Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

Москвада полиция таъқибидан қочган ўзбек реставраторлари 2- қаватдан сакраб бели синди (ВИДЕО)


Илҳом Холматовнинг (суратда) оёғи синган ва мияси чайқалган
Илҳом Холматовнинг (суратда) оёғи синган ва мияси чайқалган

Москва областидаги Балашиха шаҳрида ўзбек муҳожирлари ўтирган квартирага маҳаллий полиция бостириб кириши оқибатида 2- қаватдан сакраб, қочмоқчи бўлган икки ўзбекистонлик оғир жароҳатлар билан реанимацияга ётқизилди.

Ўзларини “жиноят қидирув бўлими ходимлари” деб таништирган шахслар эртаси куни касалхонага келиб, ўзбекистонликлардан “Ҳеч ким бизга дўқ-пўписа қилмаган” деган мазмундаги аризага қўл қўйдириб кетган.

Полициячилар хўрлагани айтилаётган ўзбеклар юқори малакали реставраторлар бўлиб, Москва Политехника музейи таклифи билан Россияга ишга чақиртирилган.

Ҳодиса 20 сентябрь, кеч соат 10 ларда содир бўлган.

Қирғизистонлик Элёрбек Умаров турган квартирага меҳмонга 4 ўзбек: Жасурбек Бегимов, Дилшод Темиров, Алишер Эргашев ва Илҳом Холматовлар келади.

Орадан бироз вақт ўтгач, уй эгаси тақиллаган эшикни очиши биланоқ хонага 3 полиция ходими бостириб киради ва хонадагиларни калтаклай бошлайди.

Илҳом Холматов ҳодисани бундай тасвирлайди:

- Овқатланиб ўтирувдик, тасодифан гражданскийлар келиб қолди ва “Уголовний розискман!”, деб болаларни ура бошлади. Менга пистолет кўрсатди ва отаман деди. У ёғини билмайман – қарасам, пастда ётибман, оёғим синган экан.

Россияда полициядан қочган икки ўзбек 2-қаватдан сакради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:37 0:00

Квартирани ижарага олган қирғизистонлик Элёрбек Умаров рухсатсиз бостириб кирган полиция ходимлари ҳужжат кўрсатмагани ва пул талаб қилганини айтди:

- Қирғизистонданман дейишим биланоқ бурнимга қараб шапалоқ тортди! Қайта-қайта ураётганида “Мен сенга нима қилдим?” деб сўрасам, “10 минг рубл берасан!”, деб айтди. Картамда 8 минг пул борлигини, эртага эрталаб банкоматдан чиқариб беришимни айтсам ҳам ураверди. Дилшод деган меҳмон йигит ҳам иккинчи қаватдан ташлаворибди ўзини – ҳозир реанимацияда.

Жасурбек Бегимов полициячилардан балконда эски буюмлар орасида яшириниб олади ва улар хонада қолган икки мигрантни калтаклашни давом этганига гувоҳ бўлади.

“Калтаклаш ва таҳқирлашлар 2 соатча давом этди” деди у.

Иккинчи қаватдан қулаган икки ўзбекистонлик бу вақт орасида беҳуш ҳолатда пастда ётган ва уларни ўтиб кетаётган тожикистонлик бошқа мигрантлар кўриб қолиб, "Тез ёрдам" чақирган.

"Тез ёрдам" келиши биланоқ, мигрантнинг квартирасида бўлган 3 полициячи подъезд ичкарисида кутиб турган бошқа шериклари билан ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Озодлик Балашиха марказий туман касалхонасининг 2-реанимация бўлимида оғир аҳволда қолаётган Дилшод Темировнинг тос суяги, умуртқаси, қўли ва бармоғи сингани, иккинчи қаватдан сакраган яна бир ўзбекистонлик мигрант – Илҳом Холматовнинг ўнг оёғи сингани ва мияси чайқалганини аниқлади.

Жароҳатланган ўзбеклар Балашиха касалхонасида қолмоқда
Жароҳатланган ўзбеклар Балашиха касалхонасида қолмоқда

Илҳом Холматовнинг Озодликка айтишича, форма кийган худди ўша полициячилар майор унвонида бўлган бошлиқлари билан эртаси куниёқ реанимацияга бостириб келган:

- Иккитаси кириб, “Сизлар ўзларинг ташлагансизлар”, деди. Иккита ўрис кўрган экан биз сакраганимизни!

Озодликка қўшимча маълумот берган жабрланганларнинг яқинларидан бири калтакланган йигитларга босим давом этмоқда, деди. У ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, Балашиха шифокорлари Темировнинг жарроҳлик операцияси учун олдиндан пул ўтказишни талаб қилаётганини маълум қилди.

- Бостириб киргани сабабини улар айтяпти: “Бизлар 10 кило наркотик бор бу ерда деб эшитиб келдик!” 10 кило бўлса гувоҳлар, видеокамералар билан келмайдими?! Уголовний розискдан биттаси келиб, “Ўзим сакрадим, ҳеч ким мени итарвормади!” деб ёзасан деб, 4 марта келди. Шкафдек катта мелисани олиб келди, кейин доғистонлик болалар келиб “Ариза ёзмаларинг, ҳал қилиб берамиз, кетишгача пулларингни олиб берамиз”, деди, деди муҳожирларнинг яқинларидан бири.

Исмини очиқламаган ўзбекистонликнинг айтишича, даволовчи врач “Бу қиммат операция бўлади, пулини тўла, бўлмаса олиб чиқиб кет!” дея умуртқаси синган Дилшод Темировни олиб кетишни талаб қилмоқда.

Озодлик ишончли расмий манбалардан аниқлашича, ўзбекистонлик муҳожирлар операциясига кетадиган маблағ Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москвадаги ваколатхонаси томонидан тўлиқ тўлаб берилади.

Балашиха шаҳар полиция бўлимида ўзбек муҳожирлари масаласида Озодлик жўнатган сўровга вилоят Ички ишлар бошқармасига расмий мурожаат билан чиқишни тавсия қилишди.

Москва вилоятининг Ички ишлар бошқармаси оператив навбатчиси Кисленко ўзбек муҳожирларига қилинган ҳужум юзасидан маълумотни қабул қилди ва хизмат суриштируви ўтказилишига ваъда берди.

Ўзбек муҳожирлари ҳимояси билан шуғулланувчи ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик жабрланган ўзбекистонлик мигрантлар номидан Москва вилоят Тергов қўмитаси бошқармаси, вилоят Ички ишларининг Ички назорат бўлими ва Москва вилоят прокуратурасига ариза юборилганини билдирди.

Валентина Чупик ўзбек муҳожирлари жиддий хафв остида қолаётгани, зеро улар “наркотик сотиш” ёки бошқа жиноятларга алоқадорликда айбланиши мумкинлигини ҳам инкор этмади:

- Ахир бу Россия судлари! Жуда осонлик билан бу айбловларни амалга ошириш мумкин. Улар болалар хонасида биринчи марта тополмаган наркотикларни кейин топганини айтиши мумкин. “Бу ўзбеклар бизларга қаршилик кўрсатди, урди!”, дейди. Ахир Россия судларининг ҳақиқий судловга ҳеч қандай алоқаси йўқ – бу полиция олиб келган барча айловларни тасдиқлаб берувчи идорадир.

Мигрантлар ҳимоячиси ўзбек муҳожирларига ҳужум қилган, пистолет билан қўрқитиб, пул талаб қилган ва уларни жароҳатлаган ходимларга нисбатан жиноят иши очилишини талаб қилиб чиққанини қўшимча қилди.

Аниқланишича, полициячилар хўрлагани айтилаётган ўзбек ишчилар юқори малакали реставраторлар бўлиб, Москва Политехника музейи таклифи билан Россияга ишга чақиртирилган.

Улар шаҳар музейларида реставрация ишлари билан шуғулланиб келган.

XS
SM
MD
LG