Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:48

Арманистон Озарбайжонни чегарада янгидан ҳужум қилишда айблади


Тавуш туманидан ўтувчи фронт чизиғида позицияларини эгаллаган Арманистон аскарлари. 2020, 14 июль.
Тавуш туманидан ўтувчи фронт чизиғида позицияларини эгаллаган Арманистон аскарлари. 2020, 14 июль.

Арманистон армияси Озарбайжон кучларини чегара яқинидаги позицияларидан бирига янгидан ҳужум қилишда айблади. Ўтган ҳафтада икки давлат чегарасида бир неча қуролли тўқнашув содир бўлган эди.

21 июль куни Арманистон Мудофаа вазирлиги котиби Шушан Степанян Тавуш туманида Озарбайжон қўшинлари ҳужуми Арманистон ҳарбийлари томонидан қайтарилганини билдирди.

Котиб Facebookда «муваффақиятсиз» амалиёт давомида озарбайжон аскарлари катта талафот кўрганини, аммо арман аскарларига ҳеч қандай зиён етмаганини ёзди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса бу иддаоларни рад этди. Вазирлик матбуот котиби Вагиф Дарғанли ҳеч қандай ҳужум амалга оширилмаганини айтиб, Арманистон тарқатган хабарни навбатдаги «дезинформация» деб атади.

Аввалроқ Дарғанли Озарбайжон ва Арманистон чегарасидаги вазият танг, аммо барқарор эканлигини билдирган эди.

Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегарада қуролли тўқнашувлар 12 июль куни бошланиб, бир неча кун давом этди. Боку маълумотларига кўра, жангларда озарбайжонлик 12 нафар ҳарбий, шу жумладан генерал-майор Пўлад Хашимов ҳалок бўлган. Арманистон ўз томонидан тўрт ҳарбий ҳалок бўлгани, ўн киши яралангани ҳақида билдирган. Тўқнашувлар 16 июль куни тўхтаган эди.

Арманистон ҳарбийлари 21 июль куни 22:30 да янги тўқнашувлар содир бўлганини айтмоқда. Уларга кўра, Озарбайжон аскарлари «Анвах» ўлароқ маълум бўлган чегара постига ҳужум қилмоқчи бўлган, аммо «муваффақиятсизликка учраб, қочиб кетган».

Степаняннинг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг махсус кучлари тепаликда жойлашган айни постга 16 июль куни ҳам ҳужум қилган, аммо амалиёт муваффақиятсиз якунланган.

22 июль куни эрталаб арманистонлик расмий Facebookда «Соат 12:47 га келиб отишма тўхтаган бўлса-да, Озарбайжон қуролли кучлари етакчилари вазиятни назорат қилмаётганини айтишим керак», деб ёзди.

Боку билан Ереван ўртасида кўп йиллардан бери айирмачи Тоғли Қорабоғ туфайли зиддият давом этиб келмоқда. Асосан этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

Россия ва халқаро ҳамжамият Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги сўнгги тўқнашувлар юзасидан хавотир изҳор қилди.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлар бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлаб келади. Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.

Ўтган ҳафтада Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳар икки тарафни тинчлик музокараларини давом эттиришга чорлади. Шунингдек, расмий Москва ва Вашингтон икки давлатни зўравонликни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

XS
SM
MD
LG