Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:43

Поплик 51 тадбиркор ўз дўконининг депутатга олиб берилишини тўхтатишни сўраб президентга мурожаат қилди (ВИДЕО)


Поп марказидаги икки ва уч қаватли ана шу дўконлар депутат Сардор Раҳмоновнинг 7 қаватли уй қуриш лойиҳаси учун эгаларидан тортиб олиниш таҳликаси остида қолган.
Поп марказидаги икки ва уч қаватли ана шу дўконлар депутат Сардор Раҳмоновнинг 7 қаватли уй қуриш лойиҳаси учун эгаларидан тортиб олиниш таҳликаси остида қолган.

Наманган вилоят, Поп туман марказида жойлашган 50 дан ортиқ дўкон эгалари Наманган вилояти ва Поп тумани ҳокимларини Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати¸ “Поп савдо маркази” МЧЖси эгаси Сардор Раҳмоновга 7 қаватли уй қуриш учун ўз хусусий мулкларини олиб бериш учун босим қилаëтганликда айблади.

Тадбиркорлар президент Мирзиёевга аталган видеомурожаатини Озодликка тақдим қилди.

Озодлик гаплашган тадбиркорлар Мирзиëевнинг Наманганга кутилаëтган ташрифи давомида вилоят ҳокимига жуда яқин бўлган Сардор Раҳмоновнинг ўз мега-лойиҳасини президент тасдиғидан ўтказишга чоғланаëтганидан қаттиқ хавотир билдирди.

Поп туман ҳокимлиги мулозими¸ қолаверса тадбиркор-депутат Раҳмонов 51 тадбиркор билан музокаралар ҳозирча боши берк кўчага кириб қолгани¸ аммо улар мулкига ҳеч ким “бульдозер солиш” ниятида эмаслигини билдирди.

Президентнинг бир оғиз гапи билан 51 тадбиркор хусусий мулкидан ажраши мумкин

Поп туман марказидаги 51 та дўкон эгаси ўзларини Озодлик орқали мурожаат билан чиқишга Шавкат Мирзиëевнинг яқин кунлар ичида Наманганга кутилаëтган сафари мажбурлаганини билдирди.

Ҳозир Наманганда президент келишига тайëргарлик кетяпти. Вилоят ва Поп ҳокими президентга кўрсатиладиган объектлар ва ҳужжатлар устида ишлаяпти. Вилоят ҳокимининг любимчиги Сардор Раҳмоновнинг Поп марказида Тошкент типидаги 7 қаватли турар-жой биноси¸ унга туташ боғча ва парк қилиш лойиҳасини президентга кўрсатиб¸ уни бош планга киритишмоқчи. Агар президент бунга добро берса¸ бизнинг уйимиз куяди. 51 та тадбиркорнинг хусусий мулкига эртасигаëқ бульдозер солинади. Сабаби¸ биз ўтган йилдан бери дўконларимизни бу тадбиркорга беришга розилик бермай келяпмиз. Лекин Поп генпланини президент тасдиқласа¸ биздан биров рухсат ҳам сўрамай¸ дўконларимизни бузади”¸ дейди Озодлик гаплашган поплик тадбиркорлардан бири.

Поплик тадбиркорлар¸ ана шу эҳтимолнинг олдини олиш¸ “президентни алдамасликлари” учун қилган видеомурожаатида Мирзиëевдан битта “сохта тадбиркор” манфаати учун 51 та бошқа тадбиркорни қурбон қилмасликни сўрайди.

Поплик тадбиркорларнинг президент Мирзиëевга қилган видеомурожаати.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00

"Ҳокимнинг дўкон бузишга вақти йўқ!"

Поп туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими президент Шавкат Мирзиëевнинг яқин кунларда Наманган вилоятига ташрифи кутилаëтганини тасдиқлади ва сафар давомида унга Поп марказида замонавий уй ва истироҳат парки қуриш лойиҳасини ичига олган янги Бош режанинг тақдим этилиши ҳақидаги хабарни инкор қилмади.

Ҳокимлик мулозими¸ президентга видеомурожаат билан чиққан тадбиркорларни “Попнинг кенгайиб¸ замонавий шаҳарга айланишига тўсқинлик қилаëтган олибсотарлар” деб атади.

