Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:52

COVID-19 аломатлари билан уйида ётганлар тестни ҳафталаб кутмоқда, уларни ҳеч бир муассаса қабул қилмаётир (ВИДЕО)


Cўнгги бир неча кундан буён Озодликка мурожаат қилаётган беморлар 40 даражагача тана ҳарорати, ўткир нафас етишмовчлиги, ҳолсизлик, таъм ва ҳид билмаслик каби аломатлар билан уйида қаровсиз қолиб кетганидан шикоят қилмоқда.

Озодлик гаплашган аксар беморларга кўра, ўз манзилидаги оилавий поликлиника ёки туман тиббиёт муассасалари иситмаси баланд беморларни қабул қилмаётир.

Беморлар билан суҳбатлардан маълум бўлишича, тест топшириш ёки унинг натижасини олиш учун ҳафталаб кутишга тўғри келмоқда, ОП шифокорлари коронавирус симптомлари кучайганларни уйига бориб кўришдан бош тортмоқда, уйида қамалиб қолганларга бепул дори етказилмаётир.

Зангиоталик оила: 60 яшар хастамиз бирдан оғирлашиб, бир кечада вафот этди

Тошкент вилоятининг Занигота туманида икки тарафлама пневмония ташхиси қўйилган 60 яшар хаста эркак 23 июль куни уйида вафот этди. (Марҳум шахси ва яшаган манзилига оид маълумотлар ҳамда унинг аҳволи акс этган видео Озодликда мавжуд).

Марҳумнинг яқинлари унинг вафотидан бир неча соат олдин Озодлик билан боғланган ва уни хастахонага ётқиза олмаётганидан шикоят қилган эди. Шикоятдан бир неча соат ўтиб, беморнинг вафот этгани ҳақидаги хабар келди.

Рафиқасига кўра, турмуш ўртоғида 22 июль оқшомида ўткир нафас етишмовчилиги кузатила бошлаган ва 23 июль эрталаб уни шифохонага ётқизишга уринган, аммо улгурмаган:

“10 кунча бўлди, уйда даволанаётган эдилар. Унгача “Тез ёрдам” келиб бир марта кўриб кетди. Уйда даволанса бўлади, деган эди. Ўпкасини рентген қилдирганимизда, иккитомонлама пневмония бошланган, дейишди. Шу билан уйда, ўзимизни таниш шифокор қараб турган эди. Лекин, кеча оқшом аҳволи бирдан оғирлаша бошлади. Нафас олишга қийнала бошлади. Шу кислород баллонга уланиши керак эдилар, чамамда. Шунга саҳардан “Тез ёрдам” чақиришга тушдик, шифохоналарга қўнғироқ қилдик, лекин ҳеч ким келмади. Бир неча соат ичида жон бердилар, улгурмадик”.

Оиласидан олинган маълумотга кўра, 23 июлда вафот этган киши коронавирусга тест топширолмаган. Тест олиш учун уйига Санитария-эпидемиология маркази (СЭМ) ходимлари бормаган, тўшакдан туролмагани учун унинг ўзи ҳам тест учун таҳлил намуналарини оладиган махсус марказларга боролмаган. Оиланинг икки аъзоси икки кун муқаддам COVID-19 инфекцияси учун таҳлил топширишганида эса, улардан инфекция топилмаган.

Шу тариқа, тест топширолмагани учун, марҳум ўзи яшаб турган манзилда COVID-19 беморлари учун ажратилган махсус дори-дармон ёки тиббий ёрдамни ололмаган.

Оиладан олинган маълумотга кўра, улар коронавирус юқиб қолиши мумкин, деган хавотир билан беморни эртароқ шифохонага ётқизишга уринмаган. Уни уйда оилага таниш умумий амалиёт шифокори қарови остида даволаган.

“Агар шифохонада бўлсалар, кислородга уланган бўлганларида, вафот этмасдилар балки. Биз ҳам вирус юқтириб келмасинлар, дегандик. Буни устига докторлар ҳам уйда даволанса бўлади, деб туришганди. Бирдан кетиб қолдилар”, дейди марҳумнинг рафиқаси.

Айтишича, бу аёлнинг ўзи ҳам хаста. “Тез ёрдам” шифокори унга ҳам уйида даволаниши мумкин, деб кўрсатма берган.

Юнусободлик оила: 3 киши 10 кундан буён иситмада қаровсиз ётибмиз

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшайдиган яна бир оиланинг 3 аъзоси ҳам 39 даражагача кўтарилган тана ҳарорати билан 10 кундан буён уйда тиббий ёрдамсиз ётгани маълум бўлди.

Исмини ошкор қилишни истамаган 22 яшар тошкентлик бемор қизга кўра, дастлаб, унинг оилавий поликлиника шифокори бўлган онаси, кейин ўзи ва бир ёш жияни хасталанган.

Қизнинг айтишича, уларнинг уйига фақат бир марта ўзи яшайдиган манзилдаги участка шифокори келган:

- 10 кундан бери уйда ётибмиз, онам, мен ва жияним касал бўлдик. Участка врачимиз бир марта келиб, коронавирусга чалинган бўлишингиз мумкин, деб анализ топиширишга рўйхатга олиб кетди. Кейин бошқа келишмади. Иситмалаб ётганларга фақат СЭМ қарайди, ковид бўлса, бизнинг ходимларга ҳам юқиб қолиши мумкин, дейишяпти. СЭМни эса бир ҳафтадан бери кутяпмиз. Душанба (20 июль куни) уйингизга боради, дейишди, кейин чоршанбага қолдиришди. Чоршанба ҳам келишмади. Мана бугун пайшанба, ҳалиям келишмади. Мажбур, ўзимиз поликлиникага борсак, 4 таси касал бўлиб қолипти. Яна қайтиб келдик.

Беморнинг қизнинг айтишича, оилада фақат шу 3 бемор бор ва улар кўчага чиқолмагани учун дори-дармондан ҳам узилиб қолган. Оилавий поликлиника эса бепул дори-дармон фақат COVID-19 беморлари учун ажратилганини айтишган:

- Онам шифокор бўлгани учун касал бўлиши билан дорини ғамлаб олган эди. Ўзини ўзи, кейин мени ва жиянимни ҳам даволадилар. Лекин, ҳозир доримиз тугаган, егулик ҳам жуда оз қолди. Поликлиникага телефон қилсак, бепул дори фақат коронавирус борлиги тасдиқланган беморларга, дейишди. Шу билан 10 кундан бери на дори бор, на тестга таҳлил олишди, на келиб тиббий ёрдам кўрсатишди. Онам шифокор бўлгани учун бир амаллаб касалликни енгдик, ҳозир нисбатан яхшимиз.

Қуйида бу бемор қиз билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:37 0:00
Бевосита линк

Бемор журналист: 40 даража иситма билан бордим, поликлиника қабул қилмади

10 кундан бери Тошкентда ўзини ўзи даволаётган журналист Абдулазиз Муборакка кўра, ССВ тизими унга ўхшаган беморларни мутлақо ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Журналист касалликнинг илк кунидан тана ҳарорати 40 даражага чиққани, кейинчалик ҳолсизлик, ҳид ва таъм билмаслик аломатларини ўзида қайд этгани, ёрдам сўраб борган тиббиёт масканларининг эшигиданоқ қайтарилганини гапириб берди:

- Наманганда сафарда эдим. Иситма билан оилавий поликлиникага борсам, мени эшигидан киритишмадиям. Мумкинмас экан, ҳароратимни остонадаёқ ўлчаб, 40 даража дейишди. Дориларни ёзиб берди битта врач. Кейин, қариндош бир врач ўзи қаради уйида. Эртаси куни иситмани тушириб, Тошкентга қайтдим ва ўзимизнинг оилавий полклиникага мурожаат қилсам, СЭСга (Санитария-эпидемия маркази – СЭМнинг халқ ичида сақланиб қолаётган эски номи) мурожаат қилиш керак, кейин навбат кутиш керак, дейишди. Шу билан ўзимни ўзим изоляцияга олиб, даволашга киришдим. Нечта шифокорга мурожаат қилдик, коронавирус юққан бўлса қарамаймиз, дейишди. Охири битта ҳамширани топиб, бир амаллаб кўндириб, уколлар олиб, дамламалар ичиб, мана 10 кун деганда ўзимга келдим, ҳозир анча яхшиман.

