Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:48

Тадбиркор қурган иморат ҳокимият томонидан буздирилмоқда


Ҳокимият талаби билан бузилиши керак бўлган иморат
Ҳокимият талаби билан бузилиши керак бўлган иморат

Андижонлик тадбиркорлар оиласи ўзлари қуриб битказган икки қаватли тикув цехи “ноқонуний қурилгани” важи билан маҳаллий ҳокимият ва прокуратура талаби билан бузилаётганидан Озодликка арз қилди.

Андижон вилояти Пойтуғ шаҳрида жойлашган бу бинони аукционда сотиб олганини гапирган избосканликлар унда ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш ва 30га яқин одамни иш билан таъминлашни режалаштирганидан гапирди.

Прокуратура эса бу бинонинг бузиб ташланиши кераклиги, аммо “ер тадбиркорда қолдирилиши” тўғрисида суд қарори борлигини билдирмоқда.

Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Марказ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Абдураҳмоновлар оиласи уларга тегишли янги қурилган икки қаватли хусусий иморат ҳокимият талаби билан бузилаётганидан шикоят қилди.

Озодлик билан суҳбатда избосканлик оила раҳбари Мадаминжон автомобил турар-жойи бўлган ташландиқ ерни аукционда сотиб олиб, унда тикув цехини қуриб битказганини айтди.

Тадбиркор ҳокимият рухсатисиз ўз ерига қурган бино
Тадбиркор ҳокимият рухсатисиз ўз ерига қурган бино

У бузилиш устида шахсан Избоскан туман прокурори турганини айтади:

- Аёлим ҳам тадбиркор. Фермер хўжалигимизда 75та ишчи ўрни бор. Хусусий шифохонамиз ҳам бор, 15 иш ўрни билан. Яна остановка жойини сотиб олиб, ўша ерда бино қурган эдик. Энди битган бинони бузаман, деб уруш бўлаяпти. Избоскан туман прокурори шахсан тўхтатилган ҳолатларни инкор этиб, олишаяпти. Йўлни бошқа одамлар тўсган, кимгандир алоқаси бордир. Бу бино бузилиб кетса ҳам ер ўзимда қолади – ҳеч кимга манфаат йўқ ундан! Тадбиркорларни синдириш бўлаяпти бу ерда, деди Мадаминжон.

Андижонлик тадбиркор бузилаикки қаватли иморатда 30 яқин иш жойини яратиб, тендер асосида мактаб портфелларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганини билдирди.

Абдураҳмоновлар тикув цехи қурилишига шахсий 300 миллион сўм пул сарфлаганини ҳам қўшимча қилди.

- Ёрдам бериш ўрнига, катта пул сарфлаган биномни буздираяпти-да. Кеча хотиним сайлов арафасида ўзим устимдан бензин қуйиб ёқаман деган гапидан қайтардим. Прокурорга қарши қўлимиздан ҳеч нарса келмаяпти! “Сен ноқонуний сотиб олгансан!”, деяпти. Қанақасига, агар мен солиқ тўлаб келган бўлсам?! Қўлимда аукцион, кадастр ҳужжатлари турибди. Энди архитуктура бўлими ҳам прокурордан қўрқиб, қочиб юрибди. Бош вазир порталига мурожаат қилганимизни эшитиб, прокуратура тезроқ бўздиришни кучайтираяпти! Ваҳоланки, ҳоким бузишни вақтинчаликтўхтатиш тўғрисида хат берган эди. Кимга керак уни бузиш? Безиллаб кетдик, деди Мадаминжон.

Маълум бўлишича, тадбиркор оиласи суд қарори устидан юқори идораларга шикоят берган, аммо ҳокимият хати ва виртуал қабулхонадан жавоб келмасдан Избоскан туманпрокуратураси уни тезроқ буздириш пайида эканини гапирди.

Тадбиркор оиласи уларники каби бошқа бир қанча иморатлар ҳам борлиги, лекин прокуратура айнан уларнинг иморати бузилишига даво аризаси киритганини иддао қилди.

Озодлик Избоскан туман ҳокимиятига Абдураҳмоновлар масаласи юзасидан мурожаат қилди. Ҳоким муовини бу масалада хабари йўқлигини билдириб,Архитектура ва қурилиш бўлимига мурожаат қилишни сўради. Аммо бу бўлим телефон рақамлари орқали ҳам аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Ҳокимиятнинг ижрони вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги хати
Ҳокимиятнинг ижрони вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги хати

Бироз тўлиқроқ жавоб Избоскан туман прокуратурасидан олинди.

Вазият билан яхши таниш бўлган ва исмини ошкор қилмаган прокуратура мулозими бузиш ташаббуси туман ҳокимлигига тегишли эканини гапирди.

- Ҳоким қарори асосида у ерга қурилиш қилиш учун ер берилган. Улар қурилиш қилинган, лекин рухсат олинмаган ерга ҳам бино қуриб қўйган. Шунга туман ҳокими “У ноқонуний, уни бузиб ташлаш керак!”, деб 2015 йилда прокурорга мурожаат қилган. Прокурор фуқаровий судга даво аризаси киритган, “ноқонуний ўзбошимча қурилган”, деб. Суд давони қаноатлантириб берган. Абдураҳмонова Ойтожи вилоят фуқаролик судига мурожаат қилган, у эса туман суди қарорини кучида қолдирган. Лекин ҳали ижронинг ҳужжати чиққани йўқ, деди прокуратурадаги манба.

Суҳбатдош келтирган 2016 йил 26 январдаги суд қарорига кўра, тадбиркор Абдураҳмонова “16х12 метр майдонида ноқонуний қурилма қуришни бошлаган, чунки ҳокимликнинг оғзаки буйруқларини инкор этган”. Бироқ, суд қарорида “ер эгасида қолдирилсин, лекин ноқонуний қурилган иморат бузилсин” дея қарор чиқарилгани айтилди.

Прокуратура вакилининг айтишича, Избоскан туман ҳокими прокуратурага аввалига “ўзимиз келишамиз” мазмунида хат юборган, кейинроқ эса ўз фикридан қайтиб, “қарорни ижро қилиб беринглар” талаби билан чиққан.

Избосканлик Абдураҳмоновлар эса туман ҳокимиятидан берилган “ҳозирда қурилишга рухсат бериш учун ўрганиш ишлари олиб борилаётганини инобатга олиб, ижрони вақтинчалик қайтариш“ тўғрисида хат нусхасини таҳририятга тақдим этди.

Озодлик вазиятни кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG