Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:52

OzodDayjest: Кўксаройни Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор ширкат озиқ-овқат билан таъминлайди


Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан янги лойиҳани муҳокама қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан янги лойиҳани муҳокама қилмоқда.

Карантин даврида салла деса калла олинаётган ҳолатлар ҳақида бонг урилди. “Кўксарой” қароргоҳини транспорт воситаси ишлаб чиқарувчи Akfa Dream World ширкати озиқ-овқат билан таъминлайди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Халқ бошида қилич ўйнатаётган ҳокимлардан воз кечиш йўли айтилди

“Сўхда халқ ҳозирги ҳокимдан норози бўлиб, ўзларининг номзодини таклиф қилаётган видеони кўрдим. Кўрдиму биз давлат бошқаруви тизимини расвосини чиқариб юборганимизга яна бир марта амин бўлдим” , - деб ёзади давлат бошқаруви бўйича мутахассис Азиза Умарова.

Таъкидланишича, ижро тизими вакили бўлган ҳокимларнинг вакиллик кенгашига раислик қилиши, боз устига, ижро ҳокимиятини назорат қилиши лозим бўлган Сенатда ҳудуд вакили сифатида савлат тўкиб ўтириши назорат ва мувозанат тизимининг яққол инқирозидир.

“Энг ёмони, бутун бир мамлакат бўйлаб тузукроқ ҳокимни бармоқ букиб санаб чиқсангиз, битта қўлингизнинг бармоқлари ҳам ортиб қолади (200 га яқин ҳоким орасидан). Ё агроном, ё тужжор бўлади. Ҳокимларнинг типик образи – доим асабий, сўкинган, қўпол, баджаҳл ва ижтимоий ё коммунал инфратузилмада жиддий ўзгартириш киритмайдиган нусха”, - деб ёзади А.Умарова.

Эксперт халқ бошида қиличини ўйнатиб, доим уни қўрқувда ушлаб туришга одатланган ҳокимлардан воз кечиб, бутун дунёда бўлгани каби ҳоким лавозимига ҳам сайлов ўтказиш вақти келганини таъкидлаган.

Блогер, Davletov.uz канали асосчиси Қобилжон Хидиров эса маҳаллий раҳбарларнинг ўз ҳудуди аҳолиси орасидаги рейтинги, уларнинг қўллаб-қувватлаш даражасини мониторинг қилиш учун ижтимоий тадқиқотлар соҳасини ислоҳ қилиш кераклигига урғу берган.

“Бу мамлакатдаги турли чалажон социологик тадқиқот институтларининг иши, улар ижтимоий кайфиятни ҳаққоний аниқлаб, холис баҳолаб, заруратга қараб республика раҳбариятига бонг уриб туриши керак. Йўқса, доим сюрпризларга дуч келинаверади”, - деб ёзади у.

“Кўксарой” қароргоҳини транспорт воситаси ишлаб чиқарувчи Akfa Dream World ширкати озиқ-овқат билан таъминлайди

Ўзбекистон президенти администрациясининг “Кўксарой” қароргоҳи 23 март куни Akfa Dream World компанияси билан умумий овқатланиш хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома имзолаган (www.daryo.uz, 2 июнь).

Давлат харидлари порталида келтирилган маълумотларга кўра, 40 кунга мўлжалланган шартноманинг умумий қиймати 400 миллион сўмга тенг.

Шартномага мувофиқ, Akfa Dream World компанияси Тошкент вилояти Қибрай тумани “Дўрмон” қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган резиденцияда соат 9:00 дан 19:00 га уч маҳал овқатланишни ташкил этиши назарда тутилган.

40 кун давомида 92 кишига нонушта (кунига 2,76 миллион сўм), 94 кишига тушлик (кунига 3,76 миллион сўм) ва 87 кишига (кунига 3,48 миллион сўм) кечки овқат ташкил этилиши кўзда тутилган (кунига – жами 10 миллион сўм).

Қайд этилишича, Akfa Dream World – моторли транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи компания. Компания таъсисчилари орасида Techno Continental ширкати (19,23 фоиз) ҳам бор.

Ўз навбатида Techno Continental компанияси устав фондининг 62,45 фоизи Artel Electronics компаниясига тегишли. Бу эса Тошкент шаҳри ҳокимнинг Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли ўнлаб ширкатлардан биридир.

Адвокат карантин даврида фуқаролар ҳимоясига оид оғриқли муаммолардан гап очди

Таниқли адвокат, юридик фанлари доктори Баҳром Саломов карантин пайтида инсон ҳуқуқлари, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясига оид айрим оғриқли ҳолатлар ҳақида бонг урди (www.xabar.uz, 30 май).

Адвокатга кўра, карантин қоидаларини бузгани учун бир неча ўн минглаб фуқаро базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, бир қанча мансабдор шахслар эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жаримага тортилди, аммо бу тоифадаги ишларда адвокатлар қатнашгани ҳақида маълумот йўқ. Бу эса одил судлов тамойилига зиддир.

Адвокатга кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимояси иккинчи даражага тушиб қолмаслиги, жумладан, адвокатларнинг касбий вазифасини бажариш имконияти чекланмаслиги лозим. Адвокатлар палатаси томонидан адвокатларнинг касбий вазифасини бажариш учун шахсий автотранспортида эркин ҳаракат қилишларига рухсат берилишини сўраб Республика махсус комиссиясига йўлланган бир неча мурожаат қаноатлантирилмаган.

“Пандемия бир кун келиб барҳам топади, карантин чоралари бутунлай бекор бўлади, жамият ҳаёти ҳам ўз изига тушади. Аммо шароит баҳонасида инсон ҳуқуқлари бузилишига ўрганган айрим ҳуқуқ-тартибот ходимларини қайта тарбиялаш, ҳуқуқи бир марта бузилган фуқароларни эса одил судловга ишонтириш осон кечмаслиги аниқ”, - деб ёзади адвокат Баҳром Саломов.

XS
SM
MD
LG