Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:49

OzodDayjest: Ўзбекистонда ярим миллион гектар ерда чигиртка тарқалиш хавфи бор


Бугунги кунгача 122,2 минг гектар майдонда зарарли чигиртка тарқалгани аниқланиб, кимёвий усулда йўқ қилинди.
Бугунги кунгача 122,2 минг гектар майдонда зарарли чигиртка тарқалгани аниқланиб, кимёвий усулда йўқ қилинди.

Самарқандда рўзадор ўқитувчилар ҳожатхона тозалашга мажбурланди. Ўзбекистонда ярим миллион гектар ерда чигиртка тарқалиш хавфи бор. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Туман ҳокими рўзадор ўқитувчиларга ҳожатхона тозалаттирди

Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими Ботир Жабборов тумандаги мактаб ўқитувчиларини рўза пайтида мактаб ҳожатхоналарини тозалашга жалб қилди (www.daryo.uz, 27 май).

Ҳожатхоналар таъмири қандай кетаётганини аниқлаш мақсадида ҳоким ўринбосари Асқар Рустамов, ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев ва туман касаба уюшмаси раҳбари Муҳаммад Жумаевлардан иборат гуруҳ ҳар куни мактабларга бориб текшириб турган.

Daryo.uz нашрида эълон қилинган видеолавҳада 32-мактабдаги таъмирдан кўнгли тўлмаган ХТБ мудири М.Йўлдошевнинг мазкур мактаб директорини туртиб ташлаганини кўриш мумкин.

Ўқитувчиларга кўра, ушбу мактаб жойлашган Умид қишлоғи давлат дастурига кирган бўлса ҳам барча таъмир ишлари шу йўсинда амалга оширилади. Қолаверса, ҳудуддаги уйлар таъмири ва аҳоли ҳолидан хабар олиш ҳам мактаб директорларига юкланган. Мурожаатчилар бу ҳолатни “ўзининг ёғига ўзини қовуриш” деб атаган.

Ҳудуд карантин ҳолатида экани инобатга олинса, бу ўринда ҳокимият томонидан ҳам меҳнат қонунчилиги, ҳам карантин талаблари бузилгани англашилади.

Блогер: Давлат хизмати ҳақидаги қонун лойиҳаси Конституцияга ҳам, мантиққа ҳам зид!

Ўзбекистон қонун ҳужжатлари порталида муҳокама қўйилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчиликда эътироз уйғотди. Ушбу қонун орқали давлат хизматчилари ва оила аъзоларининг даромади ҳақида декларация тўлдиришига эришиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиши кутилаётган эди.

Аммо қонуннинг 3-моддасига кўра, декларация тўлдириш тартиби президент, қонун чиқарувчи палата депутатлари, сенаторлар ва судьяларга татбиқ этилмайди. Бош вазир, вазирлар маҳкамаси, ҳокимлар, хавфсизлик хизмати, солиқ, божхона ва бошқа идоралар вакилларининг ҳуқуқий мақоми эса алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

“Унда бу қонунни нима кераги бор? Қонун олдида ҳамма тенг эмасми? Бутун куч шу шахслар қўлида бўлади-ю, қонунга бўйсунмайдими? 3-модда маънавиятимизга тўғри келиши мумкин, лекин мантиққа тўғри келмаяпти! Ҳаттоки Конституциянинг 18-моддасига ҳам!” - деб ёзди блогер, Troll.uz саҳифаси асосчиси Умид Ғофуров.

“Ваҳоланки, энг катта ва энг зараркунанда коррупция айнан шу қатлам вакиллари томонидан қўлланади. Бу қонун лойиҳаси навбатдаги “пардоз” қонуни бўлиб қоладиганга ўхшайди”,- дея мулоҳазалари билан бўлишди блогер Н.Сафари.

“Тенглик принципидан келиб чиқиб декларация масаласидаги қоида ким қаерда ишлашидан қатъи назар давлат бюджетидан ойлик олиб меҳнат қилаётган барчага тенг татбиқ этилиши керак, деб ҳисоблайман. Шу жумладан, депутат, сенатор, судья ва бошқа юқори идораларда меҳнат қилаётганлар ҳам”, - деб ёзди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Мутахассис: Ўзбекистонда ярим миллион гектар ерда чигиртка тарқалиш хавфи бор

Жорий йилда Ўзбекистон бўйича 597,9 минг гектар майдонда зарарли чигирткаларнинг тарқалиш хавфи мавжуд (“Маҳалла” газетаси, 28 май).

“Ўзагрокимёҳимоя” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Ражаббой Очиловга кўра, ҳозирда кураш тадбирлари бўйича дастур ишлаб чиқилган, кимёвий воситалар захираси яратилган. Бугунги кунгача 122,2 минг гектар майдонда зарарли чигиртка тарқалгани аниқланиб, кимёвий усулда йўқ қилинди.

“Мамлакатимизнинг чўл ҳудудларида 1 млн гектардан ортиқ чигиртка урчийдиган ҳудуд мавжуд. Шу боис ҳар йили май ойи охири ва июнь ойи бошида, яъни чигиртка қанот чиқаргандан сўнг “ҳужум”га тайёр туришимиз лозим. Ай­ниқса, Қашқадарёнинг Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод туманлари асосий хавф зонаси ҳисобланади. Давлатларимиз қишлоқ хўжалиги вазирликлари, чегара қўшинлари ўртасида битим тузилган. Унга кўра, қўшнилар вазият юзаси­дан бир-бирини зарур маълумот билан таъминлаб туради. Керак бўлганида ҳамкорликда бало ўчоқларини йўқ қилиш чоралари ҳам амалга оширилади”, -дейди “Ўзагрокимёҳимоя” вакили.

XS
SM
MD
LG