Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Тошкентда Мирзиëев ташаббуси билан олинган илк тарихий фильмнинг ëпиқ намойиши бўлди


"Исломхўжа" фильмидан кадр
"Исломхўжа" фильмидан кадр

Хиванинг 1910-1918 йиллардаги хони Исфандиëр даврида либерал ислоҳотлар ўтказгани ортидан қатл қилинган Бош вазир Исломхўжа ҳақида тарихий фильм Тошкентда оммавий ахборот воситаси ходимларига махсус намойиш қилинди.

Фильм Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев тарафидан 2017 йил имзоланган "Миллий кинематографияни ривожлантириш" қарори ва тарихий сиймолар образини яратиш ҳақидаги ўтган йилги видеоселекторда берилган таклифнинг илк ижобати сифатида кўрилмоқда.

Давлат гранти асосида “Эзгуфильм” студияси томонидан суратга олинган “Бош вазир Исломхўжа” фильми режиссëри 35 яшар Жаҳонгир Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда тақдимотнинг илк кунида бирорта томошабин залдан чиқиб кетмаганини муваффақият нишонаси сифатида талқин этди:

Жаҳонгир Аҳмедов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:29 0:00

- Залдаги томошабинлар билан экрандаги тасвир орасида мулоқот кўприги юзага келганидан мамнунман. Фильм сўнгида бизга савол берганларга¸ ҳар бир кадр архивдаги ҳужжатларга асосланганини айтиб¸ гапимизни исботладик. Фильм Хива¸ Тошкент¸ Москва ва Санкт-Петрбургда суратга олинди. Хива хони тахтини¸ Москвадаги музейга бориб¸ аниқ нусхасини кўчириб келдик. Мен фильмда Россия подшоси Николай II образини гавдалантирган илк ўзбек киночиси бўлганимни залдаги киномунаққидлар айтишди¸ дейди суҳбатдош.

Матëқуб Матчонов филмда антиреформаторни гавдалантирган
Матëқуб Матчонов филмда антиреформаторни гавдалантирган

Фильмда Улуғбек Қодиров (Исломхўжа)¸ Алишер Узоқов (Исфандиëрхон)¸ Матëқуб Матчонов (Матвафо Баққолов)¸ Оскар Жалилов (Подшо Николай II) каби таниқли актерлар роль ўйнаган.

Блогерлар кинони "савалашди"

Тақдимотда қатнашган журналист ва блогерлар фильмга танқидий ëндашишди.

Фильм тақдимотида қатнашган таниқли блогер Шаҳноза Тўрахўжаева Озодлик билан суҳбатда фильмга тўрт баҳо қўйишини айтди:

Шаҳноза Тўрахўжаева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:51 0:00

- Аввало, диалоглар яхши ишланмаган, қаҳрамонлар узун, жонсиз, китобий жумлалар билан гапиришаяпти. Ярқ этган реплика ёки лўнда ифода учрамади. Бош қаҳрамон Исломхўжа нега била туриб ўлимга тик борди, ахир, унинг ўлимидан ¸фидойилигидан¸ бирон эзгулик, фойда йўқ эди-ку¸ деган саволга ғалати, мужмал ва пафосли жавоб чиққан. Яъни якун ўхшамаган. Оммавий саҳналарда зўракилик бор. Фильмдаги ровий образи яхши чиқмаган. Ровий ролини ўйнаган актëр, менимча, тўғри танланмаган. Туркча сериалларга тақлид кўзга ташланади¸ деган блогер асарнинг ютуқларига ҳам тўхталди.

- Тарихий фильм суратга олиш осон эмас. Эплашган. Таъсирли жойлар бор. Лекин бир ярим соат кам. Сериал қилиш керак эди. Икки мутахассиснинг қарама-қарши аргументлар орқали тарихни очиши яхши чиққан. Артист Улуғбек Қодиров Исломхўжа ролини яхши ижро қилган. Бир сўз демай, фақат кўзи билан "гапирган" образлар – топилма! Тасвир чиройли! Айниқса, full HD форматда лабдаги ботокслар жуда билиниб қолар экан. Оператор яхши ишлаган, дейди суҳбатдош.

Яна бир блогер ва киношунос Иқбол Қўшшаева ўзининг Facebookдаги саҳифасида фильмга «тарғибот ролиги» деган ëрлиқ ëпиштиради.

“Исломхўжа” тарихий-публицистик фильмини ҳадик билан кўришни бошладим. Хавотирим барибир рўй берди. Оҳорсиз шукроналик! Бу кунларга қуллуқ. Одатда кинотеатр илмида шундай сабоқ бор: “Актёр, сен йиғлама. Томошабин йиғласин”. Шукроналик айтиш-айтмасликни томошабиннинг ўзига қўйиб беринг. Бу кино илми учун оддий алифбо-ку!Киноижодкорлар, сиз расмий газитнинг биринчи саҳифасига мақола ёзмаяпсиз! Ёки бошланғич синф боласига миллий ғоядан сабоқ бермаяпсиз! "Бахтлар водийсининг қизисан, шуни унутма" деб таъкидламанг. Исломхўжанинг фожиасини "унуттириб", залдан "истиқлол эркатойи" бўлиб чиқишга мажбурламанг. Ўйлатинг, фикрлатинг, юракка дардни солинг. Бошқаси бекор»¸ дея ëзади блогер.

Фильмни суратга олган Жаҳонгир Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда бу каби эътирозларга жавоб берди. Аҳмедовга кўра¸"бадиий публицистик асарда миллатга маърифат тарқатиш унсури бўлгани мақбул иш".

Унинг Озодликка айтишича, бу фильм “хон ўлимидан кейин таназзул ичида қолган ўлкадаги иқтисодий-сиëсий ислоҳотлар ўтказган Исломхўжа (1872-1913) ва унга қарши бўлган аксилислоҳотчи Матвафо Баққолов ўртасидаги зиддият ҳақида ҳикоя қилади.

Фильм сценарийсини ëзган драматург Жўрабек Рўзметов Озодлик билан фильмни суратга олиш жараëнида қилган суҳбатдида “ислоҳотга муҳтож Хива хонлигини ўзгартиришга урингани ортидан 1913 йилда сўйиб кетилган Исломхўжа тақдири кинонинг асосий мавзусидир деган эди”.

- Фильм Хивани 40 йил бошқарган Муҳаммадраҳимхон ўлими саҳнаси билан бошланади. Исфандиëр хон қилиб кўтарилса-да¸ амалда мамлакатни ëш Бош вазир Исломхўжа бошқарарди. Исломхўжа 26 ёшида Ферузхоннинг Бош вазири сифатида яна Хивада иш бошлаган эди. Исфандиëрнинг илк фармонида «бозорларни тартибга солиш¸ кўприклар қуриш¸ йўлларни обод қилиш, вақф ерларни қайта ҳисоблашни Исломхўжа топширдик», дейилади. Фильмда Исломхўжа амалга оширган 10 та тадбир жамиятни ўзгартира бошлагани ҳақида гап боради¸ деган эди Рўзметов.

Суҳбатдошга кўра¸ Исломхўжа давлат хазинаси ҳисобидан илк бора ер тузиш, йўл қурилиши, почта алоқаси, тиббиёт ва агрономия хизматини ташкил қилади. Ватандошларни ер солиғидан озод қилади¸ маҳбусларни ўрта аср услубида жазолашни бекор қилади. Беморларни даволаш учун замонавий касалхоналар қурдиради. Диндорлар тасарруфидаги вақф ерлар даромадини маданият ва маорифни ривожлантиришга сарфланишини таъминлайди. Аҳолининг давлат учун йилда 12 кун текин ишлаб бериш амалиëтини бекор қилади. Хивадан ташқари Янги Урганч, Шовот, Гурлан, Қўнғирот, Қўшкўпир ва Мўйноқ шаҳарларида жадид мактаблари ташкил қилади. Бу мактабларда физика¸ математика¸ рус тили¸ чизмачилик каби аниқ фанлар ўқитилишини фармон билан белгилаб қўяди.

Бу ислоҳотлари қадимчиларга ëқмаган Исломхўжа Матвафо Баққолов каби аксилилоҳотчилар томонидан қатл этилади.

Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг Озодликка айтишича¸ “Бош вазир Исломхўжа” фильмининг Ўзбекистон Мустақиллик байрами арафасида мамлакат катта экранларига чиқарилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG