Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Оилавий поликлиникалар сони ортаётган COVID-19 беморларга хизмат кўрсатишга улгурмаяпти


Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиникалар (ОП) шифокорлари кундан-кунга сони ортиб бораётган коронавирус юқтириб олганларга тиббий ёрдам кўрсатишга улгурмаётир.

22 июлдан 24 соатлик иш режимига ўтказилган пойтахтдаги бир неча поликлиникадан олинган маълумотга кўра, кунлик қўнғироқлар сони муттасил ортмоқда, аммо тиббий кўрикка чиқиш учун шифокор ва транспорт воситалари "катастрофик даражада" етишмаётир.

Вилоятлардаги ОП ларнинг асосий қисмида эса транспорт воситаси йўқ, айрим ҳудудларда 30 минг аҳолига битта умумий амалиёт шифокори қарамоқда.

Расмий манбага кўра, 2020 йилнинг февралига қадар Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келган.

Тошкентнинг Олмазор, Сергели, Юнусобод ва Чилонзор туманларидаги бир неча оилавий поликлиникалардан олинган маълумотга кўра, сўнгги кунларда COVID-19 аломатларидан шикоят қилган беморлар сони ортиб бормоқда.

Жумладан, Олмазор туманидаги ОПдан олинган маълумотга кўра, 33 минг аҳолига масъул бу муассасага кунига 60 тагача чақирув бўлмоқда:

"Шу ковид пандемияси бошланишидан олдин 20 - 30 тагача чақириқ тушган бўлса, ҳозир ўртача 50-60 тагача чақириқ тушаяпти. Жуда кўпайган, иситма, йўтал, шу ковид аломатларидан шикоят қилганлар кўп. 1 та машинамиз бор. Ҳозир энди яна 2 та беришади, дейишган. Уни беришган тақдирда ҳам, кунига 60 та чақириққа улгуриш жуда қийин бўлади".

Пойтахтдаги қатор ОП ходимларига кўра, сўнгги қисқа муддатда уларнинг масъулиятидаги беморлар сони шу йилнинг 5 июлидан бошлаб, уйида даволанишга кўрсатма берилган коронавирус беморлари ҳисобига янада ортган.

Ўзбекистон Махсус комиссияси қарори билан, шу йилнинг 5 июлидан коронавирус юқтиргани аниқланган, аммо касаллик аломатларсиз ёки енгил кечаётган беморларни уйида даволаш тизимига ўтилган эди. Шундан сўнг, пойтахтдаги 80га яқин поликлиника иш тартиби ҳам ўзгарган.

Бу муассалардан олинган маълумотга кўра, ҳозир ОП ва уларнинг ҳузуридаги мобил гуруҳлар биринчи галда тана ҳарорати сўнгги 2 – 3 кун ичида 38,5 даражадан тушмаган, оғир нафас етишмовчилигидан қийналаётган ва сурункали касаллиги бўлган беморларга хизмат қилмоқда, айнан улардан биринчи навбатда коронавирус учун тест таҳлиллари олмоқда.

“Поликлиникамизда битта мобил гуруҳ бор, ҳозирча. 1 та машина, 1 та врач ва ҳамшираси билан. Улар энди иситмаларга биринчи бўлиб боради. Охирги 2 – 3 кун ичида иссиғи 38,5 дан тушмаган бўлса, йўтал, нафас етишмовчилиги бўлса, қон босими бўлса, диабети бўлса – боради. Тест ҳам биринчи ўринда шулардан олинаяпти. Енгил иситма, енгил симптомлар бўлса, телефонда сразу назначение қилиб, рўйхатга олиб, умумий амалиёт врачларимиз навбати билан бораяпти", деди жумладан Сергели туманидаги ОП шифокори.

Бу шифокорга кўра, ОПларда шифокорлар ҳамда машиналар сони етишмаётгани боис, енгил симптом билан уйда ётган беморлар вақтида тиббий ёрдам ололмаётир:

"Ҳозир ковид касалларининг 60 фоизи енгил касалланган. Энди шулар ўзига вақтида қарамаса ёки аксинча ўзини шамоллатиб қўйса, аҳволи оғирлашиб кетаяпти. Пневмония ривожланиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлаяпти. Лекин, агар вақтида тавсияларни бажариб, дориларни ичиб туришса аҳолимиз – бу даражага бормайди. Бизни ҳам ишимиз осон бўларди”.

Бундан ташқари, ОП ходимлари 21 июлдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги беморлар учун ажратилган жами 5 минг дона бепул дори-дармон қутиларини тарқатишга ҳам масъул қилинди.

Олмазор туманидаги ОП ходимидан олинган маълумотга кўра, бу дорилар коронавирус юқтиргани тасдиқланган беморларга мўлжалланган, аммо бепул дори воситалари коронавирус аломатлари кузатилган беморларга ҳам берилиши зарур:

“Мана кечадан бепул дори қутиларини тарқатяпмиз. Жуда яхши, жуда фойдали дорилар. Лекин, улар фақат ковид тасдиқланган беморларга. Мен масалан, ковид аломати бўлганки, ҳаммага бирдек қарашимиз керак, деб ҳисоблайман. Чунки, симптом ҳам, осложнение ҳам ҳамма ОРВИда (респиратор касалликлари) бир хил – вақтида даволанмаса, пневмония бўлиши мумкин. Шунинг учун пневмония кўпайган. Кузда ўзимизни мавсумий гриппимиз ҳам қўшилса, аҳвол яна оғирлашиши мумкин. Бизга яна 2 та машина берамиз, деди. Шунда машнамиз 3 та бўлади, бизга анча ёрдам бўларди”.

