Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:32

Домга чиқишга мажбурланаëтган сардобаликлар ўз уйи ўрнида янги уй қуриб берилишини талаб қилмоқда (ВИДЕО)


Сардоба туман Дўстлик МФЙдаги камида саккизта коттеж эгаларини огоҳлантирмай туриб¸ 7 июнь куни бузиб ташланди.
Сардоба туман Дўстлик МФЙдаги камида саккизта коттеж эгаларини огоҳлантирмай туриб¸ 7 июнь куни бузиб ташланди.

8 июнь куни Сардоба туман Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшаб келган 30 дан ошиқ эркагу аëл бузилишга тушган уйлари олдида тўпланди.

Собиқ номи 1-совхоз бўлган бу маҳалла 1 май куни тўғони ëрилиб¸ сув тошган Сардоба сув омборига энг яқин жойлашган аҳоли пункти. Дўстлик МФЙдаги 90 та коттеждан 28 таси¸ махсус комиссия қарори билан “яшашга яроқсиз” деб топилган ва сносга тушган.

7 июнь куни эгаларини олдиндан огоҳлантирмай туриб¸ 8 уйга бульдозер солиниши ортидан қолган коттеж эгалари¸ улардан айримларининг Озодликка айтишича¸ ҳокимият вакилларига ўз норозилигини баëн қилишга қарор қилган.

Бу воқеа ортидан 8 июнь куни норози халқ билан учрашган Сардоба туман ҳокими Абдуазим Хидиров улар талабини “юқорига етказиш” ҳақида ваъда берган.

Озодлик орқали президент Мирзиëевга қилган видеомурожаатида бу сардобаликлар¸ домда яшашни истамасликлари¸ ўз уйлари ўрнида янги уй қуриб берилишини сўради.

Сардоба туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Озодлик билан 8 июнь кунги суҳбатда¸ ҳоким халқ сўровини вилоят ва республика даражасидаги мутасаддиларга етказиши¸ лекин якуний қарор чиқариш “юқоридагилар” ваколатида эканини билдирди.

Уйсиз қолганлар билан “монолог”

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган сардобаликларнинг Дўстлик МФЙда жойлашган уйлари махсус комиссия қарори билан бузилишга тушган.

1 май куни уйларимизни шифтигача сув босди. Биз сув омборидан 4 километрча масофадамиз. Тошқиннинг биринчи зарбаси бизнинг уйларга тушди. Маҳалламизда союз пайтида қурилган жами 90 та коттеж бор. Тўрт хонали уй¸ 6 сотих ери билан. Шундан 62 таси 10 майдан буëн Қорақалпоғистондан келган бюджет ташкилотлари ходимлари томонидан ремонт қилиняпти. Полларини қоқиб¸ одамлар кириб яшашига деярли тайëр бўп қолди. Лекин қишлоққа кираверишдаги биринчи қатор йўлнинг икки томонидаги уйлар¸ иккинчи қаторнинг бир томонидаги уйлар қандоқ турган бўлса¸ шундоқ турувди. Ўтган ҳафта бу уй эгалари тўпланиб¸ туман ҳокими олдига борди”¸ дейди 8 июнь куни Озодлик гаплашган Дўстлик МФЙ яшовчиларидан бири.

Ўтган ҳафта ҳоким Хидиров билан учрашганлардан бирига кўра¸ Сардоба ҳокими билан учрашув “диалог” эмас¸ “монолог” шаклида бўлган.

Ҳоким 28 та уйнинг бузилиши аниқ экани¸ уларга МФЙ ҳудудида қуриладиган 37 та беш қаватлик уйдан дом берилишини билдирган. Аҳоли бу таклифни қабул қилмаслиги¸ уйи ўрнида уй қуриб берилишини сўраганидан кейин ҳоким¸ бу масалада икки кундан сўнг гаплашишни ваъда қилиб¸ уларни жўнатиб юборган.


Икки кун ўтиб¸ ҳеч ким биз билан гаплашмади. Бунинг ўрнига¸ уч кун ўтиб ўтмай¸ бизни бир оғиз ҳам огоҳлантирмай¸ уйларимиз устига бульдозер солишди. 7 июнь куни 28 та уйдан 8 тасини бузиб ташлашди. Халқ билан мулоқот шунақа бўладими?” дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

7 июнь кунги норозилик

Озодликка сардобаликлар юборган сурат ва видеоларда 7 июнь тонгида уй эгаларига бирор шаклда огоҳлантириш берилмай туриб бузиб ташланган уйлар манзараси акс этган.

Айтилишича¸ 1 май кунги техноген фалокат оқибатида уйи сув остида қолганлардан бирови коллеж биносида¸ яна бирови қариндошиникида¸ бошқаси эса¸ ўзи ижарага уй топиб яшаб келмоқда. Уларнинг кўпи 7 июнь куни уйлари бузила бошлагани хабарини эшитиб¸ воқеа жойига етиб келган.

Бузиш бошланганини эшитиб¸ кеча обеддан кейин 20 тача одам тўпландик. Келгунимизча¸ 8 та уйни бузиб бўлишган экан. Қолган уй эгалари қаршилик қилдик¸ эксковаторни кирғизмаймиз¸ деб уйларимиз олдига туриб олдик. Ҳоким келишини талаб қилдик. Ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари келди. 10 тача мелиса¸ 3-4 Миллий гвардиячи келди. “Барибир бузилади”¸ деб бизни тарқатмоқчи бўлишди. “Бизга дом керакмас¸ уйимиз ўрнида янги уй қуришга кафолат берсангиз¸ бузасиз”¸ деб туриб олдик. Аввалига мелисалар “карантин қоидасини буздинг” деб ҳаммангни тиқиб қўяман¸ деб пўписа қилди. Тўпланганлар сен ҳам бизга шериксан унда¸ деб туриб олганидан кейин¸ ҳаммаси кимларгадир телефон қилишди. 8 июнь куни эрталаб ҳоким сизлар билан учрашади¸ деб ваъда бериб кетишди. Қолган уйларга тегишмади”.

8 июнь кунги учрашув – узр ва оғзаки ваъда

Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ 8 июнь куни эрталабки соат 8 гача уйи бузилган ва бузилишга берилган 28 та уй эгаси ўз уйлари олдида тўпланиб¸ ҳокимнинг ваъда қилинган учрашувга келишини кутган.

Соат 12 ларда ниҳоят ҳоким начальник мелиса билан келди. Ҳокимнинг қурилиш бўйича муовини “ҳозирча бузилиш тўхтатилди¸ халқ билан ҳисоблашмасдан бузишни бошлаб¸ хато қилибмиз”¸ деб узр сўради. Ҳоким бизга "уйларинг яшашга яроқсиз¸ эртага зилзила бўлса¸ тўкилиб тушади”¸ деди яна. “Қишгача битадиган домлардан уй берамиз¸ бузилган уйларингдаги ер ҳам ўзларингизга қолади"¸ деб кўндирмоқчи бўлди. Тўпланганлар¸ бизга доминг керакмас¸ уйимиз ўрнида кадастрда қандоқ бўлса¸ шундоқ уй қуриб бер”¸ деб туриб олдик. Ҳоким бу талабни тепадагиларга етказиб¸ эртага (9 июнь) соат 12 да яна биз билан учрашадиган бўлди”¸ деди 8 июнь кунги учрашув иштирокчиларидан бири.

8 июнь кунги учрашувга келган сардобаликлар¸ Озодлик орқали Ўзбекистон президенти ва халқига видеомурожаат қилди.

Сардобаликлар мурожаати
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:58 0:00

Бу мурожаатда улар ҳукумат ва халққа ўзларига кўрсатилаëтган эътибор учун миннатдорчилик билдирган ҳолда¸ ўз уйлари ўрнида уй қуриб бериш талабида қатъий эканликларини айтиб¸ президент ва халқдан ëрдам сўради.

Ҳокимлик нима дейди?

8 июнь кунги норозилик тўпландиси ортидан Озодлик Сардоба туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Бунëд Турсунмуродов билан боғланди.

Дўстлик МФЙ аҳли айтган гапларни тасдиқлаган бу расмий¸ ҳокимнинг халқ сўровини бу масалада қарор берувчи ташкилот ва расмийларга етказганини билдирди.

- Бугун ҳоким бова халқ билан учрашди. Эртага вилоятдаги мутасаддилар¸ қурилиш ва архитектурадагиларни чақириб¸ яна одамлар билан учрашишга келишилди. Биласиз¸ Дўстлик МҲЙ ҳудудида 37 та дом қуриляпти. Қурилиш лойиҳаси Тошкентдан келади¸ ҳоким бованинг қўлида эмас бу. Юқори ҳал қилади¸ ҳоким бова одамларнинг эътирозини уларга айтади. Масала ижобий ҳал бўлишига умид бор. Ҳозирча бузилиш тўхтатилди¸ деди Сардоба туман ҳокимининг қурилиш бўйича муовини.

Уйи бузиладиганлар нега ҳокимлик таклифига кўнмаяпти?

1 май куни Сирдарë вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ортидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. Махсус комиссия қарори билан уйи бузилган ëки шикастланган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

15 май куни Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласига борган президент Мирзиëев¸ ЎзАнинг ëзишича¸ бу ерда қуриладиган "1480 хонадондан иборат 37 та уй пойдеворига тамал тоши қўйган".

Уйлари сносга тушиб¸ ўзларига янги қуриладиган шу домлардан 3 хонали квартира ваъда қилинган Дўстлик МФЙ аҳли Озодлик билан суҳбатда Сирдарë ва Жиззахнинг чўл шароитида кўп қаватли уйда яшаш “азоб экани”ни айтади.

Бизнинг ҳудудга келган одам билади иқлимнинг қанақа оғирлигини. Союз пайтида бу ерда бетон домда яшаб бўлмаслигини билганидан¸ 6 сотих ер билан шунақа коттеж қуриб беришган 70-йилларда. Еримизда мол-ҳол боқиб¸ мева-сабзавот экиб¸ яшаб келдик. Қарияларимиз бор¸ уларни жазирамада бетон домга тиқиб қўйишни хоҳламаймиз. Биз бир парча бўлса ҳам ери бор уйда яшашни хоҳлаймиз ”¸ деди норозилардан бири.

Озодлик суҳбатлашган бошқа сардобалик эса¸ муаммонинг асл илдизи ҳокимият ва улар ваъдаларига ишонмаслик билан боғлиқ эканини айтади.

Аср мўъжизаси деб айтиладиган Сардоба сув омборининг қанақа қурилганини ҳамма халқ кўриб¸ билиб турибди. Унинг жабрига мана бизга ўхшаган бегуноҳ оилалар қолиб ўтирибди. Ҳозир шошиб-пишиб¸ бюджет ташкилотлари ишчиларини мажбурлаб қуриладиган арзон уйлар сифати қанақа бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Булар домга чиқинг¸ ерингиз ҳам ўзингизга қолади¸ деб ишонтирмоқчи бўляпти. Биз эса мутлақо ишонмаймиз. Чунки бу ëлғон ва бирорта ҳужжат билан кафолатланмаган. Бузилишга тушган 28 та коттеж қишлоққа киришда жойлашган. Булар бизнинг уйларни атайлаб яроқсизга чиқариб¸ бу ерни биздан тортиб олмоқчи. Кейин бу ерни ўзлари истаганга сотиб¸ ўзлари хоҳлаган нарсани қурмоқчи. Биз ўз уйимиздан бошқа уйга кўнмаймиз. Сардобани яроқсиз қуриб¸ бизни уйсиз қолдирганлар келиб уйимизни тиклаб берсин”¸ деди уйи сув босиши оқибатида яроқсиз деб топилган сардобаликлардан бири.

1 май куни Сардоба сув омборида рўй берган техноген фаолокат бўйича давом этаëтган жиноят иши терговига оид жамоатчиликка жуда чекланган маълумот берилмоқда.

Бу фалокат учун қайси ташкилот ва қайси шахсларга қандай айб қўйилаëтгани¸ халққа етказилган миллиардлаб зарарни қоплашга сув омборини лойиҳалаш ва қуришга масъул бўлганлар ҳам бирор шаклда жалб этиладими¸ йўқми бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Президент Мирзиëевнинг фалокат учун масъулларнинг ким бўлишидан қатъи назар жазоланиши¸ фалокат сабабларини аниқлаш жараëнига мустақил хориж экспертларини жалб қилиш ҳақидаги ваъдаларининг амалга ошиш-ошмаслиги ҳам савол остида қолмоқда.

Терговда кўрилаëтган версияларга оид хабарлар ортидан жамоатчилик орасида бу фалокатнинг асл айбдорлари жавобгарликка тортилишига оид шубҳаларнинг кучайиб бораëтгани кузатилмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG