Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:29

Челленж: Халққа бепул хизмат қилишни истаган врачлар ўз телефон рақамларини эълон қилмоқда


OnlineDoctorUz телеграм канали логоси
OnlineDoctorUz телеграм канали логоси

Карантин пайтида халққа беғараз ёрдам беришни истаган шифокорлар #халқ_билан_биргамиз хештеги остида Телеграмдаги @OnlineDoctorUz​каналида йиғила бошлади.

Фарғоналик хирург ва гинеколог врач Хуршидбек Яқубжонов @OnlineDoctorUz каналини икки йил муқаддам очгани, 19 июлдан уни карантин пайтида халққа беғараз ёрдам беришни истаган шифокорлар учун платформага айлантирганини Озодликка айтиб берди.

Хуршидбекка кўра, сўнгги 10-12 соат ичида турли йўналишларда ишлайдиган 100 дан ортиқ шифокор ўз телефон рақами ва ижтимоий тармоқлардаги манзилларини аҳолига тақдим қилган.

Шифокорлар эса, челленжга қўшилганидан буён аҳолидан тинимсиз телефон қўнғироқлари бўлаётганини айтмоқда. Айтишларича, қўнғироқларнинг қарийб ярми иситмалаётган ҳамда коронавируснинг бошқа аломатларини сеза бошлаган кишилардан бўлмоқда.

Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чоралари кескин кучайтирилгани ортидан аҳоли ҳаракати ҳам чекланди.

Бунинг ортидан нафақат коронавирус, балки сурункали ва мавсумий бошқа касалликлардан азият чекаётган одамлар ҳам уйига қамалиб қолиб қолди, “Тез ёрдам” хизматлари эса етишмаётир.

Мана шундай вазиятда пайдо бўлган #халқ_билан_биргамиз челленжига қўшилган шифокорларнинг айтишича, улар телефон орқали ўз мутахассислиги ҳамда умумий амалиёт шифокори сифатида аҳолига бепул тиббий маслаҳат ёки дастлабки йўналишни бермоқда.

Жумладан, Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 6-сон Болалар стоматологияси поликлиникасида врач бўлиб ишлайдиган Шаҳноза Сафоева телефон рақамини жамоатчиликка эълон қилганидан кейинги 3 соат ичида камида 10-15 беморга телефон орқали, яна бир нечасига Телеграм орқали консультация берганини айтди.

- Мана 3 соатдан бери телефонга тинимсиз қўнғироқлар келаяпти. Кўчилиги иситма, ёш болаларда томоғ қитишиши, йўтал бўлаяпти. Қандли диабет касаллиги бўйича телефон бўлди. Телеграм орқали тиш ва оғиз бўшлиғи билан боғлиқ муаммолар, болаларда стомацит тошган - суратини ташлаб бераяпти. Ҳозир карантин, машинада кўчага чиқиш чекланган, кўпчилиги етиб келолмайди - шунга имкон қадар онлайн тушунтириб, ёрдам беряпман, - деди Сафоева.

Қуйида Шаҳноза Сафоева билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00
Бевосита линк

Исмини ошкор қилишни истамаган бухоролик невропатолог врачнинг айтишича, у кунига 30 тага қадар телефон қўнғироқларига жавоб бермоқда ва унга мурожаат қилаётганларнинг аксари унинг йўналишидаги беморлар:

- Ҳозир таътилдаман. Карантин бўлганига йўллар ёпиқ, уйдаман. Шунинг учун шифокор кўригидан ўтолмай қолган беморларга телефонда маслаҳат бериб ўтирибман. Менинг йўналишимдан бошқа йўналишда бўлганларга эса ҳеч бўлмаса, йўналиш беряпман – қайси врачга мурожаат қилиш керак, қандай ёрдам олиши керак, оддийгина биринчи тиббий ёрдам бўйича маслаҳатлар беряпман. Қарийб 20 кунча бўлди, шу режимда ишлаяпман – одамларда эҳтиёж бор.

Шу тариқа, Озодлик боғланган яна бир неча шифокор, карантин пайтида аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш истагида бу челленжга қўшилганини айтди.

Дарвоқе, бу шифокорлардан олинган яна бир маълумотга кўра, шу кунда республикада аксарият тиббиёт муассасаларида ишлаётган турли йўналишларидаги шифокорлар умумий амалиёт шифокори сифатида ички трейнинглардан ўтказилмоқда.

Телеграм канали маъмури – фарғоналик 35 яшар хурург ва гинеколог врач, УТТ (ультратовуш) мутахассиси Хуршидбек Яқубжоновнинг айтишича, унга ҳануз шифокорлардан мурожаатлар келишда давом этмоқда.

- Шу беғараз ёрдам тариқасида челленжни бошлаганимизга мана энди бир сутка бўлди. Шу вақт давомида юздан ортиқ докторлар боғланишди. Ҳозир ҳам бир қанча ҳали тизимга жойланмаган маълумотлар бор. Кўриниб турибдики, бу вазиятда шифокорларни халққа реал ёрдам беришга рағбати бор, - деди Яқубжонов.

Айтишича, врач аслида икки йил муқаддам аҳолида тиббий илм ва маданиятни ошириш учун ижтимоий тармоқда саҳифа очган:

- Бу каналимиз аввалдан бор эди. Тиббий маълумотлар бериб борардим. Умуман канални юритишга эса халқни тиббий онгини ошириш орқали ўзимизни ишимизни камайтириш бўлган. Масалан, касал ўз шикоятига кўра тўғри мутахассисга борса табиийки ўзлари ортиқча сарсон бўлмайди ва врачларга ҳам енгиллик бўлади. Бундан ташқари ичингиздаги гапларни оммавий айтгани жой ҳам керак бўлади. Шу мақсадда очгандим.

Озодлик #халқ_билан_биргамиз челленжига қўшилган шифокорлару уларга бу платформани очган фарғоналик хирургга, шу кунда соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги аҳволига оид хавотирли фиркларга ҳам муносабат сўради.

Жумладан, ўзбек журналисти Нуриллоҳ Шарифнинг Фейсбукдаги ўз саҳифасида 17 июль куни ""Соғлиқни сақлаш тизими қулади", деб бошланган постни қўйди. Унда журналист ўз синглиси оиласининг 6 аъзоси билан - коронавирус инфекциясига чалинганию, 4 кундан буён уларнинг чақириғига бирорта доктор бормагани ҳақида ёзди. Бу пост тармоқларларда кенг тарқалди.

Бундан сал аввал, Республика Коронавирус штаби вакили Ҳабибулла Оқилов соғлиқни сақлаш тизими қулаш арафасига келиб қолди, деб баёнот берган эди.

Сўнгги кунларда Озодликка "Тез ёрдам" ни кунлаб кутаётган, аммо иситмалаб ётган беморларга ҳам тиббий ёрдам етиб келмаётгани ҳақида келаётган шикоятлар сони фавқулодда ортиб кетди.

Бу вазият ҳақида фикр билдирган Х. Яқубжонов, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими бу вазиятга бошдан тайёр бўлмаган ва кейинчалик жараёнда бир неча нотўғри қарорлар вазиятни янада оғирлаштирган бўлиши мумкин, деб фикр билдирди:

- Менимча, бунча катта пулсиз ҳам бугунги натижага (натижа деб бўлса) эришса бўларди. Йўл харитаси деган ибора роса "хит" бўлди. Шуни тузиш керак эди. Мана бу симптомлар билан бу ёққа, булари билан бу ёққа... деган маънода. Бунинг устига шуунча бўш бинолар туриб, янгисини қуришга тушишди... Буям нотўғри қарор бўлган. Қаттиқ карантин дейишди, лекин амалда мен кўрмадим. Қаерлардадир бўлди, бизда (Фарғона) эмас. Шунақа айрим нотўғри қарорлар орқасидан қийин вазиятга тушиб қолди.

Тошкентлик стоматолог Шаҳноза Сафоеванинг фикрича эса, карантинда аҳоли ҳаракатининг чеклангани ва хусусий тиббиёт муассасаларининг ёпилгани, вазиятни бироз оғирлаштирган.

Бундан ташқари, аҳоли орасида ҳам ортиқча саросима кучайганини урғулаган Сафоева, авваламбор аҳолини хотиржамликка чақирди:

- "Тез ёрдам"лар етишолмаяпти, тўғри. Чунки, чақириқ кўп, машиналар оз. Бунақа пайтда аҳолининг ўзи ҳам ёрдам бериши керак. Бу оддий шамоллашга ўхшаган касаллик, оддий шамоллашни одамларимиз уйида даволайди-ку! "Тез ёрдам"лар эса симптомлари оғир бемоларга ишлаяпти ҳозир. Агар ваҳима қилмасак, енгил касаллар уйида даволаниб турса, шифокорларга ҳам енгиллик бўларди.

Фарғоналик врач Х. Яқубжонов ҳам мамлакатдаги вазиятни енгиллатиш ва коронавирусни енгиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди:

- Модомики, вирусни даволаб бўлмас экан, унинг олдини олиш мумкин. Одамларга ҳақиқий, қатъий гигиена, ортиқча контактлардан сақланишни ўргатиш керак. Қаттиқ карантин ҳам фойда беради. Лекин қорин оч бўлса, одамлар барибир кўчага чиқиб кетади. Қандайдир бевосита, реал қўллаб-қувватлаш керак. Ўйлашимча, бундай эҳтиёжмандлар жудаям кўп эмас. Ортиқча қурилиш, кераксиз нарсаларга пул сарфламай, фақатгина ҳақиқий даволаниш талаб қиладиган беморлар талаб даражасида бепул даволанса, унчалик кўп пул ҳам кетмайди. Ҳаммаси тўғри йўналтириш, тўғри тақсимлашга боғлиқ, менимча.

Ўзбекистонда май ойи ўрталаридан карантин чоралари юмшатилиши ортидан, июнь ва июль ойларида вирусга чалинганлар сони кескин ортиб кетди. Сўнгги ҳафталар ичида кунига 300-500 атрофида вирусга чалинган беморлар аниқланмоқда.

Натижада, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга масъул Махсус комиссия қарори билан, симптомлари енгил кечаётган коронавирус беморлари 5 июлдан уйида даволаш тизимига ўтилди.

Карантин чоралари эса 10 июлдан 1 августга қадар яна кескин кучайтирилди. Бунинг ортидан, аҳоли қатнови чекланиб, аксар хусусий шифохоналар иш вақти қисқартирилди. Давлатга қарашли кўплаб шифохоналар COVID-19 бемоларига ажратилди.

Бу эса коронавирусга чалиниб уйда қолган беморлар билан бирга, йиллар давомида сурункали касалликлардан мунтазам даволаниб келаётганлар ҳамда мавсумий касалликларга чалинганлар учун тиббий ёрдам етишмовчилигини келтириб чиқарди.

Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси ва унинг оқибатлари билан боғлиқ бошқа маълумотларни Озодликнинг қуйида келтирилган жонли блогида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG