Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Қўшни давлатлардаги ўзбекистонлик 1-курс талабаларининг ўқишини кўчириш муаммоси ечимсиз қолмоқда (ВИДЕО)


Тожикистон. Садриддин Айний номидаги педагогика университетининг ўзбекистонлик талабалари ҳужжатларини талаб қилмоқда. 2020, 11 февраль.
Тожикистон. Садриддин Айний номидаги педагогика университетининг ўзбекистонлик талабалари ҳужжатларини талаб қилмоқда. 2020, 11 февраль.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш муддатини 15 мартга қадар узайтиргани 11 февраль, куннинг иккинчи ярмида маълум бўлди.

Бу хабар пайдо бўлиши арафасида уч қўшни давлатда ўқиётган талабалардан Озодликка “ўқув юрти ҳужжатларни бермаяпти” деган бир хил мазмундаги ўнлаб хабар келди.

Шу кунда ўзбекистонлик талабалар вақтини ўқув юртлар ректорат ва деканатлари эшиги олдида ўтказмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 6 февралдаги буйруғига биноан ариза қабул қилиш муддати 7 февралдан 15 февралгача қилиб белгиланган эди.

Буйруқнинг сиёҳи қуримай қирғиз ОТМда чиққан можаро

Олий таълим вазирининг буйруғи у имзоланган куннинг эртасигаёқ Ўш давлат университети ва Ўшдаги Қирғиз-ўзбек университетининг ўзбекистонлик талабалари ўқув юрти раҳбариятидан ҳужжатларини талаб қила бошлади ва юзага келган вазият тўғрисида ўша куни Озодлик хабар берди.

Вазир буйруғига кўра, ўқишини Ўзбекистонга кўчиришни истаган талабалардан икки ҳужжат - паспорт нусхаси ва рейтинг дафтарчаси ёки тасдиқланган академик маълумотнома нусхаси сўралади, холос.

Қирғиз университетлари маъмурияти академик маълумотнома фақат бир йиллик ўқиш дастури тугаганидан сўнг – май ойида берилишини билдириши ортидан¸ хусусан¸ Ўш давлат университетининг медицина факультети ҳовлисида катта тўполон юзага чиқди.

Худди шундай вазият Қозоғистон ва Тожикистондаги ўқув юртларида ҳам юзага келгани Озодликка келган хабарлардан маълум бўлди.

Қозоғистон. Чимкентдаги Silkway халқаро университети

Бу ўқув юрти Рус тили ва адабиёти факультетининг 1-курси талабаси сирдарёлик Шаҳриёр (исм ўзгартирилди) ўқишини Ўзбекистонга кўчириш учун ҳужжатларини ололмаётган бир неча юз талабадан бири.

Шаҳриёр 11 февраль куни Озодликка университетда юзага келган вазият тўғрисида айтиб берди. Талаба жўнатган видеода университет биноси киравериши ҳамда ўқув юрти ҳовлиси ёш йигит-қизлар билан тўла эканлигини кўриш мумкин. Кадр ортидаги овоз “ҳеч ким киргизилмаётгани’ни, “университетни мелиса босгани”ни айтади.

Чимкентдаги Silk way халқаро университетидаги вазият
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:30 0:00

Чимкентдаги Silkway халқаро университети талабаларидан яна бирининг иддао қилишича, ўқув юрти ходимлари “ҳужжатларни 100 доллар эвазига бермоқда”. Бу иддао яна бир видео билан “ҳужжатлаштирилган”. Унда стол ортида қандайдир ҳужжатларни расмийлаштираётган ходима пул санаётганини кўриш мумкин. Бу видеода акс этган воқеа чиндан ҳам талабалар қилаётган иддао тасдиғи эканлигига Озодликда исбот йўқ.

Чимкентдаги Silkway халқаро университети ректори Ирина Ефимова 11 февраль куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, талабаларнинг иддаоларини, айниқса ҳужжат учун пул олинаётганини кескин рад этди:

Сизни ишотириб айтаманки, ҳар бир талабанинг талаби қондирилади, ҳужжатлари берилади.

“Ҳужжатлар қаерда, қандай қилиб қайтарилаётганини бирма-бир кўрсатишим мумкин. Лекин ҳар бир талабага қоғозларини тайёрлаб бериш учун вақт керак бўлишини тушунсангиз керак. Сизни ишотириб айтаманки, ҳар бир талабанинг талаби қондирилади, ҳужжатлари берилади”.

“100 доллар” масаласида Ирина Ефимова бундай деди:

“Агар шундай факт бўлса, талабалар тегишли органларга арз қилсин. Мен ректор сифатида бундай эмаслигига кафолат бераман”.

Ректорнинг айтишича, Silkway халқаро университетида ҳаммаси бўлиб 7200 талаба, шу жумладан 1141 ўзбекистонлик ўқийди.

Тожикистон. Абу Али ибн Сино номидаги давлат тиббиёт университети (Душанбе)

Бу ўқув юрти талабаларидан 11 февраль куни Озодликка келган видеода ўзбекистонлик талабалар “бир неча кундан бери совуқда туриб, ҳужжатларини ололмаётгани”дан арз қилади, президент Мирзиёевдан ёрдам сўрайди.

Ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиëт университетидаги вазият
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:52 0:00

Тожикистон. Садриддин Айний номидаги педагогика университети (Душанбе)

Бу ўқув юртининг Педагогика факультети 1- курс талабаси, сурхондарёлик Наврўз (исм ўзгартирилган) ҳам 11 февралда Озодликка гапирар экан, бошқа ўқув юртлар талабалари айтган гапларни такрорлади: “Ҳужжатларимизни бир неча кундан бери ололмаяпмиз”.

Афтидан, университет раҳбарияти 1- курс талабаларига ҳужжатларини қайтармоқчи эмас. Ҳар ҳолда ўқув юрти проректори Саъдий Қосимов Озодлик саволларига жавоб бераётиб, “ўзбекистонлик талабаларнинг оммавий қайтарилиши таълим қоидаларига зид” эканлигини таъкидлаб айтар экан, деди:

Талабанинг бир ўқув юртидан иккинчи ўқув юртига ўтишига фақат биринчи курсни тугатгандан кейин рухсат берилади.

“Талабанинг бир ўқув юртидан иккинчи ўқув юртига ўтишига фақат биринчи курсни тугатгандан кейин рухсат берилади. Худди шундай талаб бошқа давлатларда ҳам бор”.

Бас, шундай экан, талабалар (айниқса, 1- курсда ўқиётганлар) нима қилиши керак?

Озодликнинг 11 февралдаги бу саволига Олий таълим вазирлиги мулозими “вазиятдан хабардормиз, масала билан Ташқи ишлар вазирлиги шуғулланмоқда”, деб жавоб қилди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистондаги элчихоналари мулозимлари талабалар масаласи билан шуғулланаётанини Озодликка билдирди.

Талабалар Ўзбекистонга нима учун қайтарилмоқда?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 7 февралда Озодлик гаплашган ҳуқуқшуноси¸ қўшни давлатлардаги ўзбекистонлик талабаларга ёппасига ва айнан ўқув йили ўртасида синовларсиз ўқишни кўчиришга нега “рухсат берилгани” сабабини тушунтира олмаган эди.

“Президентимиз болаларимиз қўшни давлатларда қийналмасин¸ ўз ватанида ўқисин¸ деб ғамхўрлик қилаяптилар. Шунга вазир буйруқ чиқарди”¸ деган эди Олий таълим вазирлиги ҳуқуқшуноси.

Вазирликнинг Олий таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси етакчи мутахассиси 11 февралда Озодлик саволига жавобан “бу ҳукумат қарори” дейишдан нарига ўтишни истамади.

Озодликнинг “вазир 6 февралда имзолаган буйруқ Президент ëки Вазирлар Маҳкамасининг у ëки бу қарорига асосланганми?” деган саволига ҳам вазирлик мулозими жавоб бера олмади.

XS
SM
MD
LG