Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:48

Андижоннинг бир туманида камида 30 фермер хўжалиги кластердан пахта пулини ола олмаяпти


Андижон вилояти Балиқчи туманидаги 30 нафар фермер Digitil Prom TekistelI кластеридан 2019 йил учун топширилган пахта ҳосили пулини ололмаяпти. “Илғор Заминобод” фермер хўжалиги раҳбари Абдулатиф Ҳамдамов ва унинг қизи Муножот Ҳамдамовадан олинган бу маълумотни Digitil Prom TekistelI кластери расмийси тасдиқлади.

Муножот Ҳамдамованинг айтишича, январь ойида бир гуруҳ фермерлар Тошкентга бориб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига шикоят қилган. Вазирлик бу масалани бир ҳафта ичида ҳал қилишга ваъда берган¸ бироқ шу кунгача бу муаммо ҳал этилмаган.

Ўзига Озодлик саволларига жавоб бериш ваколати берилганини билдирган Digitil Prom TekistelI расмийси фермерлар билан ҳисоб-китоб қачон амалга оширилишининг аниқ муддатини билмаслигини эътироф этди.

Озодлик билан 25 февраль кунги суҳбатда “Илғор Заминобод” фермер хўжалиги раҳбари Абдулатиф Ҳамдамов ва унинг қизи Муножот Ҳамдамова Digitil Prom TekistelI кластери 2019 йил ҳосили учун пахта пулини тўламай келаётганини билдирди:

-12 гектар ерим бор. Бу ерни 2018 йилнинг ёзида аввалги фермердан мен олганман. Ўша фермернинг кластердан 30 миллион сўм қарзи бор экан. Мана шу қарзни рўкач қилиб, менга 2019 йил пахтаси учун пул беришмаяпти. “Қарздор бошқа одам бўлса, бунинг учун нега мен жавоб беришим керак” десам, бирор бир мантиқли жавоб ололмайман. Ахир бу ҳеч қандай қонучиликка тўғри келмайди-ку!

Суҳбатдошлар иддаосича¸ Digitil Prom TekistelI кластери​ нафақат ўзлари¸ балки тумандаги камида 30 фермер хўжалиги топширган пахта пулини ҳозиргача тўламай келаëтир.

Муножот Ҳамдамова бошқа фермерларнинг матбуот орқали чиқиш қилиб, ўз ҳақини талаб қилишдан қўрқаётганини айтади:

-Туманимизда ўттиз фермерга пулини беришмаяпти экан. Масалан, бизга 19 миллион, қўшни фермер хўжалигига 60 миллион қарздор бўлган кластер.


-Туманимизда 30 фермерга пулини беришмаяпти. Масалан, бизга 19 миллион, қўшни фермер хўжалигига 60 миллион қарздор бўлган кластер. Январь ойининг 15-кунида фермерлар бирлашиб Тошкентга Қишлоқ хўжалик вазирлигига бориб, арз қилиб келишди. Вазирлик бу масалани бир ҳафта ичида ҳал қилиб беришга ваъда берган. Лекин шу кунгача муаммо ҳал бўлгани йўқ. Бошқа фермерлар матбуотга чиқишдан қўрқишаяпти. "Журналистларга арз қилсак, еримизни тортиб олишмасин, муаммолар кўпайиб кетмасин", деб жим ўтиришибди.

Digitil Prom TekistelI кластерининг ўзини Жаҳонгир деб таништирган расмийси (фамилиясини айтишни истамади) 25 февраль куни фермерлар берган бу маълумотни тасдиқлади:

Бу масалани ҳал қиламиз, лекин қачон ҳал бўлиши аниқ эмас.

- Ҳа, фермерлар юқори ташкилотларга ҳам арз қилишганини тасдиқлайман. Бошлиғимиз бу масала тез кунларда ҳал этилишини айтди. Бу масалани ҳал қиламиз, лекин қачон ҳал бўлиши аниқ эмас. Бундан бошқа бирон нарса айта олмайман, бошлиқнинг телефон рақамларини ҳам бера олмайман. Пул нимага кечиктирилаётганини айтишга менга раҳбаримиз ваколат бермади.

Кластер раҳбари номидан гапирган бу суҳбатдош "Белгиланган тартибга асосан фермерларга кластерга топширилган ҳосил пули 31 декабргача тўланиши шарт эди. Нега бу муддатга амал қилинмади?", деган саволга жавоб беришни истамади.

Сўнгги бир неча ой ичида Ўзбекистонда кластер корхоналар билан фермерлар ўртасида давомли зиддият сақланиб қолаëтгани ҳақида Озодлик мунтазам ëзиб келмоқда.

Озодликка мурожаат қилган фермерлар кластер корхоналарини контракт шартларини бузганлик, бўнак пули ва ёнилғи-минерал ўғит билан ўз вақтида таъминлаганлик ва ҳосил пулини тўлашни кечиктираётганликда айблаб келади.

Кластер корхоналарининг аксарияти ўз камчилигини тан олган бўлса, баъзилари фермерлар иддаоларини рад этиб келади.

24 февраль куни Озодлик Фарғона вилоятининг Фурқат туманидаги 80 фермер Bulut textile пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини тўхтатиш талаби билан президент администрацияси раҳбари Зайнобиддин Низомиддинов ва Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Аброр Ваҳобов номига ариза ёзгани ҳақида хабар берган эди.

Фермерларнинг ёзишича, Bulut textile фермерлардан 2019 йил ҳосили учун тўланадиган ҳақдан ноқонуний миқдорда юзлаб миллион сўм ушлаб қолган, фермерларни минерал ўғитларни асоссиз равишда икки баробар қимматга сотиб олишга мажбур қилган.

22 январь куни Фарғона вилоят, Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтгани ҳақида шикоят қилган эди.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG