Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:41

Коронавирусга қарамай Ўзбекистонда тўйлар ўтказилмоқда, тўйхоналар апрелга ҳам буюртма оляпти


Ҳукумат тўйларни тўхтатмади, лекин тақиқ қўйилишидан қўрқиб, айримлар апрелга мўлжаллаган тўйларини мартга кўчиряпти.

Айни пайтда тўйхоналар апрель учун тўйга буюртма олишни давом эттиряпти.

Озодлик мухбири мамлакатнинг бир нечта ҳудуди билан боғланиб, тўйлар билан боғлиқ вазиятни ўрганди.

Тошкент

Тошкентдаги тўйхоналардан бирида 1 апрель кунига режаланган никоҳ тўйи 31 мартга кўчирилди.

Исмини очлиқламаётганимиз тошкентликка кўра, ўғлининг тўйини тўйхона эгасининг тавсияси билан бир кун олдинга сурган:

“Тўйхона эгаси коронавирус сабаб 1 апрелдан бошлаб тўйхоналар ёпилишидан хавотир билдирди. Шунинг учун тўйни 31 мартга кўчирдик”.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган бошқа бир тошкентлик ҳам апрелга мўлжаллаган тўйини мартга кўчириш ҳаракатида эканини айтди:

“Ҳали биз кунини белгилаганимиз йўқ. Ўғлимизни уйлантиряпмиз. Қудалар билан келишиб, рўзадан олдин ўтказиб олармиз дегандик. Лекин коронавирус сабаб ҳар куни бир нарса тақиқланяпти. Шунга қўрққанимиздан, тезроқ ўтказиб олмоқчи эдик. Лекин бўш тўйхона топа олмаяпмиз, ҳаммаси банд. Ҳали умидимизни узганимиз йўқ. Бугун яна битта тўйхона билан гаплашишга борамиз. Балки ўхшаб қолар”.

Айни пайтда Тошкентдаги тўйхоналар апрель учун ҳам тўйга буюртма олишда давом этяпти.

Озодлик мобил мухбири пойтахтдаги “Афрўз”, “Версал”, “Мумтоз”, “Каромат”, “Саёҳат” ва “Тинчлик” тўйхоналари билан боғланди.

“Мен гаплашган ҳамма тўйхона апрель учун тўйларга буюртма оляпти. Ҳеч қандай чеклов ёки тақиқ йўқ. Фақат тўй қатнашчилари сони 200 нафаргача¸ ошга эса¸ 250 нафаргача бўлиши шартлигини айтишди. Бу янги тартиб, бутун мамлакат бўйича тўйхоналар бундан ортиқ одам ололмайди”, деди мобил мухбир.

Бухоро

Бухоролик қизнинг айтишича, қариндошлари 25 мартга тўй белгилаган:

“Ўзбекистонда коронавирус тарқала бошлагач, қариндошларим орасида ўзини эҳтиёт қилиш учун самоизоляция қилиб, уйидан чиқмай ўтирганлар ҳам бор. Менам шулар қаторида. Тўй қилаётган қариндошимиз эса Россияда ишлаб, тўйига пул йиққан. Ҳаражатларини олиб қўйгани учун тўйни тўхтатишга кўзи қиймаяпти. Лекин самоизоляцияда ўтирган қариндошларим тўйга ҳам келишмайди. Ўзим ҳам бормоқчи эмасман, чунки тўйда ҳамма бир-бирини қучоқлайди, ўпиб кўришади, битта столда ўтириб, овқатланади. Ўртада ўйнаганда ҳам ҳамма бир-бирига жуда яқин бўлади. Шунинг учун мен бормайман”.

Хоразм

Урганчда яшовчи ота-бола тўйларда тасвирчилик қилиб, тирикчилик қилади.

Аноним қолишни истаган урганчлик отага кўра, ўғли иккаласининг ҳар куни тўйга буюртмаси бор.

“Кеча ўзим битта тўйга, ўғлим бошқа тўйга бордик. Кеча мен борган тўйда 200га яқин одам бор эди. Бу коронавирус Хоразм тўйларига умуман таъсир қилмади. Тўйларимиз олдингидай ўтяпти. Бозорларда бир-икки одам маскада юрибди, лекин тўйларга ҳамма ясаниб, келган, ҳеч кимда маска ҳам йўқ. Бугун яна 2 та тўйимиз бор”, деди урганчлик тасвирчи.

Фарғона

Мустақил журналист ва блогер Баҳодирхон Элибоевнинг Озодликка айтишича, Риштонда ҳам тўйлар авжида:

“Бизда ҳеч қанақа ваҳима йўқ. Тўйларимиз олдингидай ўтяпти. Ўтган куни битта тўйга бордим. Тўйхонада хизмат қилиб юрганларнинг ҳаммаси маскада. Лекин тўйга келганларнинг бирортасида ҳам маска йўқ эди”.

Самарқанд

Телефон орқали боғланганимиз самарқандлик йигит вилоятдаги тўйлар билан боғлиқ вазиятни шундай тасвирлади:

“Тўйлар кам, лекин тўхтамади. Бизда ўзи тўй сезон майдан бошланади. Ўзим яқин орада тўйга бормадим. Лекин дўстларим орасида тўйда бошловчилик қиладиганлари кўп. Улар ҳар куни тўйлардаги суратларини Инстаграмга қўйишяпти. Шундан биламанки, тўйларимиз олдингидай ўтяпти”.

****

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши сабаб:

Жумладан,

  • 16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари - мактаблар, олий ўқув юртлари ва боғчалар ёпилди.
  • Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз тадбирлари бекор қилинди.
  • Массаж салонлари; дискотекалар, дискобарлар; болалар ўйин заллари ёпилди.

Лекин ҳукумат тўйларни бирор кўринишда чекламади.

Президент 17 март куни имзолаган тўйлар билан боғлиқ қонун эса 3 ойдан кейин кучга киради.

Янги қонунга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказиш¸ уларга кўпи билан 200 нафаргача¸ ошга эса¸ 250 нафаргача меҳмон чақириш¸ тўй тадбирларида 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан фойдаланмаслик каби чекловлар ўрнатилди.

Эндиликда тўйга 200 дан ошиқ меҳмон чақирган мезбон $200, тўйхона эса $600 дан кўпроқ жарима тўлайди.​

XS
SM
MD
LG