Хасталанмасидан аввал бу журналист ССВ тизими вакиллари билан бирифингларда қатнашган ва бу соҳа фаолиятини жиддий кузатиб келаётган эди.

- Агар ҳозир имконим бўлса, брифингда бўлсам эди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарларининг юзига очиқ айтардим: ёлғончисизлар, деб! Шунча иморатлар бўш ётганда, янгиларини қуришди. Мен ўзим даволанишимга 3 миллион сўмгача пул сарфладим, булар бўлса 30 миллион сўмдан ошиқ пул сарфлаяпмиз, дейишди. Хуллас, ажратилган пуллар ошкора талон-торож қилинди, деган қаноатдаман мен.

Қуйида бу журналист билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:00 0:00
Бевосита линк

Навоийлик ҳамшира: касалларга қараб юриб касал бўлдим, ўзим эса уйда қаровсиз қолиб кетдим

Навоий вилоятидаги Эндокринология диспансерида ҳамшира бўлиб ишлашини айтган 48 яшар Ойгул Қаршиеванинг Озодликка айтишича, унда 10 июль куни коронавирус инфекцияси аниқланган.

У бунга қадар коронавирусга чалинган беморлар билан ишлагани, хасталанганидан сўнг етарли тиббий ёрдам ололмаётганини иддао қилди.

Бундан ташқари, боқувчиси бўлмаган ва 2 нафар вояга етмаган фарзади борлинини айтган аёлнинг қўшимча қилишича, унга COVID-19 беморлари билан ишлаган муддати учун ҳам ваъда қилинган маош ёки рағбат пуллари берилмаган:

- 19 июлдан 14 кунлик карантинда иш бошлаш олдидан коронавирусга тест топширганимда вирус чиқмади. 9 кундан кейин иккинчи таҳлилим ҳам яхши чиқди. Лекин 2 июлда топширганимда вирус мусбат чиқди. Кейин ўша ишлаётган бўлимда изоялторда ётдим, вирус чалинган беморлар ётган қизил ҳудудга ўтишни истамадим. Ўша ерда мен дорисиз қолиб кетдим. Икки кун томчилаб, дори қуйишди, холос. Кейин на дори беришди, на келиб иссиғимни ўлчашди, - деб шикоят қилди ҳамшира.

Айтишича, у коронавирус таҳлили негатив чиққач, ўз ихтиёри билан шифохонадан уйига борган, аммо уйида аҳволи яна оғирлаша бошлаган.

Қуйида ҳамшира билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:56 0:00
Бевосита линк

Ҳамшира уйида қаровсиз қолиб кетгани, дори-дармонга маблағи тугаганини айтди:

- Менга фақат ойлик маошимни берса, дори олардим. Менинг мақсадим соғайиб кетиш. Тузалсам, яна ишимни давом эттираман, мен ўз касбимни яхши кўраман. Фақат тезроқ тузалиб, болаларимни бошида бўлсам, яна ишимни давом эттирсам бўлди эди, - дейди Қаршиева.

Ойгул Қаршиевага кўра, ҳозир вояга етмаган фарзандлари катта қизининг қарамоғида, ўзи эса уйида ёлғиз ётибди.

У уйидан туриб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятига йўллаган видеомурожаатини ҳам Озодликка тақдим қилди:

Навоийлик ҳамшира: касалларга қараб юриб касал бўлдим, ўзим эса уйда қаровсиз қолиб кетдим
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:42 0:00

Оилавий поликлиникалар: шифокор ва транспорт "катастрофик даражада" етишмаяпти

Озодлик ўзида коронавирус аломатларини сезаётган ва баланд иситма билан уйида тиббий ёрдам, шифокор муолажасисиз қолаётган беморларни аҳволини кузатаркан, уларни даволашга масъул оилавий поликлиникалардаги вазиятни ҳам ўрганди.

Хусусан, Тошкентнинг Олмазор, Сергели, Юнусобод ва Чилонзор туманларидаги бир неча оилавий поликлиникалардан (ОП) олинган маълумотга кўра, сўнгги кунларда COVID-19 аломатларидан шикоят қилган беморлар сони ортиб бормоқда.

22 июлдан 24 соатлик иш режимига ўтказилган ОП шифокорлари иситма ва бошқа шикоятлар билан боғланаётган беморларга вақида тиббий ёрдам кўрсатишга улгурмаётгани, тиббий кўрикка чиқиш учун шифокор ва транспорт воситалари "катастрофик даражада" етишмаётганини очиқ тан олмоқда.

Ўзбекистон Махсус комиссияси қарори билан, шу йилнинг 5 июлидан коронавирус юқтиргани аниқланган, аммо касаллик аломатларсиз ёки енгил кечаётган беморларни уйида даволаш тизимига ўтилган эди. Шундан сўнг, пойтахтдаги 80га яқин поликлиника иш тартиби ҳам ўзгарган.

Бу муассалардан олинган маълумотга кўра, ҳозир ОП ва уларнинг ҳузуридаги мобил гуруҳлар биринчи галда тана ҳарорати сўнгги 2 – 3 кун ичида 38,5 даражадан тушмаган, оғир нафас етишмовчилигидан қийналаётган ва сурункали касаллиги бўлган беморларга хизмат қилмоқда, айнан улардан биринчи навбатда коронавирус учун тест таҳлиллари олмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 июль кунги видеоселектор йиғилишида берган кўрсатмасига асосан, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига ёрдам бериш учун 24 соатлик иш режимига ўтказилди.

Бу йиғилишда президент хусусан, Тошкент шаҳридаги 11 та туман кўп тармоқли марказий ва 64 та оилавий поликиникада уйида даволанаётган беморлар билан ишлаш тизими жуда оғир аҳволга тушиб қолди, деб гапирди.

Ўшанда президент ҳар бир поликлиникада 3 тадан машина бириктирилиши, ҳар бирида 3 шифокордан иборат махсус мобил бригада бўлишини ваъда қилди.

Аммо, пойтахтдаги қатор ОП шифокорларидан олинган маълумотга кўра, аксар поликлиникаларга автомашинадан ташқари, шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари ҳам етишмаётир.

Вилоятлардаги ОПларнинг асосий қисмида эса транспорт воситаси йўқ, айрим ҳудудларда 30 минг аҳолига битта умумий амалиёт шифокори қарамоқда.

Расмий манбага кўра, 2020 йилнинг февралига қадар Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келган.

Республика махсус комиссияси марказий штаби аъзоси Жўшқин Қосимовнинг маълум қилишича, 22 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, республика бўйлаб, уй шароитида коронавирус инфекциясидан даволанаётган беморлар сони 1706 нафарни ташкил қилган.

Уларнинг ҳудудий тақсимланиши қуйидагича:

Тошкент вилояти — 637;

Тошкент шаҳрида — 413;

Навоий вилоятида — 404;

Сирдарё вилоятида — 156;

Aндижон вилоятида — 136;

Сурхондарё вилоятида — 101;

Самарқанд вилоятида — 96;

Қорақалпоғистонда — 58;

Жиззах вилоятида — 22;

Наманган вилоятида — 21;

Қашқадарё вилоятида — 21.

Расмийнинг таъкидлашича, беморларнинг барчаси шифокорлар назоратида бўлиб, бепул дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқобларни етказиб бериш йўлга қўйилган.

Аммо, ССВ ёки бошқа масъул органлар, коронавирус аломатларидан шикоят қилиб, тест топшириш учун ОПларга мурожаат қилганлар ёки топширилган тест натижасини кутаётганлар расмий сонини эълон қилгани Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG