Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:20

Бош прокуратура порахўрни тутиб берганга пул бермоқчи. Мукофот учун бюджетдан йилига жами $50 минг ажратилиши мумкин


Амалдорни пора олаётганда тутиб берган ҳар бир ўзбекистонлик пора миқдорининг 15 фоизигача пул мукофоти олиши мумкин.

Бош прокуратуранинг бундай таклифи киритилган қарор лойиҳаси 19 августда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

БП ишлаб чиққан лойиҳа, муҳокама тугагач, Вазирлар Маҳкамаси қарори сифатида қабул қилиниши мумкин.

Иқтисодчи олим фикрича, сиёсий тизим ва Жиноят кодекси ўзгатирилмагунча, бундай қарорлардан наф йўқ.

Озодлик гаплашган таниқли тадбиркор эса¸ вилоят ҳокими муовинини пора устида ушлаб беришга урингани, бироқ бу ишга ДХХнинг кучи етмаганини айтди.

Муҳокамаси 3 сентябргача давом этадиган қарор лойиҳаси қабул қилинса, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

БП нимани таклиф қилаяпти?

Бош прокуратурага кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бергани учун оддий фуқаро ҳам, жамоат ташкилоти вакили ҳам, давлат органи, МФЙ ёки ҚФЙ ходими ҳам рағбатлантирилиши мумкин.

Бу ерда “рағбатлантириш” сўзи бежиз ишлатилмаяпти. Чунки коррупцияни фош этишда кўмаклашганларга давлат ташаккурнома билдириш ёки эсдалик совға бериб қўйиш билан ҳам чекланиши мумкин.

Пул мукофоти эса, Бош прокуратурага кўра, қуйидаги ҳолатларда берилади:

"коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлигидан
келиб чиқиб, бюджетдан базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ шу кунда 223 000сўм) 3 бараваридан 25 бараваригча, пора ёки зарар суммаси БҲМнинг 100 бараваридан ошган тақдирда пора (зарар) суммасининг 15 фоизгача миқдорда пул мукофоти билан рағбатлантирилади".

Яъни, агар фуқаро тутиб берган порахўр амалдор 22 300 000 сўм (БҲМнинг 100 баравари) билан ушланса, мукофот миқдори 3 345 000 сўмни ташкил қилади.

Бироқ порхўрни ушлаб берган фуқарога бу пул дарҳол санаб берилмайди. Бош прокуратурага кўра, “пул мукофоти билан рағбатлантириш масаласи коррупцияга қарши курашувчи органларда тузиладиган махсус комиссиялар томонидан, ташаккурнома ва эсдалик совға билан рағбатлантириш коррупцияга қарши курашувчи орган томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда”.

Кўлами беқиёс коррупцияга қарши курашга ажратилаётган тўртта сўм

Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300-500 млн сўм маблағ талаб этилади, дейилади қарор лойиҳаси муаллифи Бош прокуратура изоҳида.

(300-500 млн сўм коррупцияни фош этган фуқарога тўланадиган мукофот фондими ёки бу пул бошқа мақсадларга сарфланиб, мукофот ушланган пора миқдоридан тўланадими - бу БП изоҳидан тушунилмайди)

300-500 млн сўм тақрибан 30-50 минг АҚШ долларига тенг ақчадир.

50 минг доллар, президент Мирзиёевга кўра, вилоят прокурорлари Бош прокурорга бериб турадиган поранинг энг оз ҳажмидир. Фақат бунча пулни вилоят прокурори ҳар ой тўлаб турадими, ҳар йилми - давлат раҳбари айтмаган.

2019 нинг 21 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлисида чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродовга (собиқ бош прокурор) нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилар экан, бундай деган эди:

Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр.

"Бу нима деган гап? Мансаб берса, дарров ўзгариб қолади. Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан. Мен Муродовга ишонч билдиргандим".

Коррупцияга қарши курашга қаратилган янги қарор лойиҳасида давлат бюджетидан ажратилиши назарда тутилаётган 30-50 минг долларга эквивалент ақчани президент тилга олган бошқа рақамга қиёслаш мумкин.

Президент Мирзиёев 2018 нинг 5 июнида ўтказган видеоселектор йиғилишида пойтахтдаги коррупция даражаси ҳақида гапираркан, бундай деган:

Маҳаллий бюджетга 18 миллиард сўмдан ортиқ солиқ туширилмаган. Шунча пул чўнтакка кетяпти

“Тошкент шаҳридаги автомобилларни сақлаш жойларидаги тушумлар назорати йўқлиги туфайли маҳаллий бюджетга 18 миллиард сўмдан ортиқ солиқ туширилмаган. Шунча пул чўнтакка кетяпти”.

Мамлакат президенти яқиндагина яна бир соҳада коррупция авж олганини тан олди. 21 июль куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда президент бундай деди:

“Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Буларнинг оқибатида соҳада талон-торожлик ва коррупция авж олган”.

Иқтисодчи олим фикри

Профессор Хидирназар Аллақулов
Профессор Хидирназар Аллақулов

Мана шундай вазиятда, яъни ер ўлчовчидан прокурорларгача коррупцияга ботганини давлат раҳбарининг ўзи тан олиб турган бир пайтда Бош прокуратура коррупцияга қарши кураш йўлида киритган таклифдан самара чиқишига иқтисодчи олим, профессор Хидирназар Аллақулов ишонмаслигини билдирди.

Профессор 21 августда Озодликка бундай деди:

- Йўқ, асло ёрдам бермайди. Биринчидан, мамлакат ичкарисида коррупцияга қарши курашаяпмиз, деган оҳанг пайдо бўлиши учун, иккинчидан халқаро жамоатчиликка ҳам коррупцияга қарши курашаётганимизни кўрсатиб қўйиш учун қилинаяпти бу иш.

Халқаро жамоатчиликка ҳам коррупцияга қарши курашаётганимизни кўрсатиб қўйиш учун қилинаяпти бу иш.

Бош прокуратуранинг ўзи ҳам таклиф қилаётгани қарор лойиҳаси халқаро кун тартиби билан боғлиқлигини яширмаяпти. Идора баёнотида бундай дейилган:

“Қарор лойиҳаси БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг талабларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига чек қўйиш ҳамда унга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган”.

Таклиф қилинаётган қарор ижросига Жиноят кодекси йўл бермайди

Профессор Аллақулов фикрича, Бош прокуратура таклиф қилаётган қарорни қабул қилишдан олдин Жиноят кодексининг шу масалага оид моддаларини қайта кўриб чиқиш керак.

- Мен бир нарсага ҳайронман. Жиноят кодексига пора олган ҳам, пора берган ҳам, пора олиш-беришга воситачилик қилган ҳам – ҳаммаси тенглаштириб қўйилган. Ахир бу қонун амалдаку?! Буни ўзгартирмай туриб, қандайдир бир қарор нимани ҳал қила олади?

Профессор Аллақуловнинг фикрича, токи коррупцияга тоқат қилмайдиган сиёсий тизим шаклланмас экан, у ёки бу фуқаронинг коррупционерни тутиб бергани учун давлатдан оладиган мукофотга қизиқиши ҳеч нарсани ҳал қилмайди:

20 минг, 30 минг доллар олаётганларни қўлга олишади, лекин миллионлаб олаётганларни ҳеч қачон фош қилолмайдилар.

- Коррупциянинг илдизи коррупциялашган сиёсий тизимнинг ўзида. Бу тизим ўзгармас экан, коррупция кўлами янада кенгаяверади. Коррупцияга қарши курашаяпмиз¸ деб маиший даражадаги ўқитувчи, дўхтир, боринг ана ҳокимиятдаги қуйи бўғин амалдорини вақти-вақти билан қўлга олиб туришади. 20 минг, 30 минг доллар олаётганларни қўлга олишади, лекин миллионлаб олаётганларни ҳеч қачон фош қилолмайдилар. Чунки ўша пулларни олаётганларнинг ўзи сиёсий элитанинг вакиллари ва коррупция маҳсулларидир.

"Вилоят ҳокими ўринбосарини пора билан ушлашга ДХХ қўрққан эди"

Профессор Аллақуловнинг бу фикрига андижонлик таниқли тадбиркор Рустам Усмонов OzodNazarнинг 31 июль кунги сонида айтиб берган воқеа ёрқин иллюстрация бўла олади.

Усмонов маҳаллий коррупционерни фош қилишга урингани, бироқ у мурожаат қилган ДХХ мулозимлари қўлидан ҳеч нарса келмаслигини тан олганини айтиб берган эди:

- Мен вилоят ҳокимининг ўринбосари устидан ўша идорага (ДХХ - таҳр.) бориб, шу одам мендан пул талаб қилаяпти, мен пулни бераётганимда уни сизларга ушлаб бермоқчиман, дедим. Гапимни эшитаётган катта раҳбар менга “Ака, сиз тўғри тушунинг, бу ишни қила олмаймиз, чунки ҳокимлар, ўзингиз биласиз, президент ҳимоясида. Уларни бундай иш устида ушлаш учун биз президент аппаратига чиқишимиз керак. У ёққа чиққунча эса, ўртада бир қанча одамлар бор, албатта улардан бири информация етказади. Натижада операциямиз амалга ошмай қолади. Сиз ҳам, биз ҳам шарманда бўламиз”, деди. Бу ўтган йили бўлган гап. Ўшандан кейин бу идорага бормадим. Президентимизнинг “ҳокимлар менинг ҳимоямда, уларни кимдир чақириб сўроқ қилса, ундайлар билан мен гаплашаман”, дегани унинг катта хатоси бўлди.

Бошқалар тажрибаси

Бош прокуратура коррупционерларни тутиб берганларни рағбатлантиришга оид қарор лойиҳасини таклиф қилар экан, бундай чора қўшни Қозоғистонда ҳам қўлланилаётганини аргумент сифатида келтиради.

“Қозоғистонда 2017/19 йилларда бюджетидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлик учун 708 нафар шахс 99 млн танга (2,4 млрд сўм), жорий йил 1-чорагида 44 нафар шахс 7,2 млн танга (176,6 млн сўм) билан рағбатлантирилган”.

Бундай чора нафақат Қозоғистон, балки дунёнинг бошқа кўплаб давлатларида борки, бу энди бошқа мақола мавзуи.

Transparency International ташкилотининг “Коррупцияни идрок этиш индекси”да Ўзбекистон 180 та давлат ичида 2017 йилда 157-ўринни (22 балл), 2018 йилда 158-ўринни (23 балл) ва 2019 йилда 153-ўринни (25 балл) эгаллаган.

XS
SM
MD
LG