Шаҳар кенгайиши керак. Ҳокимликдан неча мингта одам уй сўраб мурожаат қилган. (неча мингта¸ деган саволга мулозим жавоб бермади -таҳр.) Уйғур деган қишлоқ билан бузиладиган дўконлар ораси 1¸5 км. Шу жойда жуда чиройли замонавий бозор қурилган. Бу бола бозорни қуриш пайтида депутат бўлмаган¸ бозорни қургандан кейин депутат бўлди. У Поп марказидаги эски бозор ўрнида 7 қаватли уй қуришга замонавий лойиҳа қилиб келган. Пасти Тошкентдагидей ойнали магазин бўлади¸ лойиҳа чиройли. Бу одамларга 1-қаватини ол¸ мана сенлар¸ Поп марказини чиройли қилайлик¸ десак кўнмаяпти. Чангга ботиб ëтган бозорни чиройли қилиб қуриб берса¸ икки-учта олибсотар туҳмат қиляпти. Камбағалнинг пули кўпайса¸ эски уйини бузиб¸ янгиси қуради¸ машина олади. Район ҳам шундай. Эскирган биноларини замонавий қилгиси келади¸ пастларини баландроқ қилади”.

Айни пайтда Поп туман ҳокимлиги мулозими¸ “шу кунларда президент ташрифи ва ғалла йиғими билан иши бошидан ошиб турган ҳокимнинг дўкон бузишга вақти йўқлиги”ни таъкидлади.

"Ҳокимнинг иши бошидан ошиб ëпибди. Эртага ғалла бўйича давлат режасини бажарамиз. Ҳокимнинг тадбиркорларни дўконини бузишга вақти йўқ. Президентнинг сафари кутиляпти. Биз президентга иккита объектни кўрсатишимиз керак. Ғурумсарой қишлоғида янги қурилаëтган больница¸ иккинчиси битта тадбиркоримиз сув чиқмайдиган чўл жойда 1000 гектарлик жойда боғ ташкил қилган. Президентимиз шуни ўз кўзи билан кўрмоқчи. Ташрифнинг аниқ кунини билмаймиз ҳали".

Депутат-тадбиркор ким?

Поп марказидаги 51 тадбиркор дўкони ўрнига “тошкентча 7 қаватли уй қуриш лойиҳаси”ни тақдим қилган тадбиркор 28 яшар Сардор Раҳмоновдир.

Ўзбек нашрлари ва телеканалларида ëш ишбилармон сифатида тез-тез намойиш қилинадиган Раҳмонов¸ коронавирус пандемияси пайтида¸ "ночорларга ëрдам бераëтган тадбиркор" сифатида пиар қилинди.

Озодлик билан суҳбатда Сардор Раҳмонов¸ карантин даврида ночор оилаларга 370 миллион сўмлик озиқ-овқат тарқатганини иддао қилди.
Озодлик билан суҳбатда Сардор Раҳмонов¸ карантин даврида ночор оилаларга 370 миллион сўмлик озиқ-овқат тарқатганини иддао қилди.

Унга қарашли “Поп савдо маркази” МЧЖчи 2019 йил 26 сентябрь санаси билан ўтказилган аукционда Поп марказидаги Марказий деҳқон бозорига қарашли 87 сотих ерни¸ ҳокимликка кўра¸ 806 миллион 100 минг сўмга сотиб олган.

Бу ҳудудда 7 қаватли уй қуриш проектини туман ва вилоят ҳокимлиги тасдиғидан ўтказган Раҳмонов¸ бузилган бозор ëнидаги 2 ва 3 қаватли хусусий дўконларни ҳам ўзига олишни режаламоқда.

Аммо бу дўконлар 51 та тадбиркорнинг хусусий мулки бўлгани учун¸ улар билан музокара олиб боришга мажбур бўлган тадбиркор-депутатнинг Озодликка айтишича¸ дўкон эгалари билан сўзлашув ҳозирда боши берк кўчага кириб қолган.

Эски бозор ўрнида уй қуриш режасини қилдим. Бозорни аукционда сотиб олдим. Ер осмондан тушгани йўқ. Ичкаридаги 30 дўконнинг компенсацияси тўлаб¸ буздик. Ташқаридагилардан ҳам иккитаси рози бўлди¸ униям буздик. Қолган тадбиркорлар норози бўляпти. Қурилишимизниям қилаëтганимиз йўқ. Биз уларга шунақа таклиф беряпмиз – сизларни рози қилмасдан ҳеч ким жойингизни бузмайди. Қўлиниям теккизмайди. Қуриладиган 7 қаватли уйнинг биринчи қаватидан ўринга ўрин бир хил квадратурада жой қуриб берамиз¸ ичини ремон қилиб¸ қулф калити¸ кадастри билан қилиб берамиз. Бир¸ бир ярим йил қурилиш битгунча¸ янги бозордан жой берамиз¸ аренда пулиям олмаймиз. Янги дўкон кадастр ҳужжатлари¸ қулф калити билан топширилгандан кейин бозордаги жойимизни қайтиб бериб¸ домнинг тагидаги дўконда ишингизни давом эттирасиз. Ҳеч қандай бошқа тўлов бўлмайди¸ деяпмиз”¸ деди Озодлик билан 17 июнь кунги суҳбатда Сардор Раҳмонов.

Сардор Раҳмонов Поп марказий бозори ҳудудини сотиб олиб¸ уни бузиб ташлаган. Аммо бозор атрофидаги дўкон эгалари билан келиша олмаëтгани ортидан¸ ҳозирча 7 қаватли уй қурилишини бошламаган.
Сардор Раҳмонов Поп марказий бозори ҳудудини сотиб олиб¸ уни бузиб ташлаган. Аммо бозор атрофидаги дўкон эгалари билан келиша олмаëтгани ортидан¸ ҳозирча 7 қаватли уй қурилишини бошламаган.

Раҳмоновга кўра¸ тадбиркорларга бундай ваъда учун кафолат сифатида ўзаро шартнома тузиб¸ унга ҳокимиятни гарант қилишни таклиф қилган. Тадбиркорлар¸ ҳокимият ролига ишончсизлик билдиргани ортидан Раҳмонов уларга шартномани Адлия вазирлигига қарашли давлат нотариуси орқали ҳужжатлаштиришни таклиф қилган.

Кабминдан кураторлар келиб¸ биз гарант бўламиз¸дейишди. Булар банкдан гарантия сўрашди. Вилоят банки келди¸ тадбиркорлар “республикадан келсин” дейишди. Республика Миллий банки юристи келди. Булар раис келишини талаб қилди. Улар дўконига ўзлари қўйган нарх бўйича кафолат сўради. Биттаси дўконини 2 миллион долларга баҳолади. Банк кўнмади¸ Миллий банк вакиллари қайтиб кетди. Кейин пандемия бошланди¸ шу билан қолиб кетди. Ҳозир тадбиркорлар яна ëзиб чиқа бошлади”¸ деди Сардор Раҳмонов.

Раҳмоновга кўра¸ бузилган бозорга туташ жами 55 та дўкон эгаларидан тўрттаси билан музокаралар келишув билан тугаган ва бу дўконларни ҳам қонуний йўл билан сотиб олган.

Қолган 51 тадбиркор нега “жозибали таклиф”га кўнмаяпти?

Президентга ўз хусусий мулкларини Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровга жуда яқин кўриладиган депутат Сардор Раҳмоновдан ҳимоя қилишни сўраб чиққан 51 тадбиркор вакиллари Озодлик билан суҳбатда шундай музокара ва таклиф бўлганини тасдиқлади.

Уларга кўнмаслик сабаби эса¸ тадбиркорларга кўра¸ ҳокимият вакиллари мутлақ ишонч йўқлиги баробарида¸ Сардор Раҳмоновнинг «сохта ҳужжат» билан ўзларини алдамоқчи бўлганидир.

«Биз ҳокимларга ишонмаймиз. Бугун чиқарилган қарорини эртага на ўзи ўзгартириб беради¸ порасини берсангиз. Шунинг учун банк кафолатини талаб қилдик. Раҳмонов Миллий банкнинг Наманган бўлимидаги оддий бир ходимга босим ўтказиб¸ бир варақ қоғозга қўл қўйдириб¸ печать босиб олиб келди. Биз бу қоғозни Тошкентга¸ Миллий банкнинг республика қароргоҳига олиб борсак¸ уларнинг бундан умуман хабари йўқ бўлиб чиқди. У қоғоз липовий бўлиб чиқди. Шундан кейин биз музокараларни тўхтатдик. Қўлимиздаги ҳужжатлардан¸ Сардор Раҳмоновнинг янги бозор қуриш учун Миллий банк ва бошқалардан 38 миллиард сўм кредит олиб¸ ҳозиргача унинг фоизини ҳам тўламаганини биламиз. Бу кетишда бозор уники эмас¸ банкники бўлади ва у билан қилинган ҳар қандай шартнома кучини йўқотади. Ўзбекистонда ҳозир ҳар хил шартнома тузиб¸ кейин банкрот бўлиб¸ қурган объекти учинчи фирмага ўтиб кетаëтганлар ниҳоятда кўп. Бунақа шартномани кейин ҳеч ким бир пулга олмайди¸ бор ана судга бер¸ дейишади. Суд дегани¸ куйиб кетдим¸ дегани. Биз бу ўйинларни жуда яхши биламиз ва бунақа Аҳмадбойникига ўхшаган молиявий схемаларга алданмоқчи эмасмиз»¸ дейди президентга мурожаат қилган 51 тадбиркордан яна бири.

Бу тадбиркорлар¸ ўз хусусий мулкидан бирор шаклда воз кечмасликларини очиқ ойдин айтишлари ортидан¸ вилоят ва туман ҳокимлиги ўз бинолари қурилган ҳудудни бузишни Поп шаҳар Бош планига киритиш ҳийласини ишлаб чиққанини айтади.

«Ҳозир эса¸ ҳар хил баҳона билан дўконларимиз жойлашган кўча бошига блок пост қўйиб¸ харидорларни ўтказмаяпти¸ электримизни узиб қўяяпти¸ ҳар хил қарздорликни баҳона қиляпти¸ эски молиявий ҳужжатларимизни кўтариш билан таҳдид қилишяпти. Мақсад¸ бизни Раҳмонов шартларига кўндириб¸ шу ердан чиқариш. Буларнинг ҳаммаси Сардор Раҳмоновнинг иши. Бу бола Попда туман ҳокимидан ҳам қудратли бўлиб кетган. Орқасида вилоят ҳокими Бозоров турипти»¸ деди тадбиркорлардан яна бири.

Президентга мурожаат қилган поплик дўкон эгалари¸ ўз хусусий мулк эгалигини ҳимоя қилиш учун курашдан тўхтамаслигини айтмоқда.

«17 июнь куни 10 дан ошиқ вакилимиз Бизнес омбудсман Дилмурод Қосимов билан учрашиш учун Фарғонага кетди. Кечқурун учрашиб¸ шикоятимизни етказди. Омбудсман ëрдам бераан¸ деди. Президентга мурожаат қилдик¸ яна қиламиз. Дўконимизни ҳеч кимга бермаймиз. Шаҳарсозлик қоидаларига тўғри келмайди¸ деса¸ яна ўзимиз ремонт қиламиз¸ ëки қайта қурамиз. Ҳозиргача уч марта ремонт қилдик¸ нечта машина пулини сарфлаб¸ яна қилишга розимиз. Аммо ундан воз кечмаймиз»¸ деди поплик тадбиркорлар.

Яккабоғдаги исëндан кейин бузилишлар ҳовури пасайди

Қашқадарë вилояти Яккабоғ туманидаги хусусий дўкон эгаси ўз дўконини ноқонуний бузиш учун бульдозер солган туман ҳокими ўринбосари устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани Ўзбекистондаги сносларнинг оддий аҳоли ва тадбиркорлар тоқатинини тоқ қилганидан берилган жиддий сигнал бўлди.

Бу воқеа ортидан 2019 йил 3 август куни президент Шавкат Мирзиëев бузилишларга оид янги фармойиш қабул қилди.

Унга кўра¸ 2019 йил 5 августдан бошлаб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари уч босқичда амалга оширилади.

Адлия вазирлиги берган расмий хабарга кўра¸ биринчи босқичда ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади; кейин Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади ва учинчи босқичда хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Жараëн ана шу уч босқичдан ўтиб¸ мулк эгасига компенсация масаласи ҳал қилинганидан кейингина¸ объект бузилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG