Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:40

OzodDayjest: Депутат: ЕОИИга аъзо бўлиш тарафдорлари тақдим этаётган рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасулов.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасулов.

Хонандалар Шаҳзода ва Райҳон 15 йилдан бери аразлашиб юргани маълум бўлди. Депутат: ЕОИИга аъзо бўлиш тарафдорлари томонидан тақдим этилаётган рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Андижонда ағдарилган Damas: ЙПХ ходими уни бошқариш ваколатига эга бўлмаган

Ижтимоий тармоқда Андижон вилояти ҳудудида ЙПХ ходими томонидан жарима майдонига олиб кетилаётган Damas русумли автомашина ағдарилиб кетгани тасвирланган видео тарқалди (www.kun.uz, 2 апрель).

Аниқланишича, ҳодиса Андижон туманида 21 март куни содир бўлган. ЙПХ инспектори Р.Мўминов томонидан тўхтатилган Damas автомашинасини бошқариб келаётган фуқаро С.А.да ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома тузилган.

ЙПХ ходими автомашинани жарима майдони томон миниб кетаётганида машина олд ўриндиғида ўтирган қоидабузар ҳайдовчи унга қаршилик кўрсатиб рулга осилган ва автомашина ағдарилиб кетган.

Kun.uz таҳририятига кўра, ушбу ҳолатда ЙПХ ходими ҳам қонун талабини бузган. Ҳукуматнинг 2011 йил 25 майдаги 149-сонли қарорига мувофиқ, қоидабузарлик учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойига олиб бориш ЙПХ инспектори томонидан эмас, ваколатли юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Таҳририят ушбу ҳодиса юзасидан текширув олиб бораётган Андижон тумани прокуратурасини ЙПХ ходими Р. Мўминовнинг ваколати доирасидан четга чиққани ҳолатига ҳам эътибор қаратишга ундаган.

Депутат: ЕОИИга аъзо бўлиш тарафдорлари томонидан тақдим этилаётган рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлиши тарафдорлари томонидан тақдим этилаётган рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасулов (www.parliament.gov.uz, 31 март). Чунки сиртдан ишончли кўринган рақамлар чалғитиши мумкин.

Депутатга кўра, ЕОИИ бозорида Россия ўз глобал кун тартибини мутаносиб равишда амалга оширишга интилаётган йирик геосиёсий империя тизими бўлиб қолмоқда. Аввало, ЕОИИ молиявий бозори етарлича ривожланмаган. Қолаверса, 2017 йилда мазкур бозорда 661 та банк фаолият юритган бўлса, уларнинг 90 фоизи Россияга тегишли эди. Бошқа таҳлиллар ҳам иттифоқ молия бозорида ўйин қоидаларини Россия белгилашини тасдиқлайди.

Депутат Ж.Абдурасулов шу ва бошқа омилларга сабабли Ўзбекистон ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлмай, икки томонлама келишув ёки кузатувчи сифатида қўшилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлайди.

Аввалроқ “Адолат” социал-демократик партиясининг парламентдаги фракцияси ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида Ўзбекистон саноати 2 миллиард доллар атрофида йўқотишга учрашини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳафта бошида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши қарори билан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Таниқли блогер Темурмалик Тожиддинзода Ўзбекистонда кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар кун тартибида турган бир пайтда парламент уларни ҳал этиш бўйича ташаббусларни олға суриш ўрнига иқтисоди беқарор давлат билан стратегик ҳамкорлик масаласини кўриб чиқаётганини танқид остига олди.

Хонанда Райҳон ҳамкасби Шаҳзода билан 15 йилдан бери гаплашмаслигини маълум қилди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева ҳамкасби Шаҳзода дуэт айтишни таклиф қилса, бажонидил рози бўлишини билдирди (www.daryo.uz, 2 апрель).

“Миллий ТВ” телеканали бир лойиҳа доирасида Шаҳзода иккаламизга дуэт ижро этишни таклиф қилганди. Мен рози бўлдим, Шаҳзода эса бу таклифни рад этди. У билан уришиб қолганимиздан кейин ўртамизда кўп гаплар ўтди. Ҳозирги кунга келиб мен буларнинг барчасини эсдан чиқардим, кечирдим”, - деган хонанда.

Маълум бўлишича, собиқ дугоналар 15 йилдан бери ўзаро аразлашиб гаплашмайди.

“Шаҳзода билан кўпи билан уч йил дўст бўлганмиз. У билан тахминан 15 йилдан бери умуман гаплашмаймиз. Лекин одамлар ҳалигача бизни солиштиради. Менда эски Шаҳзода ҳақида жуда яхши хотиралар қолган, у ҳозир қанақа инсон эканини билмайман”, - деган Р. Ғаниева.

Райҳон Ғаниева ҳамда Шаҳзода ўзбек шоу бизнесининг бир авлодга мансуб таниқли вакиллари саналади.

XS
SM
MD
LG