Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Оилага яқин ўзбекистонлик тадбиркор Дубайда суд ҳукмини кутмоқда


Ўзбекистонлик 57 яшар тадбиркор Алексей Яицкий
Ўзбекистонлик 57 яшар тадбиркор Алексей Яицкий

Озодлик радиосига маълум бўлишича, ўзбекистонлик тадбиркор, Silk Road Cargo Bussiness ширкатининг Дубайдаги вакили, United Arab EmiratesAviation & Aerospace транспорт ширкатининг бош директори, Оилага яқин 57 ёшли Алексей Яицкий Бирлашган Араб Амирликларида ҳибсга олинган. Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбасига кўра, Алексей Яицкий пора беришда гумон қилиниб, ўтган ой бошларида ҳибсга олинган.Алексей Яицкийнинг ҳибсга олингани у раҳбарлик қиладиган ширкатлар ва унинг яқинлари тарафидан сир тутилмоқда.

Озодлик манбаларидан бирига кўра, Алексей Яицкий 3 октябрь куни БАА полицияси томонидан қўлга олинган ва у билан боғлиқ жараëнни Дубайдаги юқори мартабали шайхлардан бири шахсан назорати қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ва исми сир қолишини истаган Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозимнинг айтишича, "Ўзбекистон ҳокимияти ҳамда криминал доираларга яқин қудратли шахслар Яицкийни ҳибсдан озод қилишга қаттиқ уринган".

Шу кунларда Ўзбекистондаги "ўта юқори лавозимли ҳукумат мулозимлари ва криминал авторитетлар Алексей Яицкийни гаров пули эвазига озодликка чиқаришга уринмоқда", деди манба. Бу иддаоларни Озодликнинг бошқа манбалари ҳам тасдиқлади.

Алексей Яицкий суратда ўнгдан иккинчи
Алексей Яицкий суратда ўнгдан иккинчи

Аммо Silk Road Cargo ширкатига яқин Озодлик манбаларининг иддао қилишича, Алексей Яицкийни озод қилиш, уй қамоғига ўтказиш ва унга қўйилган айбловни Ўзбекистонда мамлакат миллий қонунчилиги асосида кўриб чиқиш тўғрисида илгари сурилган таклифлар БАА расмийлари тарафидан рад қилинган.

Маълум сабабларга кўра шахслари очиқланмаслиги шарти билан Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлганлар, айни пайтда Яицкий Дубайдаги қамоқхонада судни кутаётганини таъкидлашди.

Маълум бўлишича, ноябрнинг охирига қадар Дубай суди ўзбекистонлик тадбиркор иши юзасидан қарор қабул қилиши кутилмоқда.

Коррупция иддаолари?

Яицкий билан боғлиқ вазиятни яқиндан биладиган Озодлик манбасининг иддао қилишича, у (Яицкий) Дубайдаги юқори мартабали шахсга 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга уринаётган пайтда қўлга олинган. Унга нисбатан мансабдор шахсни сотиб олишга уринганлик ва коррупцион схемалар бўйича бизнес юритганлик айбловлари илгари сурилмоқда.

Яна бир манба эса, Алексей Яицкий Дубайнинг мулозим шайхларидан бирига 70 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилиб, транспорт бизнесига оид муаммони ҳал қилиб беришни сўраган, дея иддао қилди. Манбага кўра, шайх пулни рад қилиб, Яицкийни полицияга топширган.

Хорижий инвестициялар билан шуғулланадиган ўзбек мулозими, Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда, Алексей Яицкийнинг Дубайда ҳибсга олинганидан хабари борлигини айтар экан,"БАА тергов идоралари ўзбекистонлик тадбиркордан унинг Дубайдаги банк ҳисобидаги 10 миллион АҚШ долларига тенг маблағнинг қаердан олинганини изоҳлаб беришни талаб қилмоқда. Яицкий ҳозирча бу маблағнинг легал манбаларига оид маълумот тақдим эта олмаган" деди.

Озодлик мухбири ўзбекистонлик тадбиркорнинг ҳибсга олиниши сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида Дубай Бош прокуратураси билан боғланди. Прокуратура мулозими тергов манфаатлари рўкач қилиб, терговдаги ишлар билан боғлиқ тафсилотлар матбуотга очиқланмаслигини билдириш билан чекланди.

Бошқа бир ишончли маълумотга кўра, Яицкий жорий йил бошида оиласини Дубайдан Лондонга кўчирган. Шу йил сентябрида Яицкийнинг фарзанди Лондондаги мактабга борган.

Яицкий ким?

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаеванинг иддао қилишича, Алексей Яицкий Ўзбекистондаги ўта қудратли шахслар назоратидаги транспорт-логистика компанияси манфаатларини ҳимоя қилувчи Дубайдаги лоббичиси бўлиб келган.

Алексей Яицкий
Алексей Яицкий

Айни пайтда Алексей Яицкийнинг ўзи ҳам Ўзбекистондаги қудратли шахслар даврасига кириши айтилмоқда. Озодликка етиб келгган фотосуратларда Яицкий, WikiLeaks сайтида "мафия босси" сифатида тилга олинган Салим Абдувалиев билан мароқли вақт ўтказаётгани акс этган.

Алексей Яицкий (чапдан иккинчи), Салим Абдувалиев (чапдан биринчи) ва марҳум Арслон Рўзметов(чапдан учинчи)
Алексей Яицкий (чапдан иккинчи), Салим Абдувалиев (чапдан биринчи) ва марҳум Арслон Рўзметов(чапдан учинчи)

Бошқа бир фотосуратда Алексей Яицкийнинг Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатининг собиқ раиси “Боинг” самолётларини сотиб олишда, коррупцион схемалардан фойдаланганликда айбланиб қамалиб, пировардида 2008 йилда оламдан ўтган Арслон Рўзметов билан елкама-елка тургани акс этган.

Совет даврида фуқаро авиацияси тизимида ишлаган Алексей Яицкий мустақиллик йилларида Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиаширкатининг халқаро ваколатхоналари бўйича бош директори ўринбосари лавозимида ишлаган, миллий авиакомпаниядаги Озодлик манбасининг айтишича, "шеф Арслон Рузметовдан кейин иккинчи шахс ҳисобланган".

Яицкийни шахсан танишини айтган Озодлик манбаси, 1995 йил АҚШдан сотиб олинган “Боинг” учқичларини мамлакатга келтириш жараëнининг асосий иштирокчиси бўлганини таъкидлади.

Алексей Яицкий
Алексей Яицкий

​"У асосан Нью-Йоркда ишлар эди ва турли давлатлардаги ваколатхоналар бўйича бошлиқ эди. Ўзбекистонга "Боинг"ларни ҳам у олиб келган. Арслон Гаипович (Рузметов-таҳр.) қамалган пайтда, унинг атрофидаги жуда кўпчиликни ҳам "ёпиб қўйишган" эди. Лекин Алексей (Яицкий-таҳр.) қутулиб қолган эди. Ўшанда ҳамма орқасида одамлари кучли экан, деб хайрон қолган эди", дейди Озодлик манбаси.

Айни пайтда...

Дубай жазодан қочиб юрганларни Ўзбекистонга топширадиган бўлди.

Бирлашган Араб Амирликлари Адлия вазириўз ҳудудида юрган Ўзбекистон фуқароларини расмий Тошкент талабига кўра экстрадиция қилишни кўзда тутувчи келишувни 11 ноябрь куни имзолади.

Kелишув “ Жиноятчиларни экстрадиция қилиш¸ жазога ҳукм қилинганларни бериш ва жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ëрдам” ни кўзда тутади.

Бу келишувни Ўзбекистон тарафидан мамлакат Адлия вазири Неъматилла Йўлдошев имзолади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган матбуот хабарномасида таъкидланишича¸ ташриф мобайнидаБАА ва Ўзбекистон ўртасида судлараро ва ҳуқуқий ҳамкорликбўйича учта келишув имзоланган.

Айтилишича¸имзоланган ҳужжатларБАА қамоқхонасида жазо ўтаëтган Ўзбекистон фуқаросининг жазонинг қолган қисмини Ўзбекистон қамоқхонасида ўташи учун ҳуқуқий асос яратган.

Келишув Ўзбекистон судлари тарафидан жиноий жазога тортилган¸ лекин БАА ҳудудида яшириниб юрган Ўзбекистон фуқароларини БАА адлия тизимлари кўмагида экстрадиция қилинишига ҳам ҳуқуқий база яратган.

Келишув Ўзбекистон сўровига кўра БААда яшириниб юрган Ўзбекистон фуқароларини ортиқча бюрократиясиз бериб юборилишини кўзда тутади.

Шундай қилиб, 11 ноябрда имзоланган келишув БАА да қўлга олиниб қамоқда ëтган баъзи Ўзбекистон фуқаролари учун жазодан қутулиш муждаси бўлиши мумкин.

Мазкур келишув 57 яшар Алексей Яицкий учун расман жазони Ўзбекистонда ўташни, амалда эса озод бўлишни англатиши мумкин.

XS
SM
MD
LG