Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

"Zeromax" нинг немис кредиторлари ўн йиллик қарз муаммоси ҳал бўлганини айтди


Вальдемар Киснер Ўзбекистондаги янги лойиҳалар борасида битим тузганидан мамнун.
Вальдемар Киснер Ўзбекистондаги янги лойиҳалар борасида битим тузганидан мамнун.

Ўзбекистондаги “Халқаро форумлар саройи” ва “Бунëдкор” стадиони қурилишларини амалга ошириб пулини ола олмаган 24 та немис ширкатини тамсил қилган 53 яшар тадбиркор Вальдемар Киснер Озодлик билан суҳбатда эски қарзлар масаласида Ўзбекистоннинг янги раҳбариятига талаби йўқлигини айтди.

Суҳбат давомида немис тадбиркори Ўзбекистон ҳукуматига эътирози йўқлигини урғулаб¸ “Ўзбекистон ҳукумати эмас Швейцариянинг “Zeromax” ширкати биздан қарздор” деди. 14 январь куни Берлиндаги немис-ўзбек бизнес форумида қатнашиб¸ юқори мансабли ўзбек амалдорлари билан немис кредиторлари масаласини муҳокама қилган Вальдемар Киснер Ўзбекистондаги янги лойиҳалар борасида битим тузганидан мамнун.

Сарой қурилиши жараëни
Сарой қурилиши жараëни

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг Германияга ташрифи арафасида йирик немис газетаси Süddeutsche Zeitung (Зюддойче Цайтунг) Тошкентдаги ҳашаматли сарой қурилишида иштирок этган немис ширкатлари шартнома бўйича ўнлаб миллионлаб евро миқдордаги ҳақларини ҳануз олишолмаётгани ҳақида ёзган эди.

Мақола муаллифи Даниэль Брёсслер, Тошкентдаги “Халқаро форумлар саройи” қуриб битказилганидан ўн йил ўтиб ҳам, миллионлаб евро ҳақлари берилмаган ўртаҳол немис ширкатлари, бугунга келиб сиёсатчиларнинг ёрдамидан умидвор эканини таъкидлади.

Бу аснода "Эркин Демократлар" партиясидан парламент аъзоси Рената Алт (Renata Alt) Германия федерал ҳукуматига, президент Мирзиёев билан учрашувда қарзлар масаласини кўтариш юзасидан сўров жўнатгани ўртага чиқди.

"Эски қарзлар учун янги раҳбарият айбдор эмас"

Тошкентдаги "Халқаро форумлар саройи" ва “Бунëдкор” спорт парки (Бунëдкор стадиони назарда тутилмоқда - таҳр.) қурилиши учун ўн йилдан буён ўз иш ҳақларини ололмаëтган 24 ширкатни тамсил қилган Вальдемар Киснер "ҳақ тўланмаганлик” масаласи икки давлат иқтисодий алоқаларига соя солмаслиги зарур¸ деди:

- Аввалига рақaмларга аниқлик киритсам. Умумий қарз газетада ëзилганидек 130 миллион эмас 72 миллион евро. Бунинг 60 миллиони “Форумлар саройи” ва 10 миллиони “Бунёдкор” спорт парки учун. Бу иншоотларни қуриш учун биз 2009 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан эмас¸ Швейцариядаги “Zeromax” ширкати билан шартнома тузганмиз. “Zeromax” ширкати раҳбари қамоққа олиниб, ҳисоб рақaмлари музлатилгани ортидан 24 та немис ширкатига ҳақ тўланишининг имкони бўлмади. Бугунги кунга келиб “Zeromax” ширкатининг немис кредиторлари олдидаги қарзи 72 миллион евро. Мен Ўзбекистонда 20 йилдан бери фаолият олиб бораман. Бугунги мавзумиз бизга қарздор бўлган ширкат ҳақида. Ҳозир бу қарзни қайтариш имкони пайдо бўлди¸ дейди тадбиркор.

“Қамоқдан чиққан Миродил Жалолов билан учрашдим”

“Халқаро форумлар саройи” қурилишига раҳбарлик қилган Вальдемар Киснер жорий йилнинг 8 январида ДХХ Тергов ҳибсхонасидан озод қилинган “Zeromax” ширкатининг собиқ бош ижрочи директори 53 яшар Миродил Жалолов билан Тошкентда учрашиб қарзларни узиш борасида гаплашганини айтади:

- Мен Миродил Жалолов билан Тошкентда учрашдим. У билан музокоралар олиб бордим. У мен учун “Zeromax” ширкати раҳбаридир. Биз Ўзбекистон давлатидан ҳеч нарса талаб қилмаяпмиз. Ҳуқуқий тарафдан биз Швейцариянинг “Zeromax” ширкати билан шартнома тузганмиз. Ҳозир банкрот комиссияси бу масалани кўриб чиқяпти. Фурсатдан фойдаланиб айтиб қўйсам. Ўзбекистон ҳукуматига ҳуқуқий тарафдан ҳам¸ маънавий тарафдан ҳам эътирозу - шикоятимиз йўқ. Шу боис Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Германияга келганида¸ бу масала кун тартибига киритилмаслигини истаймиз¸ дейди тадбиркор.

24 та немис ширкатини тамсил қилган 53 яшар тадбиркор Вальдемар Киснер
24 та немис ширкатини тамсил қилган 53 яшар тадбиркор Вальдемар Киснер

Парламент депутати қизиқмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20-22 январь кунларидаги Германияга расмий ташрифи доирасида Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар ўтказиши режаланган.

"Эркин Демократлар" партиясидан парламент аъзоси Рената Алт (Renata Alt) Германия федерал ҳукуматига, президент Мирзиёев билан учрашувда қарзлар масаласини кўтариш юзасидан сўров жўнатгани ҳақида немис матбуоти ëзди.

Мавжуд қоидага кўра¸ Бундестаг раиси фракция сўровини кун тартибига қўйиши керак. Яъни немис кредиторлари борасида Ўзбекистон президентига савол берилиш эҳтимоли кўпроқ. Айни қарзлар масаласига бевосита алоқадор бўлган немис тадбиркори Вальдемар Киснер бу масалага сиëсий тус берилмаслигини истайди:

- Ҳар қандай сиëсий тизим таркибида оппозиция бўлади. Депутат Рената Алт хоним бу мавзуни кўтариб ўзига эътибор қаратмоқчи. Вазиятни билмасдан бу хоним очко ишлашни кўзлаган деб ўйлайман. Қарзлар масаласи ҳал бўлди. Мен сизга гувоҳ сифатида айтмоқдаман. Мен¸ боя айтганимдек¸ 20 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият юритаман. Ўзбекистонда бугун қандай улкан ўзгаришлар бўлганини кўриб турибман. Икки йил ичида мамлакат очиқликка юз бурди. Биз Ўзбекистондаги янги бунëдкорлик лойиҳаларида қатнашиш учун таклиф олдик. Биз ўтмишга эмас келажакка қараймиз. Биз ўзбек раҳбарияти билан учрашдик. Улар ҳам бизга ишонч билдириб бунëдкорлик ишларига бизни яна қўшишди. Биз мамнуният билан таклифни қабул қилдик. Биз ўтмишда йўқотган маблағимизни янги проектларда қатнашиб ошиғи билан ишлаб топамиз. Жуда оддий ечим топди бу муаммо. Биз эски қарзларни янги раҳбарият зиммасига юкламоқчи эмасмиз¸ дейди немис тадбиркори.

Суҳбатдошга кўра¸ у тамсил қилган ширкат Ўзбекистонда тиббий клиника ва газни қайта ишлаш корхонаси қуриш учун битим имзолаган.

Ташриф олдидан ўтказилган немис-ўзбек форумидан расм
Ташриф олдидан ўтказилган немис-ўзбек форумидан расм

Президент қарорига кўра қурилган сарой

Ўзбекистонда сўнгги 20 йил ичида қурилган бинолар ичида энг қиммати дея билинган “Халқаро форумлар саройи” 2009 йилда Тошкент марказидаги Амир Темур майдонида тикланган эди.

“Zeromax” компаниясига қарашли “Нефтгазмонтаж” ОАЖ қўшма корхонаси эса сарой қурилишининг бош пудратчиси бўлган. Бу корхона сарой металл конструкцияларининг монтажи ва ички пардозлаш ишларини бажариш учун Германия компаниялари билан шартнома тузган.

Яъни, бу ишларни немис ишчилари бажарган, қурилишда улардан ташқари бошқа пудратчилар ҳам қатнашган. Қурилиш қиймати ҳақидаги маълумотлар ошкор этилмаган.

Süddeutsche Zeitung газетасида ëзилишича¸ бинода бир миллион юз минг дона Сваровски шишалари ишлатилган.

Бинода бир миллион юз минг дона Сваровски шишалари ишлатилган.
Бинода бир миллион юз минг дона Сваровски шишалари ишлатилган.

"Zeromax" сарой қурилишини марҳум президент Ислом Каримовнинг 2008 йил 5 июнь куни имзолаган “Тошкент шаҳрида форумлар саройи қурилиши тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширган.

Айни пайтда "Халқаро форумлар саройи" мамлакатдаги асосий сиëсий тадбирлар ўтадиган сарой ўлароқ давлат тасарруфига ўтган.

XS
SM
MD
LG