Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:37

“Ойбек-Фаберже" иши: Тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг турмуш ўртоғи кўрсатма берди


Президент Шавкат Мирзиёев Ойбек Миралиев билан. Сурат jahon.uz сайтидан олинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ойбек Миралиев билан. Сурат jahon.uz сайтидан олинди.

5 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели тумани суди судьяси Баҳодир Юсупов раислигида тадбиркор ака-укалар Ойбек ва Элдор Миралиевлар устидан ўтаётган суд жараёнининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисида жабрланувчилар кўрсатма берди. Улар орасида таниқли тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг хотини, 3 миллион АҚШ долларини судланувчиларга бой берганини иддао қилаётган Лола Раҳимова ҳам бор.

Ака-ука тадбиркорларнинг алоҳида кўрилаётган жиноят ишлари судья Юсуповнинг ажрими билан ўтган суд мажлисида мазмунан кўриб чиқиш учун бириктирилган эди.

Суд ишида жабрланувчи сифатида ўтган тадбиркор Алишер Ғиёсов судланувчи Ойбек Миралиевнинг 2011-12 йиллардаги бизнес ҳамкори бўлган ва Болтиқбўйи мамлакатларидан парранда учун шрот маҳсулотлари олиб келишга 950 000 АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.

“Ойбек билан дўст эдик. Унга 950 000 АҚШ доллари бердим, аммо у бизнесда банкротга учради ва пулга куйдик. Менга қарзи эвазига корхоналарини таклиф қилди, олмадим. Ўтган йилнинг сентябри ва бу йил суд олдидан қарзларини тўлиқ узди ва унга даъвоим йўқ. Аммо Бош прокуратура терговчиси Умаров мени ҳам негадир жабрланувчига айлантирди” деди Алишер Ғиёсов суд мажлисида.

Алишер Ғиёсов суд ҳайъатига судланувчиларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги борасида ариза тақдим этди.

Жиноят ишининг номдор жабрланувчиси

Муқаддам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан 9 марта жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабаби билан ёпилган жиноят ишининг қўзғатилишига тадбиркор Лола Раҳимованинг Ўзбекистон Бош прокуратурасига берган аризаси ва тергов даврида унинг эри Ғафур Раҳимовнинг кўрсатмалари асос бўлган.

Бир пайтнинг ўзида 1991 йилдан бери ҳам Россия Федерацияси, ҳам Ўзбекистон фуқароси эканини суд мажлисида айтган Лола Раҳимованинг судланувчиларга нисбатан даъвоси 3 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Айбловга кўра, даъво предмети бўлган 200 минг АҚШ долларига харид қилинган “Mercedes-Benz Maybach” автомобили ва Раҳимовага тегишли 2,8 миллион АҚШ долларилик “Sanoatqurilishindustriya” ширкати гўё унинг ишончини суиистеъмол қилиш билан ака-укалар томонидан ўзлаштирилган.

Чалкаш кўрсатмалар

“Ўзбекистон Республикаси МХХ томонидан ўта оғир жиноятларда айбланиб, 2013 йилда халқаро қидирувга берилганимиздан сўнг Россияда пулга муҳтож бўлиб қолдим. Сўнг Миралиев Ойбекка Европа кредит банкидан Москванинг Ленинский проспектидаги уйимни гаровга қўйиб, 2 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олишга ишончнома бердим.

Кредит 3 ойда қопланган, аммо унинг пенясими, нимаси учундир мени Дубай аэропортининг паспорт назоратида 2019 йили ушлаб қолишди. Шунда Европа кредит банкидан олинган кредитнинг тўла қопланмаганини билдим. Қолаверса, 2019 йилнинг февралида оилам учун олинган 4 машинанинг бири “Mercedes-Benz Maybach” ана шу кредит эвазига харид қилинган” деди Раҳимова.

Раҳимовларга қарши мудофаа

Судланувчи тадбиркорларнинг ҳимоя томони судда жабрланувчига саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, “Европа кредит банкидан олинган кредит маблағи, унинг шартлари ва унда назарда тутилган бизнес қоидалар билан танишмисиз”, қабилидаги саволларга Раҳимова “Ҳа” деб жавоб берди, аммо молиявий ҳужжатлар тафсилини тушунтириб бера олмади.

