Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:20

Ҳукумат ëллаган немис журналистлари Ўзбекистон ҳақида танқидий мақолалар ëзди


Бу мақола "Оқ олтин қуллари" деб аталади
Бу мақола "Оқ олтин қуллари" деб аталади

Ўзбекистон президентининг январь ойида Германияга ташрифи арафасида расмий Тошкент Берлиндаги пиар агентлиги билан “мамлакатни васф қилиш” борасида шартнома тузди.

Берлинда фаолият олиб борадиган GPRC German PR​ and consulting group GmbH​ немис журналистларини Мирзиёевнинг Германияга ташрифидан олдин Ўзбекистонга йўллади.

Ёлланган журналистлар Ўзбекистоннинг юқори лавозимли мулозимлари билан суҳбатлар ўтказди.

Ўзбекистон президентининг ташрифи кунлари бу журналистларнинг мақолалари немис матбуотида нашр қилинди.

Мақолаларда "васф қилишдан кўра танқидий таҳлил аломати кўпроқ дейди" германиялик таҳлилчи Эккеҳард Маас Озодлик билан суҳбатда.

Берлиндаги GPRC German PR and consulting group ширкати раҳбари ва асосчиси Константин Пановко Озодлик билан 23 январь кунги суҳбатда "Мақсад Ўзбекистонни мақташ эмас, балки у қандай бўлса, шу шаклда Германияга танитиш," дея таъкидлади.

Пановконинг яна айтишича¸ у раҳбарлик қиладиган пиар ширкати "журналистлар ëзган мақолалар мундарижаси ва мақола фокусига ҳеч бир тарзда таъсир кўрсатмаган".

Ўзбекистондаги пахта қуллари

Ўзбекистон президенти Германияга сафар қиларкан нуфузли Frankfurter Rundschau Rheinpfalz ва Badische Zeitung каби газеталарда ва яна ўнлаб кичикроқ маҳаллий нашрларда пиар агентлиги тарафидан ëлланган журналистларнинг мақолалари нашр этилди.

Пиар агентлик тарафидан ëлланиб, Ўзбекистонга борган журналистлардан бири 34 яшар Феликс Лилл (Felix Lill) ëзган мақола “Оқ олтин қуллари” деб аталади.

Германиянинг нуфузли Frankfurter Rundschau газетасида чоп қилинган бу мақола Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев ва инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниëзовалар билан суҳбат асосида тайëрланган.

Бу мақоланинг тагида пиар ширкат молияси асосида ëзилгани эслатилган.

Германиялик таҳлилчи Эккеҳард Мааснинг айтишича, "мақтовли мақола немис зеҳнияти тарафидан деярли қабул қилинмайди. Акс таъсир бериши ҳам мумкин. Танқидий бўлса ҳам бу мақолалар орқали немис жамоатчилигида Ўзбекистон ҳақида объектив тасаввур" пайдо бўлади.

Расмий Тошкент ëллаган немис журналистларидан бири Феликс Лилл мақоласида инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниëзованинг Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳақидаги танқидий фикрларига кенг ўрин берилган.

Ниëзованинг Озодликка билдиришича¸ мақолалар юксак журналистик тамойиллар асосида ëзилган:

- Агар тескариси бўлганида нуфузли немис газеталари буни босмасди. Шу пайтгача Украина¸ Қозоғистон ва Озарбайжон ҳукуматлари самарали қўллаб келган услуб¸ яъни пиар агентлик ëрдамида мамлакат имиджини яхшилаш услубини Ўзбекистон ҳам қўллай бошлади. GPRC агентлиги - ўз вақтида қамоқда жазо ўтаган украин сиëсатчиси Юлия Тимошенкони сиëсий тутқун ва мазлум дея Ғарб жамоатчилиги фикрини ўзгартира олган кучли ширкат. Бу ширкат ëллаган журналистлар ëзган мақолаларни ўқиган одамда Ўзбекистон ҳақида мутлақ позитив фикр уйғонмаса керак деб ўйлайман, дейди Ниëзова.

Берлиндаги GPRC German PR and consulting group ширкати раҳбари ва асосчиси Константин Пановко Озодлик билан 23 январь кунги суҳбатда "Ўзбекистон ҳақида мутлақ мақтовли мақола ëзиш мақсади қўйилмаганини" таъкидлади.

- Мақолалар мазмунини биз муҳокама қилмаймиз. Сиз эътибор берганингиздай мақолалар танқидий руҳдадир. Бу яхшими ëки ëмонми? Давлат консалтинг ширкат ëллаб мақола ëздириши яхшими? Биласиз, Ғарбда ишлаш бўйича катта тажрибага эга давлатлар бор. Шу билан бирга айни масалада камроқ тажрибага эга давлатлар бор. Шу маънода бизнинг маслаҳатимиз Ўзбекистон учун фойдали бўлди, деб ўйлайман. Танқидий мақолалар чиқса ҳам. Мақсад Ўзбекистонни борича танитиш эди. Бу мақсадга қанчалик эришганимизни эса немис ўқувчиси белгилайди, дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон марҳум президент Каримов тарафидан бошқарилган 25 йил давомида барча халқаро ҳисобот ва Ғарб матбуотида мажбурий меҳнат ва инсон эркинликлари борсида “ëмонларнинг ëмони” дея аталган.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиëев даврига келиб "ўзгараëтган ва очиқлик сари интилаëтган реформатор етакчи" ҳақидаги фикрлар матбуот сарлавҳаларига чиқди.

Германиядаги Süddeutsche Zeitung газетасининг редакцион мақоласида Мирзиëев "Марказий Осиëдаги перестройка етакчиси" дея мақталди.

XS
SM
MD
LG