлашни уюштира олмаган бўларди», деди Соболь. Аммо мухолифатчи буни тасдиқловчи далил келтирмади.

Соболь Кремль Навальнийнинг «Оқил овоз бериш» кампанияси туфайли уни заҳарлаганини тахмин қилди. Мазкур кампания ой якунига белгиланган маҳаллий сайловларда иштирок этаётган мустақил ва мухолифат номзодларини қўлламоқда.

Соболь Россия ғарбида жойлашган Беларусда ҳамда мамлакат шарқида жойлашган Хабаровскда содир бўлаётган норозилик намойишлари келтириб чиқарган беқарорлик Россия етакчиларини ташвишга солиб қўйганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG