Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:48

Ғафур Раҳимовнинг оиласига тегишли $7 миллионни ўзлаштирганликда айбланаётган ака-укани давлат айбловчиси 12 ва 15 йилга қамашни сўради


Президент Шавкат Мирзиёев Ойбек Миралиев билан. Сурат jahon.uz сайтидан олинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ойбек Миралиев билан. Сурат jahon.uz сайтидан олинди.

2 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман суди судьяси Баҳодир Юсупов раислигида тадбиркор ака-укалар Ойбек ва Элдор Миралиевлар устидан ўтаётган суд музокара босқичига ўтди. Давлат айбловчиси тадбиркор Ойбек Миралиевни 15 йилга, унинг укаси Элдор Миралиевни эса 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Давлат айбловчисига кўра:

ака-ука Миралиевлар таниқли тадбиркор Ғафур Раҳимов ва унинг оиласи ишончига кириб, оиланинг жами 7 миллион АҚШ долларига тенг маблағларини ўзлаштирган;

Ғафур Раҳимовнинг Тошкентга сафарлари давомида унга хизмат қилган қимматбаҳо «Mercedes-Benz Maybaсh» машинасини тортиб олган;

Ғафур Раҳимовнинг рафиқаси Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеваларга йирик миқдорда зиён етказган;

тадбиркор Шерзод Аббосхўжаевнинг (марҳум давлат арбоби Алишер Азизхўжаевнинг ўғли) ишончига кириб, унинг 150 минг АҚШ долларини ўзлаштирган;

шунингдек, қатор фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг пул маблағларини қўлга киритган.

Адвокатларга кўра:

суднинг сўнгги 5 мажлисида маҳкамага раислик этувчи томонидан ака-укалар ва уларнинг ҳимоя тарафи келтирган бирорта важ тингланмади;

берилган илтимосномалар қаноатлантирилмади, гувоҳлик кўрсатмаларини инобатга олинмади;

жиноят ишида асосий гувоҳ сифатида ўтган таниқли тадбиркор Ғафур Раҳимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси терговчилари судда сўроқ қилинмади;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура тергов бошқармаси томонидан "ясама жабрланувчиларга айлантирилган" шахсларнинг ака-ука Миралиевларга нисбатан судда даъвоси йўқлиги борасидаги аризалари инобатга олинмади;

шунингдек, судланувчилар томонидан келтирилган аудио сўзлашувлар акс этган ленталар, далилий ашё ва ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилмади.

Адвокатларнинг Озодлик мобил мухбирига айтишича, процессуал қонунчиликка мувофиқ, маҳкамага раислик қилувчи жиноят иши терговчига дахлдор барча гувоҳ ва жабрланувчиларни сўроқ қилиши, уларни судланувчилар билан юзлаштириши ҳамда далилий ашёларга ҳуқуий баҳо бериши лозим эди.

7 миллион долларлик даъво

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчиси У. Ш. Умаров имзолаган ва Озодликда нусхаси бўлган айблов хулосасида даъвогарлар сифатида Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеваларнинг исмлари зикр қилинган.

Айблов ҳужжатларида ëзилишича¸ Ойбек Миралиев хусусан Лола Раҳимованинг синглисига тегишли кўчмас мулкни 650 минг долларга сотиб, пулини бермаганликда гумон қилинмоқда.

Бундан ташқари Озодлик танишган даъво аризасида Лола Раҳимова ўзига тегишли «Mercedes-Benz Maybaсh» автомобилини “Ойбек Миралиев ўзлаштирди” деб даъво қилгани ёзилган. Шунингдек, Ғафур Раҳимовнинг вакили ўз даъво аризасида Ойбек Миралиев ва унинг укаси Раҳимовлар оиласига тегишли жами 7 миллион долларга яқин маблағни ўзлаштириб юборганликда айбламоқда.

Аммо Ойбек Миралиевнинг адвокатлари ака-укага қарши иш тўлалигича "сфабрикованний" (уйдирма) эканини 2019 нинг декабрида иддао қилган эди.

Адвокат Худоëровага кўра¸ манфаатдор доиралар “ Ойбекни қаматиш йўли билан унга тегишли кўчмас мулклар, ширкатларни ўзлаштириб олмоқчи”.

Озодлик гаплашган Ойбекнинг яқинлари бу иш ортида Ғафур Раҳимов билан яқин алоқада бўлган юқори мансабли ҳукумат мулозимлари турганини иддао қилди. Айни пайтда Озодликда бу иддаонинг расмий тасдиғи ëки инкори йўқ.

Президент олқишлаган тадбиркор ака-укалар

Тадбиркор гуруҳлар орасида "Ойбек тухум"¸ “Ойбек-фаберже” (Заргар Карл Фаберже (1846-1920) ясаган тухум шаклидаги заргарлик асарлари ишора) ¸"Киндер сюрприз" деган номлар билан танилган Ойбек Миралиев ва унинг укаси Элдор сўнгги 10 йил ичида мамлакатдаги паррандачиликка ихтисослашган бизнеснинг асосий фигураларидан бири ҳисобланади.

Озодлик танишган 2011 йилга оид ҳужжатларда Ойбек Миралиев Навоий вилояти Кармана туманидаги “Сардоба Парранда” фабрикасининг эгаларидан бири эканлиги қайд этилган.

Шунингдек Озодликда Ойбек Миралиев ўзининг икки-укаси Сардор ва Элдор билан биргаликда Латвиядан Ўзбекистонга шрот (қорамоллар учун озуқа, кунжара) импорт қилгани ҳақида маълумот бор.

Озодлик мухбири кўрган ҳужжатларда акс этишича, Ойбек Миралиев 2010 йилдан 2012 йилгача БААнинг Дубай шаҳрида бир қанча тижорий тадбиркорлик лойиҳаларида иштирок этган.


--

XS
SM
MD
LG