Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:24

Собиқ Бош прокурор Отабек Муродов ва ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев устидан ҳукм ўқилди


Иккала собиқ Бош прокурор - Ихтиëр Абдуллаев ва Отабек Муродов
Иккала собиқ Бош прокурор - Ихтиëр Абдуллаев ва Отабек Муродов

25 февраль куни Ўзбекистон Ҳарбий судида Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Отабек Муродов ва ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев ва унинг ўринбосари Жаҳонгир Игамов устидан ҳукм ўқилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган учала собиқ амалдор устидан ëпиқ ўтказилган суд ҳукмига кўра¸ Отабек Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

(Ўзбекистон қонунларига кўра, озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат.)

Судланувчи О. Муродовга нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди.

Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олинди”¸ дейилади Олий суд хабарида.

25 февраль кунги суд ҳукми билан Ўзбекистон собиқ Бош прокурори¸ ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаевга 19 йил, унинг ўринбосари бўлиб ишлаган Жаҳонгир Игамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, уларнинг ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

25 февраль кунги маҳкама ҳукми Ихтиëр Абдуллаев ва Жаҳонгир Игамов устидан чиқарилган биринчи ҳукм эмас.

2019 йилнинг 27 сентябрда Ўзбекистон Ҳарбий суди Ихтиёр Абдуллаев ва “у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари”га нисбатан айблов ҳукми эълон қилган ва жиноий уюшма тузганликда айбдор топилган Ихтиёр Абдуллаев 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Айни маҳкамада ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Игамов 16 йиллик қамоққа ҳукм қилинган эди.

45 яшар Отабек Муродов Ўзбекистон тарихидаги энг ëш Бош прокурор саналади. 2018 йил 31 январь куни Бош прокурор Ихтиëр Абдуллаев ДХХ раиси этиб тайинланиши ортидан Муродов Бош прокурор этиб тайинланган эди. Икки йилдан камроқ муддат ичида Отабек Муродов Ўзбекистон прокуратура тизимини жамоатчилик ва матбуот учун очган либерал раҳбар сифатида эътибор қозонди.

2019 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлисида чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Айни шу чиқишида президент¸ айбсизлик презумпцияси ва судлар мустақиллиги принципига зид равишда¸ бу амалдорларнинг узоқ муддатга қамалишини ваъда қилган эди.

Муродов устидан борган тергов жараëнига яқин Тошкент мулозимининг Озодликка айтишича¸ тергов ва маҳкама давомида Муродовга қўйилган айбларнинг аксарияти ўз тасдиғини топмаган.

Муродовга қарши кўрсатма олиш учун ўнлаб одам¸ хусусан¸ тадбиркорлар сўроқ қилинди. Аммо унинг Бош прокурор сифатида пора олганига оид айбловларнинг деярли бирортаси тасдиғини топмади”¸ деди Озодликка шахси очиқланмаслигини сўраб гапирган Тошкент мулозими.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери Ўзбекистон собиқ Бош прокурорларидан учтаси жиноий жавобгарликка тортилди.

Ислом Каримов даврида Бош прокуратурани 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров 2019 йилнинг 26 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 10 йилга озодлик маҳрум этилди.

XS
SM
MD
LG