Айни пайтда, Озодлик гаплашган шифокорларга кўра, ҳозир қишлоқлардаги ОП ёки ҚВП (қишлоқ врачлик пункти) ҳам уйида даволанаётган коронавирус беморларига масъул қилинган.

Аммо, қишлоқдаги бу тиббиёт муассасаларининг аҳволи янада оғир - 10 мингдан 30 мингга қадар аҳоли пунктига қарайдиган ОП ёки ҚВП (қишлоқ врачлик пункти) 1 нафардан 3 нафаргача умумий амалиёт шифокори бор.

"Масалан Чуст туманидаги Олмос қишлоқ фуқаролик йиғинида 30 минг аҳолига битта оила шифокори бор, умумий амалиёт шифокори. Ҳали коронавирусга мобил гуруҳлар ташкил қилинмаган. ОП ларда ҳали умуман машина йўқ. Шифохонадаги "Тез ёрдам" машиналариниям шофёрлар пул йиғиб, тузатиб юрибдику - аҳвол шу даражада. Лекин баъзи вилоятларда ҳали Тошкентдагичалик вирус тарқалмади. Эртага Тошкентда эпидемия тугаса, вилоятда бошланса, балки нафас олдириш аппаратлари билан ёрдамга келиши мумкин. Тошкентда ҳақиқатдан аҳвол оғир", дейди Намангандаги ОП бош шифокори Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Худди шу каби ҳолатни Самарқанддаги ОПлардан бирида ишлайдиган ягона терапевт шифокор ҳам айтиб ўтди:

"ОП шифокорлари биринчидан коронавирус беморларига қарамайдиям. Чунки, уларнинг ҳимояси йўқ - кийим, қўлқоп, оддий ниқоб йўқ. Машина йўқ. Ойлик кўпи билан 1 ярим миллион сўм, касал бўлса, уни ким даволайди?! Агар ҳозир бу ОП ва ҚВПларни қувватлаб, тайёрлаб қўшимаса, кузда касаллик кўпайиб, бизларда ҳам тарқалиб кетса нима бўлади, тўғриси нима дейишга хайронман".

Бу икки вилоятдаги шифокордан олинган маълумотга кўра, бу ердаги қишлоқ ҳудудларда коронавирусга чалинган беморлар сони нисбатан оз ва улар ҳануз алоҳида муассасаларда даволанмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 июль кунги видеоселектор йиғилишида берган кўрсатмасига асосан, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига ёрдам бериш учун 24 соатлик иш режимига ўтказилди.

Бу йиғилишда президент хусусан, Тошкент шаҳридаги 11 та туман кўп тармоқли марказий ва 64 та оилавий поликиникада уйида даволанаётган беморлар билан ишлаш тизими жуда оғир аҳволга тушиб қолганини гапирди.

Жумладан, ҳар бир поликлиникада COVID-19 инфекцияси енгил ёки симптомсиз кечаётган беморларга консультатив ёрдам кўрсатиш учун 3 та шифокордан иборат махсус мобил бригада бириктирилган бўлиши кераклиги, аммо айрим бригадаларда умуман врач йўқлигини танқид қилган.

Пойтахтдаги ОП шифокорларидан олинган маълумотга кўра, ўша йиғилишдан сўнг уларга қўшимча енгил машиналар берилиши айтилган, айримларига берилган ҳам.

Аммо, Қўйлиқ массивидаги ОП бош шифокорига кўра, аксар поликлиникаларга автомашинадан ташқари, шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари ҳам етишмаётир:

"Мени поликлиникам 30 минг аҳолига хизмат қилади, 1 та машина билан. Ҳозир COVID-19 енгил кечаётган беморларни тўлиқ бизга беришган. Кунига камида 40 та чақириқ тушади. Кўпчилиги иситма, уларни уйига бориб хизмат қилиш керак. Хўп, 1 та машина билан биз қандай етишамиз?! Бунинг устига охирги бир ойда 6 та ходимим коронавирус бўлди, яна 3 таси бугундан уйида карантинда. Машина бўлса ҳам, врачларим йўқ. Мен қандай етишаман?!” деган эди бу шифокор 16 июль куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда 2020 йил март ойи ўрталарида коронавирусга чалинган илк бемор қайд этилганидан буён, бу беморлар билан ишлаш учун жалб қилинган неча шифокор ва тиббиёт ходим коронавирусга чалингани ҳақидаги сўнгги аниқ расмий маълумот Озодликда йўқ.

Аммо, расмий манбаларда 2020 йилнинг февралида берилган маълумотга кўра, ўша кезда Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келган.

XS
SM
MD
LG