Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:26

Хьюман Райтс Вотч давлатга хиёнатда айбланаётган собиқ ўзбек дипломатини қамоқдан озод этишга чақирди


Ташқи ишлар вазирлигининг давлатга хоинликда айбланаëтган собиқ мулозими Қодиржон Юсупов.
Ташқи ишлар вазирлигининг давлатга хоинликда айбланаëтган собиқ мулозими Қодиржон Юсупов.

Хьюман Райтс Вотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини руҳий касал экани айтилаётган собиқ дипломат Қодиржон Юсуповни зудликда қамоқдан озод этишга чақирди.

67 яшар Юсупов 2018 йилнинг декабрида “давлатга хоинлик қилиш”да айбланиб қўлга олинган эди. Хьюман Райтс Вотч ташкилоти қамоқда унга ноинсоний муносабатда бўлингани ва қийноқларга солинганини билдирмоқда.

“У дипломатик хизматдан 10 йил аввал кетган ва айни пайтда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкентдаги тергов изоляторида сақланмоқда. Юсуповни суд ҳукми ўқилгунига қадар озод этиш лозим (суднинг биринчи мажлиси 17 июнга белгиланган). Ҳукумат, шунингдек, унга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлингани, жумладан, қийноқ қўлланилгани борасидаги мурожаатлар юзасидан пухта, холис ва шаффоф тергов ўтказиши шарт”, дейилади Хьюман Райтс Вотч 12 июнь куни тарқатган баёнотда.

Қодиржон Юсупов Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 27 йил ишлаган. У ўз фаолияти давомида турли лавозимларни эгаллаган, жумладан, Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги элчиси бўлган. 2009 йилда у истеъфога чиққан ҳамда мамлакат ички ва ташқи сиёсати ҳақида таҳлилий мақолалар ёза бошлаган.

Озодлик радиоси жорий йилнинг 12 март куни Қодиржон Юсуповнинг яқинларига таянган ҳолда, узоқ йиллардан бери руҳий хасталикдан азият чекиб келаëтган дипломат Республика Тез ёрдам илмий марказида даволанаётган пайтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинганини хабар қилган эди.

Яқинларининг айтишича Юсупов 2018 йилнинг 3 декабрь куни тонгда Тошкент метрополитенининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлаган, аммо тасодиф билан омон қолган.

Бошидан қаттиқ лат еган собиқ дипломат¸ оила-аъзоларига кўра¸ бу воқеадан кейин тушиб қолган руҳий транс ҳолатида "Ғарб давлатлари жосуси” экани ҳақида алжирай бошлаган ва касалхонага етиб келган ДХХ ходимлари ана шу “иқрор” асосида унга қарши жиноий иш очиб¸ собиқ мулозимни Жиноят Кодексининг 157-моддасида кўзда тутилган жиноятда айбламоқда.

Қодиржон Юсупов¸ 10 декабрь куни ДХХ тергов изоляторига ўтказилган. Юсупов ишини тергов қилаëтган ДХХ терговчиси Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда изоҳ берилмаслигини айтган¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси эса “ишнинг процессуал қонунчиликка мувофиқ олиб борилаëтганини” билдирган эди.

Хьюман Райтс Вотч ташкилоти баёнотида айтилишича, деярли беш ойдан бери Юсуповнинг олдига адвокати киритилмаяпти. Терговчилар ундан адвокатдан воз кечишни талаб қилишган.

Маҳбуснинг яқинлари Хьюман Райтс Вотч ташкилотига Юсупов қамоқда муттасил руҳий босимга учраётгани тўғрисида айтиб берганлар.

Юсупов қариндошларига 2018 йилнинг 10 декабридан бери унинг камерасига кунига 2-3 марта ДХХ ходимлари кириб келишлари ва уни резина тўқмоқ билан жинсий зўрлаш, хотинини ва қизини зўрлаш, ўғилларини қамоққа олиш билан таҳдид қилаётганларини айтган.

XS
SM
MD
LG