Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:54

Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевга қарашли "Imzo Akfa" ишчилари карантинда ётоғи билан ишлатилмоқда


"Imzo Akfa" корхонасида ишчилар ётоғи билан қолиб ишламоқда.
"Imzo Akfa" корхонасида ишчилар ётоғи билан қолиб ишламоқда.

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган дераза ва эшик ишлаб чиқарувчи "Imzo Akfa" корхонасининг юзлаб ишчиси 15 кунлик сменада ётоғи билан ишлатилмоқда.

3 август куни Озодликка келган фотосуратларда корхонада полга кўрпачалар тўшалганини кўриш мумкин.

Озодлик суҳбатлашган завод ходимлари 15 кун уйга бормасдан, корхонанинг омборхонасида ётиб ишлатилаётганликларини айтишди.

Беш юздан зиёд ишчига эга "Imzo Akfa" корхонасининг 4 август куни Озодлик суҳбатлашган Kадрлар бўлими ходими коронавирус хавфи сабаб ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани ва бу хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича вақтинча чора эканини айтди.

Пластик дераза ва эшиклар ишлаб чиқарувчи "Imzo Akfa" корхонасининг исми ошкор этилишини истамаган ишчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ва юзлаб ҳамкасби 10 июлдан буён уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётганини айтди.

- Икки юз одам антисанитария аҳволда бир жойда ётиб бир жойда ишлаяпти. Уч одамда коронавирус чиқди, лекин завод раҳбарияти буни яширяпти. Буларнинг мақсади - ишлаб чиқариш тўхтамасин, ишчиларнинг соғлиги билан уларни иши йўқ, - деди корхона ходими.

Бу суҳбатдош сўзининг тасдиғи сифатида завод ичидан ўзи олган суратларни Озодликка юборди.

"Imzo Akfa" корхонасида 3 август куни олинган сурат.
"Imzo Akfa" корхонасида 3 август куни олинган сурат.

3 август куни корхона ичидан олинган суратларда полда қаторасига кўрпачалар тўшалгани кўринади.

Ишчилар кўрпа-тўшагини ўзлари билан кўтариб келишларини айтишди.

Заводнинг Озодлик суҳбатлашган ишчилари Ўзбекистон меҳнат қонунчилигига зид тарзда кунига 10 соатлаб ишлатилаётганликларини ҳам иддао қилишди.

- 10 соат, баъзида 12 соатлаб ишлаймиз. Ортиқча ётиб қолиб ишлаганимизга қўшимча ойлик бериладими десак, йўқ дейишади. Хоҳласанг ишла, хоҳламасанг ўрнингга бошқа бировни оламиз, дейишади бошлиқлар. 15 кунлик сменада қолиб ишлаб 700 минг сўм ойлик ёзишибди, - дейди заводнинг эшик ручкалари ишлаб чиқариш цехи ходими.

"Imzo Akfa" корхонасидан олинган сурат.
"Imzo Akfa" корхонасидан олинган сурат.

Озодлик билан телефон суҳбатида "Imzo Akfa" корхонасининг Кадрлар бўлими мулозими "коронавирус карантини сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, уларга ҳамма шароит яратиб берилаётгани, бепул овқат берилаётгани"ни айтди.

"Ходимлар хавфсизлигини ўйлаб, завод ҳудудига коронавирус олиб келинмаслиги учун кўрилаётган вақтинча чора бу", деди "Imzo Akfa" мулозими.

Корхона мулозими ишчиларнинг меҳнат қонунчилигига зид равишда ортиқча ишлатилаётганини рад этди.

Ҳоким Ортиқхўжаев vs. тадбиркор Ортиқхўжаев

"Imzo Akfa" корхонаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли Akfa Group ҳолдинги таркибига кирувчи ўнлаб корхоналардан биридир.

Шавкат Мирзиëев қарори билан Тошкент шаҳрига ҳоким этиб тайинланган тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев айни пайтда¸ Ўзбекистон пойтахтидаги коронавирус эпидемиясини жиловлаш учун масъул давлат мулозими ҳам.

15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Мирзиëев пойтахтдаги вазиятни кескин танқид қилиб¸ Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилган эди.

"Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан “пастга тушиб” мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди"¸ деб хабар берди президент матбуот хизмати бу йиғилиш ҳақида.

Ҳоким ва хусусий бизнес империяси эгаси бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев¸ мустақил таҳлилчилар таъкидича¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистонда давлат ва хусусий манфаатлар тўқнашувининг яққол намунасига айланган.

Давлатдаги муҳим лавозимни эгаллаган Ортиқхўжаевнинг хусусий ширкатларига миллиардлаб долларлик давлат буюртмаларининг очиқ тендерсиз берилаëтгани ҳақида ҳозирга қадар Озодлик ва Ғарб тадқиқотчилари қатор суриштирувларини эълон қилган.

Карантинда ишчиларни ëтиб ишлатишнинг аччиқ рақамлари

Июнь ойида Озодлик Самарқанддаги "СамАвто" заводида ётиб ишлатилган камида икки ходимда коронавирус аниқлангани, улардан бири ҳаётдан кўз юмгани ҳақда хабар берган эди.

Ушбу ҳолат ортидан заводда ишчиларни ётоғи билан ишлатиш тўхтатилганди.

"Ўзавтосаноат" таркибига кирувчи яна бир завод Андижоннинг Асака шаҳридаги "UZAUTO MOTORS" корхонасида 15 кунлик сменада ётиб ишлаган 56 ёшли ишчи 3 июнь куни кўричаги ёрилиб ўлгани ҳақда Озодлик хабар берганди.

Марҳумнинг яқинлари ва ҳамкасблари унга смена пайти вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этганини айтган эди.

Ушбу ҳолат ортидан ҳуқуқ фаоллари завод қаршисида ишчиларнинг хоҳишига зид тарзда мажбурлаб ётоғи билан ишлатишни тўхтатиш талаби билан норозилик акцияси ўтказганди.

Шу йилнинг май ойида Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Питнак шаҳридаги автомобиль заводи ишчилари ҳам завод ҳудудида антисанитария ҳолатида ётоғи билан ишлатилаётганликларини Озодликка айтишган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 июнга келиб келиб мамлакатда коронавирус юқтиргани тасдиқланганлар 26 минг нафардан ошганини маълум қилди.

Коронавирус энг кўп аниқланган ҳудуд Тошкент шаҳридир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасида Тошкентда коронавирусни юқтирганлар 15 мингдан кўпроқни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG