Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:44

Чет элга ишга кетиш учун “Human”га пул берганлар куйиб қолишдан қўрқмоқда


HUMAN хусусий бандлик агентлигидан пулини ололмаганлар.
HUMAN хусусий бандлик агентлигидан пулини ололмаганлар.

Чет элга ишга юборишни ваъда қилиб, мингдан ошиқ одамнинг ҳар биридан 35 миллион сўмдан пул олиб, уларни ишга юбормагани учун фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган Шоҳнур Файзуллаевнинг мол-мулки ўтган ҳафтада хатланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг ўтган ҳафтада расман билдиришича¸ “Human xususiy bandlik agentligi" раҳбари ​ Файзуллаевга тегишли Тошкент шаҳрида жойлашган 4 та ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 1 та хонадон, бир дона “KIA” русумли юк машинаси, бир дона “LACETTI-GENTRA” русумли ва бир дона “COBALT” русумли автомашиналар ҳамда 6.000 АҚШ доллар миқдоридаги пул хатланган.

Департамент вакилига кўра¸ бу пул ва мулк келгусида жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашга қаратилади.

"Хатланган пул зарарни қоплашга етмайди"

“Human xususiy bandlik agentligi”га 35 миллион сўм тўлаган хоразмлик жабрланувчининг айтишича (исми ошкор этилишини истамади), ”хатланган мол-мулк пул бериб қўйган мингдан зиëд кишининг зарарини қоплаш учун етмайди:

- Шоҳнур Файзуллаев 1000 одамдан пул олдим деб видеода айтган. Мендаги маълумот бўйича 1500 одамдан пул олинган. Майли, Файзуллаев айтган 1000 рақамини рост деб олсак, одамлардан қарийб 4 миллион доллар олинган бўлиб чиқади. Хатланган мол- мулк эса миллион долларга ҳам етмайди. Қолган пул қаерда?

“Human xususiy bandlik agentligi”га 25 миллион сўм пул тўлаган самарқандлик 33 яшар Турдиали Бабатовнинг иддао қилишича¸ қолган пул асосий ҳиссадорда, қамоққа олинган Файзуллаев аслида фирибгарлик пирамидасининг учидаги “қўғирчоқ персонаж” холос:

- У фирибгарликда айбланиб, икки йил срок олиб, кейин амнистияга тушиб қайтиб чиқадиган тип. Асосий корчалонлар тергов ташқарисида қолишди. Улар ширкатнинг икки асосий муассиси. Асосий пул ҳам ўшаларда.

Ҳужжатлар гапиради

Озодлик қўлга киритган солиққа оид ҳужжатларда “Human xususiy bandlik agentligi”нинг учта муассисига оид маълумотлар бор. Бу маълумотларда уларнинг асосий фаолият тури сифатида “ уй-жой қурилиши” кўрсатилган.

Муассислар номи ва реквизитлари акс этган ҳужжатлардан бири
Муассислар номи ва реквизитлари акс этган ҳужжатлардан бири

Ҳужжатларга кўра¸ “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ муассислари бир юридик ва уч жисмоний шахсдир.

- “JOINT-BUSINESS-GROUP A“ “Human xususiy bandlik agentligi”нинг - 43.56 %;фоиз улушига эга. “JOINT-BUSINESS-GROUP A"нинг асосий фаолияти - қурилиш бизнеси. Озодликда мавжуд ҳужжатда бу ширкат Тошкент-Сити қурилишларига алоқадорлиги акс этган. Ҳужжатларга кўра, бу ширкатнинг октябрь ойидаги балансида 240 миллиард сўм бор.

Ҳужжатларга қараганда, “Human xususiy bandlik agentligi” улушларининг 55.45 фоизи​ К.У.М. га тегишли.

Шохнур Файзуллаев Зайниддин ўғли “Human xususiy bandlik agentligi”нинг раҳбари шу ширкатнинг атиги 0.69 фоиз улушига эга.

Х .А. З. “Human xususiy bandlik agentligi”нинг 0.30 фоиз улушига эга.

“Human xususiy bandlik agentligi”га тўлаган пулини қайтариб ололмаётган Турдиали Бабатов “Нега хисоб рақамида 240 миллиард сўм бўлган ва агентлик назорат пакетига эга “JOINT-BUSINESS-GROUP A “ ширкати ва асосий эга Қ. У. жиноий жавобгарликка тортилмасдан¸ ширкатнинг оз улушига эга Файзуллаев жавобгарликка тортилмоқда?" дея савол қўймоқда.

Жабрланувчи иддаосига кўра¸ “пул қурилишга сарфланган”:

Озодлик бу иддаони ўрганиш учун -“JOINT-BUSINESS-GROUP A “ рахбари Абдираҳмонов Воҳид ва ширкат таьсисчиси Ғиесов Алишернинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Саволларни эшитган заҳоти бу икки тадбиркор телефонини ўчириб қўйди. “Human xususiy bandlik agentligi”нинг асосий эгаси У. Қ. ҳам Озодликка изоҳ бермади.

Адолат қарор топади (ми?)

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг исми айтилишини истамаган вакилига кўра¸ “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг барча муассислари жиноят иши фигуранти ўлароқ гувоҳ сифатида ишга жалб қилинган.

Мазкур жиноят ишида “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ раҳбари Шоҳнур Файзуллаев ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

13 сентябрь куни Озодлик таҳририятига мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбекистонликлар “Human xususiy bandlik agentligi” ўтган 8 ой давомида Германия ва Чехияга ишга жўнатиш ваъдасидан чиқмагани ва ўзларидан олинган пулларни қайтариб бермаётганидан шикоят қилган эди.

Озодлик мақоласи ортидан агентлик лицензияси бекор қилинган ва бу агентлик мансабдор шахслари устидан жиноят иши очилган эди.

XS
SM
MD
LG