Унинг кўрсатмаларига изоҳ берган судланувчи Ойбек Миралиевга кўра, Раҳимова бу ҳужжатларни кўрган эмас, бу ишларнинг барчаси унинг эри Ғафур Раҳимов иштирокида амалга оширилган.

“Кредит маблағи 3 ойнинг ичидаёқ тўлиқ банкка қайтарилган, бу борада барча ҳужжатлар, банкнинг расмий маълумотномаси ҳам бор. Адвокатларим судга бу борадаги барча ёзишмалар, мулоқотларимизнинг аудио нусхаларини тақдим этишади” деди Ойбек Миралиев.

Жиноят иши материалларидаги Европа кредит банки молиявий ҳужжатларининг лойиҳа қисмида кредит эвазига машина харид қилиш ҳақида бирор гап мавжуд эмас, дейишмоқда судланувчиларнинг ҳимоя тарафи. Уларнинг иддаосига кўра, гўё номдор жабрланувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан Бош прокуратура бу жиноят ишини яратган.

7 миллион долларлик даъво

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчиси У. Ш. Умаров имзолаган ва Озодликда нусхаси бўлган айблов хулосасида даъвогарлар сифатида Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеваларнинг исмлари зикр қилинган.

Айблов ҳужжатларида ëзилишича¸ Ойбек Миралиев хусусан Лола Раҳимованинг синглисига тегишли кўчмас мулкни 650 минг долларга сотиб, пулини бермаганликда гумон қилинмоқда.

Бундан ташқари Озодлик танишган даъво аризасида Лола Раҳимова ўзига тегишли «Mercedes-Benz Maybaсh» автомобилини “Ойбек Миралиев ўзлаштирди” деб даъво қилгани ёзилган. Шунингдек, Ғафур Раҳимовнинг вакили ўз даъво аризасида Ойбек Миралиев ва унинг укаси Раҳимовлар оиласига тегишли жами 7 миллион долларга яқин маблағни ўзлаштириб юборганликда айбламоқда.

Аммо Ойбек Миралиевнинг адвокати Ёқутхон Худоëрова ака-укага қарши иш тўлалигича "сфабрикованний" (уйдирма) эканини 2019 нинг декабрида иддао қилган эди.

Адвокат Худоëровага кўра¸ манфаатдор доиралар “ Ойбекни қаматиш йўли билан унга тегишли кўчмас мулклар, ширкатларни ўзлаштириб олмоқчи”.

Озодлик гаплашган Ойбекнинг яқинлари бу иш ортида Ғафур Раҳимов билан яқин алоқада бўлган юқори мансабли ҳукумат мулозимлари турганини иддао қилди. Айни пайтда Озодликда бу иддаонинг расмий тасдиғи ëки инкори йўқ.

Президент олқишлаган тадбиркор ака-укалар

Тадбиркор гуруҳлар орасида "Ойбек тухум"¸ “Ойбек-фаберже” (Заргар Карл Фаберже (1846-1920) ясаган тухум шаклидаги заргарлик асарлари ишора) ¸"Киндер сюрприз" деган номлар билан танилган Ойбек Миралиев ва унинг укаси Элдор сўнгги 10 йил ичида мамлакатдаги паррандачиликка ихтисослашган бизнеснинг асосий фигураларидан бири ҳисобланади.

Озодлик танишган 2011 йилга оид ҳужжатларда Ойбек Миралиев Навоий вилояти Кармана туманидаги “Сардоба Парранда” фабрикасининг эгаларидан бири эканлиги қайд этилган.

Шунингдек Озодликда Ойбек Миралиев ўзининг икки-укаси Сардор ва Элдор билан биргаликда Латвиядан Ўзбекистонга шрот (қорамоллар учун озуқа, кунжара) импорт қилгани ҳақида маълумот бор.

Озодлик мухбири кўрган ҳужжатларда акс этишича, Ойбек Миралиев 2010 йилдан 2012 йилгача БААнинг Дубай шаҳрида бир қанча тижорий тадбиркорлик лойиҳаларида иштирок этган.

XS
SM
MD
LG