Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:25

Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги қуролли тўқнашув бугун ҳам давом этди


Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги қуролли тўқнашув ортида нима бор?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:43 0:00

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги қуролли тўқнашув ортида нима бор?

16 июль куни эрталаб Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги қуролли тўқнашувлар давом этди. Ҳар икки мамлакат бир-бирини ўз ҳарбий позицияларига ҳужум қилишда ҳамда аҳоли пунктларини замбараклардан ўққа тутишда айбламоқда. Арманистон армияси Тавуш туманида Озарбайжон ҳарбийлари рейди олди олинганини иддао қилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян «Шиддатли отишма ортидан кўп йўқотишларга дучор бўлган душман қайтарилди», деб ёзди.

Степанян бунинг ортидан Озарбайжон қўшинлари чегара яқинидаги икки қишлоқни миномёт ва гаубицалар билан ўққа тутганини қўшимча қилди.

16 июль куни котиб Facebookда «Отишма айни дамда давом этмоқда. Арманистон Қуролли кучлари бўлимлари озарбайжон провокаторларни йўқ қилмоқда», деб ёзди.

Степанян, шунингдек, арман қўшинлари Озарбайжоннинг бир танкини ҳамда Арманистон ҳарбий позициялари ва қишлоқларини ўққа тутган озарбайжон позицияларини барбод қилганини иддао қилди.

Котиб Арманистон Мудофаа вазири Давид Тоноян Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги вазиятни назорат қилиб келаётган Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти миссияси етакчиси Анжей Каспшик билан телефон орқали мулоқот қилганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Тоноян Каспшикка кўп сонли озарбайжон ҳарбийси ҳалок бўлганини айтган.

Степанян маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9:00 гача бирорта арман ҳарбийси ҳалок бўлмаганини қўшимча қилди.

Озодликнинг арман хизматига интервью берган Тавуш тумани ҳокими Ҳайк Чобанян Озарбайжон нафақат чегара ҳудудидаги қишлоқлар, балки Берд шаҳрига ҳам ҳужум қилганини айтди.

Чобанян маҳаллий аҳоли жабр кўрмаганини, аммо артиллерия ҳужумлари оддий фуқаролар уйларига зарар етказганини айтди.

Ҳоким аҳоли ҳаёти хавф остида эмаслигини ва уларни эвакуация қилиш шарт эмаслигини қўшимча қилди.

Бу орада Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон кучларини чегарадаги озарбайжон қўшинларига ҳамда Тавуш тумани билан чегарадош Товуз туманидаги қишлоқларга ҳужум қилишда айблади. Вазирлик бошқа тафсилотларни очиқламади.

16 июль куни Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги қуролли тўқнашувлар яна авж олишидан олдин Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия ҳар икки тарафни зудлик билан тўқнашувларни тўхтатишга чорлаган эди.

12 июль куни бошланган тўқнашувларда бугунга қадар умумий ҳисобда 15 дан ошиқ ҳарбий ҳалок бўлди.

Асосан этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлар бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлаб келади.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.

XS
SM
MD
LG