Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

Европа парламенти иқлим бўйича “фавқулодда вазият” эълон қилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

28 ноябрь куни Европа парламенти иқлим бўйича навбатдаги БМТ саммити арафасида иқлим ва атроф-муҳит бўйича “фавқулодда вазият” эълон қилиш таклифини қўллаб овоз берди.

Страсбургда парламентнинг 429 аъзоси таклифни қўллаб, 225 нафар аъзоси эса унга қарши овоз берган. Қабул қилинган қарор Европа давлатлари ҳамда Европа комиссиясини иқлим ўзгаришга қарши курашиш йўлида кескин чораларни кўришга ундайди.

Хусусан, қонун Еврокомиссиядан бундан буён “барча тегишли қонун ва бюджет таклифларини глобал исишни 1,5 ҳароратдан оширмаслик режасига мувофиқлаштириш”ни талаб қилади.

Европа парламентнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Пасcал Канфин:

- Олдимиздаги иқлим ва атроф-муҳит билан боғлиқ фавқулодда вазият туфайли ҳавога чиқарилаётган иссиқлик газлари миқдорини 2030 йилгача 55 фоизга озайтиришимиз жуда муҳим, - деди.

Қонун лойиҳасига қарши овоз берганлар орасида ўнг-қанот “Европа халқ партияси” аъзолари борлиги айтилди.

Европа парламенти депутати Питер Лиесе чора кўришга эҳтиёж борлигини, аммо фавқулодда вазият эълон қилишга ҳожат йўқлигини айтди. Шунингдек, депутат “саросима” муҳитини яратмаслик кераклигини таъкидлади.

27 ноябрь куни Европа парламенти қитъа иқтисодини оз углерод чиқарувчи иқтисодга айлантириш учун масъул янги Европа комиссиясини тузишни қўллаб овоз берган эди.

28 ноябрь куни қабул қилинган қонун Брюсселни муайян чора кўришга чорламайди. Шундай бўлса-да, атроф-муҳитни муҳофаза гуруҳлари қонун қабул қилиниши ортидан Европа давлатларидан иқлим ўзгариши олдини олиш учун кўпроқ чора кўришни талаб қила бошлади.

Кейинги ҳафта Испанияда иқлим бўйича 12 кунлик БМТ саммити бошланди. Саммитнинг мақсади дунё бўйлаб ҳукуматларни атмосферани заҳарловчи газларни озайтириш ҳамда иқлим ўзгариши олдини олиш учун кўпроқ чора кўришга ундашдир.

XS
SM
MD
LG