Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Тўй ўтказиш тартибини бузганлар ​​​​​2 млн. 230 минг сўмдан 11 млн.150 минг сўмгача жаримага тортилиши мумкин


Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун қанча миқдорда жарима белгиланиши маълум бўлди.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига риоя этмаганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (2 230 000 - таҳ.) жаримага тортилади.

Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга қўйиладиган талабларни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида (6 690 000 - таҳ.) жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида (11 150 000 - таҳ.) жарима белгиланади.

Бундан олдин, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом эълон қилинганди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади.

Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.

Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

XS
SM
MD
LG