Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:46

ШҲТ саммитида Шинжондаги мусулмонлар тақдири муҳокама қилинмайди


Хитойдаги "сиёсий қайта тарбиялаш лагери".
Хитойдаги "сиёсий қайта тарбиялаш лагери".

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистон пойтахти Бишкекда жорий йил 14-15 июнь кунлари ўтадиган навбатдаги саммитида Шинжон -Уйғур мухториятидаги уйғурлар, этник қозоқ ва қирғизларга Хитой ҳукумати томонидан босим кўрсатилаётгани масаласи муҳокама қилинмайди.

ШҲТ саммитида Шинжондаги мусулмонлар тақдири муҳокама қилинмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Данияр Сидиков матбуотга мана шундай мазмунда баёнот берди.

БМТнинг 2018 йил август ойида ўтказган текшируви натижасида Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллионга яқин мусулмон «экстремизмга қарши кураш» баҳонасида «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани аниқланган. Хитой бу маълумотларни инкор қилиб келаётган эди.

Хитойга қўшни бўлган Қирғизистон ва Қозоғистонда бунга қарши қатор намойишлар ўтказилди. Бишкекда ўтган сўнгги митингларда эса мамлакатдан хитойликларни депортация қилиш, “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётган этник қирғизларни ҳимоя қилиш талаб этилди.

Қозоғистон ҳукумати жамоатчилик босими остида Хитой билан босимга учраётгани айтилган 2 минг нафар этник қозоқни Қозоғистонга чиқарилиши тўғрисида келишувга эришилганини билдирди.

Бироқ Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Данияр Сидиков Хитойдаги этник қирғизларнинг ҳуқуқларини талаб қилаётганларни “қўшни давлат билан муносабатларни ёмонлаштиришга ҳаракат қилувчилар”, деб атади.

-Бу масалада маълумот тарқатаётганлар икки давлатнинг муносабатларини бузмоқчи бўлаётганлардир. Ҳар бир давлат қонунни бузган фуқаросини жазога тортишга ҳақли. Мустақилликдан то шу кунгача Қирғизистон фуқаролигини Хитойдан келган 268 одам қабул қилган. Улардан бирортасининг ҳуқуқи Хитойда бузилмаган. Агар Хитой фуқароси бўлган этник қирғизлар қўлга олинаётган бўлса, бунга биз аралаша олмаймиз. Бу Хитойнинг ички иши,-деди Данияр Сидиков.

Қирғизистонлик фаоллар эса ҳукуматни бу масалани ШҲТ саммити кун тартибига киритишга чақирмоқдалар. Уларнинг фикрича, ШҲТ халқаро ташкилот бўлгани учун ҳам унинг доирасида инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам кўтарилиши шарт.

-Қозоғистон ҳукумати яқинда Хитойдаги лагердан икки минг нафардан кўпроқ этник қозоқни чиқариб олгани тўғрисида хабарлар берилди. Қирғиз ҳукумати эса бу масалада ҳозиргача нима иш қилгани номаълум бўлиб қолмоқда. ШҲТга жорий йилда раислик қилаётган Қирғизистоннинг саммит кун тартибига Шинжондаги вазиятни муҳокама қилиш масаласини киртиш имконияти бор, -деди Қирғизистоннинг собиқ омбудсмени Бакит Аманбаев.

Халқаро ҳамжамият босими остида Хитой 2018 йилнинг 28 декабридан 30 декабригача Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Афғонистон, Ҳиндистон ва яна 6 давлатнинг Хитойдаги дипломатик миссиялари вакилари ҳамда хориж журналистларига Шинжон-Уйғур мухториятидаги "қайта тарбиялаш лагерлари”ни очган эди.

Айни пайтда Хитойдаги “қайта тарбиялаш лагерларида” ҳукумат мулозимлари ва махсус хизматлар кузатувида журналистларга интервью берган мусулмонлар бу лагерларга “экстремистик фикр юрита бошлаганини ҳис қилганларидан сўнг қайта тарбияланиш учун ўз ихтиёрлари билан ҳукуматга мурожаат қилганлари”ни айтганлар. Хитой ҳукумати эса лагерларда “қувноқ ҳаёт” кечаётганини намойиш этишга ҳаракат қилган.

Хитойлик ҳуқуқ фаоли Вуйер Каси ҳукуматнинг бу ҳаракатларини халқаро ҳамжамиятни алдаш деб баҳолаган:

-Келинг, асосий урғуни эсдан чиқармайлик. Хитой ҳукумати ҳар қанча уринмасин, лагерлардаги одамлар ўз ихтиёрларига қарши ҳибс этилганлари исботланган ҳақиқат, -дейди фаол.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Ҳиндистон аъзо давлат ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG