Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:25

OzodDayjest: Ўзбекистон ҳукуматидан фавқулодда ҳолат эълон қилиш сўралди


Депутат А. Бурҳонов коронавирус тарқалиши олдини олиш учун чора-тадбирларни янада кучайтириш лозим, деган фикрда. Президент Мирзиёев Нобель мукофотига лойиқ экани айтилди. Наманганда балиқларнинг ёппасига қирилиши кузатилди.

______________________________________________________________

Ўзбек депутати коронавирус тарқалиши олдини олиш учун назоратни янада кучайтиришни таклиф қилди


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурҳонов Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун кўрилаётган чора-тадбирларни янада кучайтириш лозимлигини айтди (www.qalampir.uz, 23 март). Хусусан, у мамлакатда, аввало эксперимент тариқасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этиш, назоратни кучайтириш учун армияни қисман сафарбар қилишни таклиф этган. А.Бурҳонов, шунингдек, вилоятларда, айниқса, мамлакатнинг чекка ҳудудларида кўчма (мобиль) пунктлар ва лабораторияларни ташкил этиш, уларда коронавирусни аниқлаш учун портатив экспресс-тестлар ўтказиш лозимлигини уқтирган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда коронавирус қоғозда 4-5 кун яшаши, шу боис мамлакатда нақд пулда олди-сотди қилишни чеклаш лозимлиги айтилганди.

Сенатор Рафиқов: Президент Мирзиёев Нобель мукофотига лойиқ


Ўзбекистон президенти Шавкат ­Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётини тиклаш, қўшни давлатларнинг интеграциялашувини таъминлаш борасида ташаббуслари Нобель мукофотига лойиқ, деб ёзади Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқов “Ишонч” газетасида эълон қилган мақоласида.

Сенаторга кўра, жорий йил февраль ойида Доҳада АҚШ ва Афғонис­тондаги сиёсий кучлар ўртасида тинчлик сулҳи имзоланиши Ўзбекистоннинг тарихий миссияси – минтақадаги етакчиликни яна қўлга олганини англатади.

“Аслини олганда, матбуотимиз деярли эътибор бермаган, ёритганда ҳам шунчаки, юзаки шарҳлар билан чекланган бу ҳодиса, контекстига кўра “аср ҳодисаси” деб айтишга арзирли воқеа эди”, деб ёзади Қ. Рафиқов.

Таъкидланишича, Афғонистонда ўрнатилаётган тинчликда президент Мирзиёевнинг муносиб улуши бор.

Сенатор, шунингдек, Ўзбекистон раҳбари томонидан жамиятда камбағал қатлам мавжудлиги тан олиниши ва бу борада стратегия белгиланишини ҳам олқишлаган.

Сирдарё ҳавзасида балиқларнинг ёппасига қирилиши кузатилди

Наманган вилояти ҳудудида – Сирдарё ҳавзасида балиқларнинг ўлати кузатилди (www.xabar.uz, 23 март). Сув юзасига чиққан касал балиқлар эса маҳаллий аҳоли томонидан тутилмоқда. Қайд этилишича, балиқлар нимадан касаллангани ва ўлганини аниқламай туриб, уларни тутиб ейиш ва сотиш инсон соғлиғи учун хавфлидир. Шу боис Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Экопартия, санитария-эпидемиология ходимлари мазкур ҳолатга зудлик билан аниқлик киритиши лозимлиги уқтирилган.

Ушбу экологик фожиа Қозоғистоннинг Чордара сув омборида 20 март куни балиқларнинг номаълум касалликдан оммавий равишда ўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG