Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

OzodTa'sir: Москвада ўзбекларни калтаклаган полициячилар ишдан олинди, ўндан ортиқ раҳбарга интизомий жазо берилди


Илҳом Холматовнинг (суратда) оёғи синган ва мияси чайқалган.
Илҳом Холматовнинг (суратда) оёғи синган ва мияси чайқалган.

Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида ўзбекистонлик муҳожирлар ўтирган квартирага бостириб кирган ва муҳожирларни калтаклаган икки нафар полициячи ишдан олинди.

Москва вилоят полициясининг 2 октябрдаги расмий баёнотида “Хизмат текшируви натижасида Балашиха полиция бўлими жиноят қидирув бўлинмасининг икки тезкор ходими ишдан олинди. Улар қонунчиликда белгиланган тартибда жазога тортиладилар”, деб билдирилди.

Бундан ташқари Балашиха полиция бўлими раҳбарига интизомий жазо белгиланиб, эгаллаб турган лавозими пасайтирилган. Балашиха полициясининг ўн нафар раҳбар ходимларига нисбатан ҳам интизомий жазо қўлланилган.

Озодлик радиоси Балашихада 24 сентябрь куни бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида мақола эълон қилгани ортидан 25 сентябрда Балашиха полициячиларига нисбатан хизмат текшируви бошланган эди.

Мақолада айтилишича, 20 сентябрь, кеч соат 10 ларда ўзбек муҳожирлари ўтирган квартирага маҳаллий полиция бостириб кирган. Улар бу хонадонда 10 кило наркотик модда борлигини иддао қилиб, муҳожирларни калтаклай бошлаган. Муҳожирлардан икки нафари 2- қаватдан сакраб, қочмоқчи бўлган ва оғир жароҳатлар билан реанимацияга ётқизилган.

Иккинчи қаватдан қулаган икки ўзбекистонлик беҳуш ҳолатда пастда ётган ва уларни ўтиб кетаётган тожикистонлик бошқа мигрантлар кўриб қолиб, "Тез ёрдам" чақирган.

"Тез ёрдам" келиши биланоқ, мигрантнинг квартирасида бўлган 3 полициячи подъезд ичкарисида кутиб турган бошқа шериклари билан ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Москва вилоят Ички ишлар бошқармаси Озодлик радиосига ўзбек муҳожирларига қилинган ҳужум юзасидан хизмат суриштируви ўтказилишига ваъда берган эди.

XS
SM
MD
LG